www.ziyouz.com кутубхонаси
216
билларини аниқлаб олишига ишонмайман.
— Тўппа-тўғри! Лекин улар сиз томонда турса, демак, биллга қарши бўлади-да!
— Ҳамиша шундай бўлавермайди. Менинг нутқимда қўллаб-қувватлаш ҳақида гап йўқ эди.
Менимча, биз умуман, бундай йўл тутмаслигимиз керак. Айниқса, бу номаълум шахс томонидан
қилинмаслиги керак.
Калхэйн бош ирғади:
— Бир неча кундан кейин менинг ходимим айрим маълумотларни тўплайди. Айтайлик, бир
ҳафтадан кейин. Ўшанда Сиракузадаги имкониятларимизни биламиз. Яна занжирли реакция.
Сиракузадагилар Бингамжон, Утики ва Рочестернинг фикрини билмагунча, бетараф бўлиб
туришади.
Палмер сигарет чекди.
— Чекка ўлкалардаги тижоратчиларда яширин маълумотлар алмашиш тизими борлигига
шубҳа қилмасдим.
— Буни тизим деб атаб бўлмайди. Лекин хоҳлаганча кенг маълумот алмашиш мумкин.
“Киванис”, “Ротари”, “Лайонз” клублари, турли савдо палаталари, черков гуруҳлари, телеграф
агентлиги, ишбилармонлар жамияти тижоратчилар ихтиёрида. Куз ва қишда сиёсий
арбобларнинг фаоллиги ошади, Олбанига кетишдан олдин округларда юриб, одамларнинг
кайфиятини билишга уринишади. Ёзда бу фаолият тўхтайди. Одамлар таътил ва бошқа
нарсалар пайида бўлади. Бироқ қишда, байрам кунларида, мажлислар арафасида ҳамма
томондаги симсиз телеграфлар ишга тушади.
— Майли, — деди Палмер. — Энди ўз округимиз ҳақида гапириб беринг.
Калхэйн кафтларига тикилиб, елкасини қисди. У калта кесилган сочларини бармоқлари
билан тараб, кинояли илжайди.
— Биласиз-ку, штатнинг чекка ўлкалари ҳақида ҳеч қачон гумон бўлган эмас. Улар у ёқда
тижорат банкларини қаттиқ қўллаб-қувватлашади. Марказ — бошқа гап. Бироқ бу ерда ҳам биз
ғалаба қозонамиз. Мак икковларинг Олбанида бироз сиёсат билан шуғулланганларингни
гапириб берди.
— Тўғри. Биринчи галда штат маркази вакиллари билан.
— Унда мендан кўра сиз кўпроқ гапиришингиз керак.
Палмер жавобга чоғланди-ю, фикридан қайтди. Унга ҳамма нарсани била туриб, ўзини
билмасликка соладиган Калхэйнга ўхшаган муғамбирлар ёқмасди.
— Бошқа ишлар билан овора бўлиб, тўғрисини айтсам, бу нарсага унча аҳамият беролмадим,
— жавоб берди Палмер.
Калхэйн ўзини ҳайрон бўлган одамга ўхшатди.
— Сизнинг ягона вазифангиз — жамғарма банклари билан ишлаш деб ўйлабман.
— Бизда ҳамма гап банкнинг ичида, — деди Палмер. — Акцияларимизга нимадир бўляпти.
Калхэйн олдинга силжиди.
— Яхши гапми?
— Доимий мижозлар учун — ҳа. Дарвоқе, буни сиз ҳисобга олиб қўйишингиз мумкин.
Менимча, тез кунда акцияларимизнинг нархи ошиб кетади.
Калхэйн ёнига ён дафтарчасини тортиб, қўлига қалам олди.
— Қандай қилиб ошади? Тез орадами?
Палмер ҳамсуҳбатининг авзойини билиш учун жавоб беришга ошиқмади. Нима бу —ўйинми?
— Ўн банд мени ҳайрон қолдирмайди, — деди у ниҳоят. — Вақт масаласига келганда эса,
уни умуман билмайман. Бирор ой атрофидамикин? Аниқ айтолмайман.
— Қачон биласиз? — сўради Калхэйн ён дафтарчасига белги қўяркан.
— Айтолмайман. Макдан сўраб билишингиз мумкин.
— Макдан? Жин урсин, у сизнинг акцияларингиз ҳақидаги гапни қаердан билиши мумкин?
— У мендан ҳам кўп нарсани билади.
Банкир (роман). Лесли Уоллер
Do'stlaringiz bilan baham: |