www.ziyouz.com кутубхонаси
135
Камарларга ёмғир-қор тушмайди. Ўт ёқиш учун эса хас-хашак, ўтин-чўп сероб.
«Газик» сойга тушиб, сувдан ўтди. Нариги бетдаги энг катта қоянинг қошига етдик.
— Тушамиз... Қаршилик йўқми? — дедим орқага сал бурилиб.
— Менга барибир, — деди аёл ўша дангаллигида.
— Яхши, — дедим. Ва беихтиёр, балки табиий тарзда шу фикрга келдим: «Бузуқ аёл... Майли, бироз
ўтирайлик. Қайтариб юбораман. Болтабой обориб Қўштегирмонга ташлаб келади. Ўзим ў-ўтираман
гулхан ёқиб...»
11
Мошинадан тушдик. Чироқлар ёритиб турган камарни кўрсатиб, одоб юзасидан:
— Бориб туринг, — дедим хонимга.
У «бориб туриш»ни ўзиям яхши биладигандек индамай ўша томонга йўналди. Биз Болтабой иккимиз
нима қилардик? Сўзсиз ўтин жамғаришга тушдик.
Бу ерда бултурдан қолган каврак, қуриган бодомча, тағин аллақандай тиканлар мўл эди. Хаш-паш
дегунча хонимнинг олдида ўртача одамнинг кўкраги баравари ўтин-чўп йиғилди. Болтабой унинг
устига чиқиб, бироз тепкилагач, пасайиб босилибгина қолди. Ниҳоят, камардан сал берирокда, ёмғир
тушмасдан қиялаб ўтаётган ерга ўтин-чўпдан босиб, гугурт чақиб тутдик. Зум ўтмасдан чирсиллаб,
тутун чиқариб гулханимиз ловуллай бошлади...
Мен бениҳоя хурсанд эдим: ахир, болалигим давомида минг бир марта қилган ишни тағин
такрорлаётган эдим. Ва менга шундай туюлардики, Тошкентда ҳам, анави туман марказида-ю тоғдаги
қишлоқда ҳам мана шундай ёввойича гулхан ёқиш етмаган экан.
Бунинг устига, ёнингда — ким бўлишидан қатъи назар, аёл киши бўлса...
Гулханнинг атрофига учта йирик-йирик тошларни думалатиб келдик.
— Марҳамат! — деб ўтирдим-у, аёлга қарадим. Ва... лол қолдим.
Қоя бағридан оппоқ, ёниқ бир чеҳра ўта қизиқиш билан қараб турарди!
Рўмолини бошидан тупшрган (иссиқ ўтган бўлса керак), бўйинлари, сочлари ҳам баралла кўринар,
бу қиз-жувон... нари борса, ўн саккиз-ўн тўққиз ёшда эди! Биласизми, бунақа юзни учратиш қийин:
кўзлари сал қийиқ ҳамда бир-биридан хийла йироқ жойлашган. Мўғилларнинг кўзини эслатади. Аммо
яноғи билинмайди, бунинг устига, ияги чувакроқ.
Бу бир ғалати — кўп қонлар томирида қоришиб юрган, нима десам экан, мўъжиза эди.
Ҳайрон бўлиб қопман. Мен уни «қиз-жувон» деб атадим, «аёл» деб гумон қилдим, «бузуқ хотин»
дедим. Бу бўлса...
Ҳа, айтмоқчи, лаблари юпқадан келган ва уларда майин хайрихоҳона, айни чоғда, қизиқиш тўла
табассум бор эди.
Тавба, лекин гаплари дангал, овози ўктам. Ҳатто қандайдир қўпол эшитилади...
— Келинг, ўтиринг, — дедим-у, у ёнбошида бўй чўзиб турган арчани суриб, бу ёққа чиқиши ҳамон
бошим айланиб кетгандек бўлди...
Do'stlaringiz bilan baham: |