www.ziyouz.com кутубхонаси
217
Калхэйн ўйчанлик билан қаламни секингина, қўйди. кейин столга энгашиб бошини
чангаллади.
— Тушунмадим.
— Мен ҳам, — тасдиқлади Палмер, — лекин аниқ ишонаманки, у қандайдир ташқи гуруҳлар
воситасида бу ишга аралашган.
— Бўлмаган гап. Банк акциялари билан ўйин қилишга кимнинг қурби етаркан? Ичаги
ингичкалик қилади.
— Қўшиламан. Бироқ шундай бўлади.
Калхэйн хаёлчан бош чайқади.
— Мен кўпдан бери Макнинг биржа ҳақидаги маслаҳатларига қулоқ солмай қўйганман. У
доим хато қилади, демоқчи эмасман. Шунчаки, ўз хулосаларини очиқ айтгунча юзма-юз туриб,
диққат-эътибор билан мулоқот қилиш керак. Мен ўзига қарашли бир мижози ҳақида берган
маслаҳатини ҳеч қачон унутмайман. Асбоб-ускуна ишлаб чиқарадиган бир корхона ўз
маҳсулотини сотиш ўрнига ижарага бермоқчи экан. Бу — уларнинг сиёсатида катта силжиш
эди. Ваҳоланки, бошқа ишлаб чиқарувчилар улардан ўтиб кетганди. Мак бу корхонанинг
акцияси беш бандга кўпаяди, деб ҳисоблаганди. У ҳақ бўлиб чиқди. Улар беш банд камайди.
Жиҳозларни қарзга берилиши ҳақидаги эълон бу корхона қўллаган сиёсат ҳеч нарсага
арзимаслигини кўрсатди. Шундай қилиб, бу қадам акцияларни ошириш ўрнига камайишига
олиб келди. — Калхэйн бамайлихотир кулди. — Бечора Мак ўз қармоғига ўзи илинди.
— Сизга ЮБТК ҳақида гапирмаганига ҳайронман, — деди Палмер.
— Мен эса ҳайрон бўлмайман. Ўтган йили унга қуруқ сафсаталарингни бошқа жойда сотгин
деб маслаҳат берганман. Мен бой эмасман. Бироқ унинг башоратларига қулоқ солаверсам,
аллақачон қашшоққа айланиб қолардим. Агар у акцияларингиз ҳақида бирор гап айтса,
эътибор бермаган бўлардим.
— Маслаҳат бошқа манбадан келди, — Палмер сигаретини ўчирди. Мак кейинги пайтларда
сизга яна бошқа бир биржа ҳақидаги янгиликларни ҳам гапирдими?
— Бу борада ҳам у таҳсинга лойиқ эмас. Биржага қизиқмайман. Аввал қанча ютқазиб, қанча
ютганингни ҳисоблашинг керак. Солиқ йиғувчи амалдорлар учун бу жуда қулай. Агар кўрган
зарарингизга қараб солиқлар камайишини хоҳласангиз, даромадларингизни ҳисоб-китоб
қилишингиз керак. Мен буни ҳам ёмон кўраман. — Калхэйн стул суянчиғига ясланиб, кўзини
қисди.
Палмер жилмайди:
— Сиз операцияларни фақат нақди билан амалга оширасизми?
— Доим эмас. Тўғри келиб қолса, акцияларни ҳам олавераман. Бироқ, худо ҳаққи,
заҳираларим тилхатлардаги сохта исмларга тўлиб кетди.
Икковлари ҳам кулишди. Палмер бу инсоннинг ўз сотқинлигини тан олаётгани Олбанидаги
сиёсатчилар қилмишини эслатганига қарамай, ғазабини қўзғатмаётганига ҳайрон эди. Балки,
Вик халқ сайлаган хизматкор бўлмагани учундир? Тўғри, бу одамнинг ҳудудда эгаллаб ўтирган
ўрни сайловга боғлиқ. Бироқ овоз бериш натижаси ҳамиша олдиндан маълум бўлган. Ҳатто
баъзи радикал гуруҳлар Калхэйнга қарши чиққанда ҳам у кўпчилик овоз билан қайта
сайланишга муваффақ бўлган. Ҳар доим ўз ҳудудидаги камбағалларни тўйдиради. Ҳатто озгина
ёрдами ҳам каттакон самара беради. Бирорта ишсизни иш билан таъминлаш, ҳар кунги енгил
овқатланишлар, байрам кунлари тарқатиладиган совға-саломлар, иқтидорли болалар учун
нафақалар — тўлов жуда кам, қайтим эса тўлиқ бўлади.
Умуман олганда, сайловчилар ўз сиёсий раҳнамоларидан бундан ортиқ яна нимани кутади,
хаёлидан ўтказди Палмер. У ўз ҳудудидаги нафақалар ҳамма ердагидан юқори бўлишини доим
назорат қилади. Ҳафтада уч оқшом қабул ўтказади. У испанча, итальянча ва гэл тилларида
гаплашар ва шу билан тумандаги ирланд аҳолисининг кўнглини олар эди. Палмер у негрлар
маҳалласини ҳам маҳорат билан бошқаришини биларди. Кўп йиллардан буён яқин ёрдамчиси
Банкир (роман). Лесли Уоллер
Do'stlaringiz bilan baham: |