www.ziyouz.com кутубхонаси
45
Мисс Клэри ўрнидан турди, сонларида букланиб қолган тор қора юбкасини тўғрилади.
Палмер биринчи марта эътибор берди: бўйи паст бўлишига қарамай, жуда хушқомат экан. Бу
унда қувончли иштиёқ уйғотди. Замонавий аёлларга ўхшамаган кичкинагина аёлни кўриш
қандай ёқимли.
— Сиз билан баробар иш вақти белгиласам бўладими? — сўради хоним.
— Бемалол.
— Жуда афсусдаман, — деди хоним Палмернинг кўзига тик қараб. — Буни қандай қилиб
яхшироқ тушунтирсам экан. Ҳалиги, ўша матбуот учун хабарни олдиндан сиз билан келишиб
олиш имконига эга эмасдим. Умид қиламанки, сизнинг келишингиз билан иш услубимиз анча
ўзгаради. Лекин мен яхши тушунаман, бунинг учун вақт керак ва бу эртагаёқ рўй бермайди.
Афтидан, мен етарли тарзда ошкора айтдим, шундайми?
— Ҳа, тушуниб турибман.
— Мак Бернсга келганда эса, шуни айтишим мумкинки, мен уни кўпдан бери биламан. Биз у
билан ҳамиша тил топишиб кетамиз, чунки журналистлар билан тил топишиш унинг
вазифасидир. Бошқа қўшадиган ҳеч гап йўқ.
— Розиман.
— Бор гап шу, — деди мисс Клэри сўзининг охирида.
— Жуда яхши айтдингиз, — деди Палмер. — Бир ёки икки кундан кейин мен кетаман. Аммо
байрамдан сўнг мен қайтиб келгач, кўпгина ишлар ҳақида мени яхшилаб хабардор
қилишингизга тўғри келади.
— Жуда соз.
— Раҳмат сизга, — деди Палмер.
Мисс Клэри эшикка қараб бурилди. Қандайдир сонияларда унинг лаблари сал очилди ва яна
ёпилди. Гўё у нимадир демоқчи бўлди-ю, воз кечди. Палмерга қараб жилмайди-да:
— Арзимайди, — деб эшикка қараб юрди.
Тўққизинчи боб
Бу йил Меҳнат куни иккинчи сентябрга тўғри келади ва Жерри доноларча қайд қилганидек,
уйдаги югур-югурни яна авж олдиради.
Миссис Кейж шаҳардаги уйда мавжуд буюмларни йиғиштириб тахлашга бош-қош бўлиш учун
Эванстонда қолди. Висконсиндаги шаҳар ташқарисидаги уйни Эдиснинг ўзи тартибга келтирди
ва қулфлаб қўйди. Ҳозирча бу уйни ҳеч бўлмаганда бир йил мобайнида сотиш ниятида
бўлмаганликлари учун бу ерда ҳеч қандай муаммо туғилмади. Тўғри, бир йилдан сўнг шу
масала яна кўтарилади, лекин ҳозир Палмер бу ишни бир оз орқага сурганидан хурсанд эди.
Эдис иккаласи шаҳар атрофидан ўзларига мақбул уй қидириб, икки дам олиш кунини
сарфлаган бўлишларига қарамай, Бешинчи авенюдан унча узоқ бўлмаган Етмишинчи кўчадаги
қўнғир қумтошдан тикланган данғиллама уйни олишга қарор қилишди. Бундай уйнинг нархи юз
минг доллардан ошиқ турарди, лекин Палмернинг уни ярим баҳосига сотиб олиш имкони бор
эди.
Данғиллама уйни кўздан кечириш пайтида унинг бу қадар арзон тушиши ўз маъносини
йўқотди, чунки уни таъмирлаш ва қайта қуриш учун сотиб олиш нархичалик пул кетиши
Палмерга маълум бўлиб қолди. Бироқ у, барибир, шу уйни сотиб олишга қарор қилди ва оиласи
билан ўша данғиллама уй яқинидаги мўъжазгина бир меҳмонхонага кўчиб ўтди. Эдис шу ердан
қайта қуришнинг боришини кузата оларди. Палмер болаларни Бентли мактабига жойлади.
Бундан у ўзини чинакам бахтли ҳисобларди. Зеро, шундай жиддий масала қийинчиликларсиз
ҳал бўлган эди.
— Ҳар ҳолда, бу борада анча омадимиз келди, — деди у Эдисга, бир куни эрталаб болалар
Банкир (роман). Лесли Уоллер
Do'stlaringiz bilan baham: |