www.ziyouz.com кутубхонаси
209
Ўттиз саккизинчи боб
Палмер эртаси куни соат ўнда уйғотишларини сўраган бўлса-да, соат ўн бирда ҳам ҳамон
ўринда ётарди. Навбатчи соат ўнда қўнғироқ қилди ва Палмер унга барча сўраганларга кечроқ
қайта қўнғироқ қилинглар, деб тайинлашни илтимос қилди. Палмер яна бир соат узуқ-юлиқ
тушлар кўриб ухлади.
Ана шундай тушларнинг бирида Палмер Бэркхардт билан нонушта қилди. Суҳбат ўртасида у
сочиқчасини кўтарди ва Бернс қидираётган дори турганлигини кўрди.
Палмер уйғониб, ёнбошига ағдарилди ва яна уйқу элитмагунча, қимирламай ётди. Охирги
туши жуда узоқ давом этдим... У ойнадан қараб турган аёлга қувонч билан қўл силтади. Улар
қучоқлашдилар. Аёлнинг қўллари йўқ эди.
Палмер уйғониб кетди ва тушидаги кўрган “тумов дориси”нинг мағзини чақишга уринди.
Қўлсиз аёлни кўз олдига келтириб, юраги эзилди. Сўнг фақат дорини ўйлаб, бошқа тушларини
унутди.
Ниҳоят, батамом уйғониб, каравот четига ўтирди ва бунчалик уйқу босганига ҳайрон қолди.
Бернс уни соат иккида, шаҳарнинг ишбилармонлар қисмида ўтказилган зерикарли оқшомдан
кейин тунги соат иккиларда “Форд Оранж”га қайтариб олиб келди. Кейин, клуб салонида унча
катта бўлмаган жамоа йиғилди. Бу ерда Палмер бироз ичди. У соат учга яқин, балки ҳатто
эртароқ ухлагани ётганини эслади.
Палмер ўтган оқшомда юз берган воқеалардан энг яхшиси — меҳмонхонада ўтказилган
кичкина ўтириш деб ҳисоблади. Унда асосан эркаклар бўлганди, бир-иккитасигина хотинлари
билан келган, шунингдек, бир неча аёл иштирок этганди. Палмер бу аёлларнинг гапларини
деярли эшитмади. Суҳбатни фақат эркаклар олиб боришди: кексалар, ўрта ёшлилар, озғин,
семиз — умуман, ҳар хил тоифадаги, штатларнинг ҳамма чеккасидан, Ўрта Ғарбдан келган,
қиёфаси ҳам, мақсади ҳам турли-туман одамлар йиғилган эдилар.
Бу жамоа менинг тенгим эмас, деб ўйлади у...
Ниҳоят, ўрнидан туриб, дераза олдига борди. Нима учун у Бэркхардтга ўзини мана бу
сиёсатчи ҳайвонлар билан битта саҳнага чиқариб қўйишига йўл берди?..
Албатта, деб ўйлади Палмер деразадан боқиб, айрим арбоблар жуда ҳам банд. Масалан,
Калхэйн хилидаги одамлар қўл етмас ҳокимиятлари билан ўзларига жалб қилишади. Улар
билан иш олиб бориш мумкин...
Палмер кескин ўгирилиб, телефон ёнига келди.
— Жаноб Бэрнсни, илтимос, у қаерда бўлса ҳам...
Навбатчи шаҳарнинг қаеридадир юрган Бернсни топишига камида беш дақиқа вақт кетди.
— Вуди, болакай, уйғондингми?
— Мак, мени Сиракузага олиб боришга ҳожат йўқ. Мен шу ердан ижарага машина оламан-
да, бугунги нутқдан кейин Нью-Йоркдан тўғри Сиракузага учиб кетаман.
— Азизим, бу — мен учун фақат ҳузур бағишлайди. Сени олиб бориб қўйиш менга роҳат-ку.
— Ҳожати йўқ. Бу ерда, Олбанида мендан нимани кутган бўлсанг — бажардим.
— Нега бундай деяпсан?
— Мен тўғрисини айтяпман. Сен, шундай қилиб, Нью-Йоркка жўнашинг мумкин, мен ҳам. Акс
ҳолда бугун оқшомда машинада орқага, Олбанигача қайтишингга тўғри келади. Биз Нью-
Йоркка фақат эртага етиб борамиз.
— Ҳм. Ақлли гап. Бироқ мен сен билан яна баъзи нарсалар ҳақида гаплашиб олмоқчи эдим.
— Байрамдан кейин вақтимиз кўп бўлади.
— Бизга келганда топилмай қолади-да. Уч-учини боғлаш зарур бўлган ишлар кўпайиб қолди.
Сен бўлсанг нутқ сўзлаб, штатлар бўйлаб айланиб юрасан.
— Учрашиш учун вақт топамиз.
Банкир (роман). Лесли Уоллер
Do'stlaringiz bilan baham: |