www.ziyouz.com кутубхонаси
43
сингари бирорта улкан банк реклама ва ахборот бўлими раҳбарлиги лавозимига аёл кишини
ҳеч қачон олмаганди. Афтидан, мисс Клэри нуфузли доиралар билан яқин алоқага эга, бунинг
устига ўзи ажойиб ходим. Бироқ айни пайтда Палмер бундай далилларга эга эмасди.
— Бирор нарса десангиз-чи, ахир? — мурожаат қилди мисс Клэрига табассум билан.
Мисс бошини кўтариб унга қаради ва бирдан хира чеҳраси ёришиб кетди: лабларида
мулойим жилмайиш пайдо бўлди.
— Бирор нарса? — такрорлади мисс Клэри.
— Ўжарлик қилманг, бирор нарса денг, ахир, — таъкидлади Палмер. — Бу унчалик қийин
эмас-ку. Яна бирор нарса денг.
— Яна бирор нарса, — такрорлади мисс.
— Мана бу — бошқа гап. Энди мен билан такрорланг: Мен бошқа ҳеч қачон, олдиндан
ўзининг розилигини олмасдан матбуот учун Вудс Палмер ҳақида хабар юбормайман.
— Мен бошқа ҳеч қачон, — такрорлади аёл, — олдиндан ўзининг розилигини олмасдан
матбуот учун Вудс Палмер ҳақида хабар юбормайман, яхшими?
— Яхши. Саволлар борми?
— Битта савол бор, — деди мисс Клэри.
— Хўш, қани, сўранг-чи?
— Мени қайси кундан бўшатасиз?
Палмер қўлларини столга қўйди.
— Нима, сиз банкчиларни билмайсизми? — саволга савол билан жавоб берди. — Агар
сценарийда назарда тутилмаган бўлса, биз ҳеч қачон зарба бермаймиз. Сиз ўйин қоидасига
амал қилсангиз, фақат нафақага чиққанингиздан сўнг ишдан бўшатамиз. — Ўз сўзларини
тасдиқлаш учун Палмер бош ирғаб қўйди. — Бу бизга нафақага тўлаш учун мўлжалланган
пулни тўлаш имконини беради. Тушунарлими?
Бир оз муддат хоним унга синовчан назар билан қараб турди-да:
— Сумкамни қолдириб келибман, — деди, — мабодо, сизда сигарета йўқми?
— Қаердадир бор эди. — У чўнтакларини титди, сўнг стол устида турган қутичани очди ва
икки дона сигарета олди. — Менинг маркам, — деди у кутилмаганда тушкун овозда.
Нимадандир кўнгли ғашга ўхшарди. — Нью-Йоркда мен ҳақимда ҳамма билади. Ҳатто мен
чекаётган сигарета маркасини ҳам. Менинг ҳаётим ҳамма учун очиқ китобдай. — Палмер
чақмоқни ёқиб, унинг сигаретасини ўт олдирди-да, сўзида давом этди:
— Марҳамат қилиб айтинг-чи, ЮБТКнинг разведка тизими яхши ишлайдими?
— Жуда яхши, — жавоб берди хоним.
— Мен амалий хабарларни назарда тутаяпман, — аниқлик киритди Палмер.
Хоним унинг сигарета чекишига қараб турди.
— Сизнинг нимани назарда тутаётганингизни тушунаман, — деди у кўзини Палмернинг ёзув
столига қаратиб. — Сизнинг разведка соҳасида янги одам эмаслигингиз менга яхши маълум.
— Ҳа, ўн беш йил бурун бу ишга алоқам бўлган, — деб жавоб берди Палмер ва бирдан
тўхтаб қолди. — Ҳужжатларимда саналар аниқ кўрсатилган.
Хоним тасдиқлагандай бош ирғади ва сўради:
— Кўришни хоҳлайсизми?
Палмер орқасига суянди, бир оз енгил тортгандай бўлди.
— Бошқа вақт кўрарман, — деди у. — Қандайдир ёмғирли оқшомларда, қиладиган бошқа иш
қолмагач.
— Энг дастлабки ёзув 1945 йилга тааллуқли, — хабар қилди мисс Клэри.
— Афтидан, сиз бу ҳужжатга яқинда кўз ташлаганга ўхшайсиз, — деди Палмер.
— Бугунги тонгни мен шундан бошладим.
— Айтинг-чи, ким олдин телефон қилди? Сизми ёки Мак Бернсми?
Хоним енгил жилмайди. Палмер у жилмайганда оғзи чиройли бўлиб кетишини сезди.
Банкир (роман). Лесли Уоллер
Do'stlaringiz bilan baham: |