Пиримқул Қодиров. Эрк (қисса)
www.ziyouz.com кутубхонаси
18
Бир пайт улар Хадича Сулаймонова кўчасидан айланиб ўтиб, ўқувчилар саройининг
қаршисидаги очиқ кафега келдилар. Розия қачонлардан бери дам олмай пиёда юрган бўлсаам,
чарчоқлик сезмас эди. Саттор унинг қуруқшаб турган лабларига қараб:
— Чўллабсиз-а! — деди. — Ҳали овқат ҳам емагандирсиз? Ресторанга бора қолайлик.
— Мен оч қолганим йўқ. Шу ер яхши эмасми? Очиқ ҳаво.
Саттор Розияни четроқда турган столга бошлади. Хизмат ҳар кимнинг ўзидан экан. Саттор
ялтироқ маъдан вазачаларда мороженое келтириб қўйди.
— Ҳозир, — деб кулиб қайтиб кетди. У икки қўлида икки фужер тўла шампань виноси
билан Розияга қараб келаётган эди, ўнг томондаги столлар ёнидан кимдир уни чақирди. Саттор
юриб кетаётган бўйича ўгирилиб қаради. Чақирган одам унинг ҳамкасби Нодир Иноятов эди.
Нодирнинг ёнида ишхоналарининг бошлиғи Файзулла Бекназаров ҳам шампань ичиб салқинлаб
ўтирган экан. Улар иккови Сатторга синовчан назар билан тикилиб турар эди. Саттор тўхтаб
уларга томон бир-икки қадам ташлади.
— Уч марта ўтиб бизга қайрилиб қарамадинг-а! — деди Нодир. Унинг юпқа лаблари ва
кисиқ кўзларида гина аралаш киноя бор эди.
— Мен кўрмай қолибман! — Саттор Файзулла Бекназаровга узр сўрагандай қилиб қаради.
— Ҳа, кўзинг қамашиб кетганга ўхшайди, — деди яна Нодир. У бошлиқнинг номидан ҳам
киноя қилаётганга ўхшарди. Бекназаров индамас, аммо Сатторнинг яшнаб турган юзига, унинг
икки қўлида бижиллаб ўйнаётган икки фужер шампань виносига хиёл ҳайратланиб қарар эди.
«Хотиним, ўғлим борлигини, уларни олиб келаман деб уй сўраб ариза берганимни эслаётган
бўлса керак!» деган ўй Сатторнинг қалбини музлатиб ўтди.
У ўнғайсиз ҳолатдан қутулиш учун гапни ҳазилга бурди.
— Кўз қамашган йўқ-ку... лекин кўриб турибсизлар, ҳозир атрофга аланглайдиган пайтим
эмас.
— Ёнингда шундай қиз юргандан кейин атрофга аланглармидинг. Аммо балосан! — деди
Нодир ва серсоч бошини Розия ўтирган томонга силкитиб давом этди:
— Бу ҳў ўша... сен қутқарган қиз-ку. Ўзиям жуда очилиб кетибди. — Нодир Файзулла
Бекназаровга изоҳ берди — Саттор мана шу қизни деб пичоқ еган эди-да. Ўшанда мен ҳам
стадиондан чиқиб келаётувдим. Аммо, унда менга бунчалик гўзал кўринмаган эди. Ҳозир
жуда...
Саттор гапни тезроқ тамомлагиси келиб Нодирнинг сўзини бўлди:
— Қани, Файзулла ака, юринглар, бирга чанқоқ босди қилайлик...
— Йўқ, майли, сиз боринг, — деди Бекназаров. — Лекин энди... пичоқ-мичоқдан эҳтиёт
бўлинг. Бизга ҳам кераксиз.
Саттор кулиб, хайрлашиб кетаётган эди, Нодир унинг кетидан гап отди:
— Ҳа, сен бизга энг ростгўй, энг виждонли одам бўлганинг учун кераксан. Буни у қизга ҳам
билдириб қўй, дўстим.
Нодир Сатторнинг оиласи борлигини эслаб ва Розия ҳали буни билмаслигини сезиб истеҳзо
қилмоқда эди. Хотин-қизлар билан муносабатда виждонни ҳам, инсофни ҳам тан олмайдиган
Нодирнинг истеҳзоси Сатторга ўқдай тегди. У аччиқ бир жавоб айтгаси келиб кескин ўгирилди.
Шу пайт қўлидаги вино чайқалиб, озгинаси тўкилди. Бу Сатторнинг шаҳдини қайтарди. У
истеҳзоли илжайиб:
— Насиҳатлар учун раҳмат! — дея олди, холос. Саттор Розиянинг олдига қайтганида
рангидан қони қочиб, юзи бўзариб қолган эди. Аммо ўзини хушҳол кўрсатишга тиришиб:
— Қани, олдик, Розия, — деди. — Кечирасиз. Ҳамкасблар учраб гапга тутиб қолишди. Қани,
олинг!
Розия виноси ҳамон ўйнаб турган қадаҳни секин қўлига олди ва Сатторга боягидай меҳрли
кўзлар билан қаради. У Саттор билан биринчи марта уриштириб ичадиган қадаҳи умрбод эсда