www.ziyouz.com кутубхонаси
42
индамасдан кузатди. Аёл ўтиргач, бир оёғини иккинчисининг устига олди. Тиззаларини
бекитиш учун юбкасини тортишга муваффақиятсиз уриниб кўрди. Бироқ аёл нигоҳини
оёқларидан олиб унга қаратганда, Палмер кўзини олиб қочиб, столдаги нарсаларга қарашга
улгурди.
— Демак, сиз бизда реклама ва ахборот масалалари билан шуғулланувчи шахс экансиз-да, —
деди у ниҳоят. — Ўзингиз тушунгандирсиз, мен «шахс» деб атаганим тасодиф эмас, — қўшиб
қўйди у жилмайиб.
Хоним унга диққат билан қаради, шунда унинг қалин лабларини табассум эгаллади.
— Тасодиф эмас, — дея такрорлади хоним.
Палмер бир оз ҳайрон қолди. Унинг эркин вазиятни вужудга келтиришга биринчи уриниши
амалга ошмади. Лекин хонимнинг оромкурсида жуда ғалати, қаддини нотабиий ростлаб,
қўлларини тиззалари устида қисганича ўтирганини кўриб, уни кўнгилсизлик кутаётганини
тушунди, бунинг устига шўрликни мактаб ўқувчиси сингари иш куни тугаганидан сўнг
шунчалар узоқ кутишга мажбур қилишди.
Палмер унга тик қараган эди, кўзлар тўқнашди. Узоқдан унинг қора кўзлари янада катта
кўриниб кетди. Мисс Клэри унинг нигоҳига бардош беролмай кўзини олиб қочди.
— Мен сизга шуни айтмоқчи эдимки, — деб бошлади-ю, Палмер тўхтаб қолди. Мисс Клэри
унга қаради-ю, яна кўзини четга олди. Унинг тикилиб турганидан қўрқди, шекилли.
— Ҳалиги, сизни нима учун чақирганимни ҳозир тушунтириб бераман, — деди Палмер
мулойимлик билан. У ўз сўзларига назокат тусини бермоқчи бўлиб. — Бу матбуот учун
берилган хабарга тааллуқли, — деди у. — Шу боисдан бир дақиқага кириб ўтишингизни
сўраган эдим.
— Матбуот учун қанақа хабар? — сўради мисс Клэри.
— Мени тайинлаш юзасидан...
— Ҳа, сиз бу ҳақдами? — у бош ирғади ва қора кокили сирғалиб пешонасига тушди.
— Мен, хусусан... — Палмер яна жим бўлиб қолди. Бу нима деган гап. Албата, мисс
кўнгилсизликни кутган эди, лекин бу ерда довдираган тентакни учратаман деб хаёлига
келтирмагандир...
— Мистер Бэркхардт якшанба куни уйимга сим қоқди, — дея бошлади мисс Клэри. — У менга
матбуот учун хабар тайёрлашимни буюрди. — У Палмер нима дер экан деб бироз тўхтатмоқчи
бўлди-ю, лекин тез ва паст овозда давом этди. — Мен ўша хабарни тайёрлаб, бугун эрталаб
телефонда ўқиб бердим. У хабарни маъқуллади ва материал ўша заҳоти курьер билан
газеталар таҳририятларига жўнатилди. Чунки дарҳол босиб чиқарилиши мўлжалланган эди.
— Бошқача айтганда, сиз бу хабар матбуотга жўнатилгунга қадар у ҳақда фақат сиз ва
Бэркхардт биларди, демоқчисиз, шундайми?
— Ҳа, яна уни ротопринтда кўпайтирган Фредди биларди.
— Яна уни ротопринтда кўпайтирган Фредди? — тўсатдан сўради Палмер.
Иккови ҳам бирданига жим бўлиб қолди. Палмер тағин унинг ташқи кўринишини ўргана
бошлади. Мисс Клэри афтидан, ўттиз беш ёшларда бўлса керак. Бошқа, анча осойишта
шароитларда у шубҳасиз, янада истарали кўринган бўларди. Ҳозир бўлса у жуда танг аҳволда
эди.
— Махфий ҳужжатларни унинг кўришга ҳуқуқи борми? — сўради Палмер.
— Ким, Фреддими? — мисс Клэри катта кўзлари билан унга тикилди.
— Менимча, матбуот учун тайёрланган бу хабар махфий эди, уни оддий хизматчи кўриши
керак эмасди. Бундан сизнинг ҳамда Бэркхардтнинг хабари борлигидан хурсандман.
Шунингдек, Фреддининг ҳам.
Яна оғир жимлик чўкди. Палмер шуни тушундики, унинг аччиқ кинояси, гарчи у енгил ва
ҳазил шаклида бўлса ҳам, бу аёлнинг ранги оқариб, муздек қотиб қолган ҳолатидан эритиб
ололмайди. У бу хоним ҳақида ҳеч нарса билмасди. Фақат шуни билардики, «Юнайтед бэнк»
Банкир (роман). Лесли Уоллер
Do'stlaringiz bilan baham: |