www.ziyouz.com кутубхонаси
138
— Уйда иш кўп, — деди у ва оёкдарини сал узатиб, ёнбошидаги тошга тирсаклаб олди.
Унинг гавдаси кичик, оёқлари бўлиқ, ўзи бақувват ва миқти эди.
— Ичасизми? — деб сўрадим.
— Сўраб нима қиласиз. Бўлар иш бўлди, — деди у. Ва баҳайбат харсангга қараб алланечук
кулимсиради.
Пешонамдан тер чиқиб кетди, шампандан қуйиб тутдим. У тағин ютди-қўйди. Ўзим коньякдан
отдим. Сигарет тутатдим. Шу тариқа ҳалиги уят-андиша пардаси юздан туша бошлади. Ҳа, лабда
табассум, кўзлар биё-биё...
Ниҳоят сўрадим:
— Почтага кирганимда мени танибмидингиз?
У бирдан сергак тортди.
— Йўқ-йўқ, — деди. — Эгнингизда чопон... Танимадим. Кейин уялдим. Кейин нима бўлса бўлар деб
мошина ёнига чиқиб турдим. Онам билан гаплашгандим. У киши опамни кўргани қўшни районга кетиб
эдилар...
— Ҳим, тушундим... Бу тоғларимизни севасизми?
— Вей, албатта! — деди у гапимга ҳайрон қолгандай. — Отам чўпонлик қилганда, мен қўзи-улоқ
боққанман... Кейин бари молимизни сел олди. Отам касал бўлиб қолди. Ўнгланмади. Марказга тушиб
кетдик... — У тошга ўмровини тираб сой томонга боқди. — Шундай тунларда бемалол юрардим...
Ҳозир уйда свет ўчса, шабкўрга ўхшаб қолади одам. Ёмғир ҳам яхши: одамни ўстиради... Арчанинт
ҳиди келаяпти!
Сезмадим. Лекин: «Сиз ҳам шоир экансиз!» дейишимга оз қолди. Қизиқ-да: тун, арча, ёмғир
тўғрисида шундай жўнгина қилиб гапиргандики, шу жўнлиги билан мени ларзага солганди.
Ахир, биродар, мен ҳам севардим-да: тунни ҳам, ойни ҳам, ёмғир, қоялар, арча...
Сезаяпсизми, унинг табиатга қараши менинг қарашларимга мос келаётир!
Мен — дорилфунунни битирган, ҳаёт тажрибасига эга, оилали-фарзандди, тағин мавжуд
турмушнинг пасту баландига баҳоли қурат ақли етадиган одамнинг...
...табиатга муносабати бу қиз-жувон — Зумрадникидан деярли фарқ қилмас эди.
15
— Сиз, синглим, бу турмушдаги, мана, кўриб турган ўзгаришларга қандай қарайсиз?
Бу саволимдан кулманг, ҳайрон ҳам бўлманг: ахир, ўқувчилар билан учрашувларда ўн-ўн бир яшар
бо-лалар ҳам шу маънода савол беришади.
Ана шу кўникма туфайлими ёки Зумраднинг бу масалаларга ҳам муносабатини билиш менга қизиқ
туюлдими, балки унинг бу йўриғидаги қаноатларини ҳам ўзимникига мос тушишини истадимми — шу
саволни бердим.
— Э, мени қизиқтирмайди, — деди у чарслик билан. — Пошшолар кеп кетаверар экан. Сиёсатчи
деганларингиз ҳам... Райкомлар ҳам! Бари... — Кейин менга боқиб, майингина кулимсиради. — Мен
газета ўқимайман. Телевизордаям... кино бўлса кўраман. «Ҳайвонот оламида», «Оламга саёҳат».
— Яхши, жуда яхши, — дедим.
Зумрад энди оёқларини бемалол узатиб, ёнбошлаган эди, мен:
— Чопонни тўшай, чопонни, — дедим.
— Ўзингиз шамоллаб қоласиз, — деб қўйди у.
— Ҳа. Тўғри.
— Биласизми, нимага эргашдим сизга? — деб қолса бўладими шунда.
— Билсам, ҳар нарса бўлай!.. — дедим-у, бошни кўтаролмадим.
— Бола-чақангизни Тошкентга юбориб, бир ўзингиз тоққа кетганингизни эшитган эдим. Буни
кўплар билади... Ҳар ким ҳар хил гапиради. Бунинг устига, нуқул хафа кўриндингиз. Сизни кўплар
кузатди...
— Тушунарли, — дедим. Ва, тасаввур этингки, бунинг менга қизиқиб, ҳатто эргашиб чиқиши ҳам
менга анави... дейлик, Мисирнинг меҳр-оқибати, почтачи-ю ресторан хизматчиларининг
дилдорликларига ўхшаб кетди.
САЙЛАНМА. Шукур Холмирзаев. 2-жилд
Do'stlaringiz bilan baham: |