www.ziyouz.com кутубхонаси
109
— Кимга келдингиз? — дағалгина ғудранди ливрелдаги швейцар.
— Яъни, сизга ким керак эди, демоқчисиз-да? — тўғрилади уни Палмер.
Швейцар ялт этиб унга қаради-да, кейин гавдасини тўғрилаб туриб олди:
— Мени маъзур тутгайсиз.
— Дуруст, — жавоб берди Палмер.
— Мен сўрамоқчи эдимки, келганингиздан кимни воқиф этайлик?
— Мистер Бернсни.
Швейцарларнинг кўзлари катта-катта очилди. Палмер пештахта олдида ғоз туриб олди.
— Эҳ, мистер Бернсми? Бир дақиқа, сэр. — У шартта ўгирилди-да, коммутатор шнуридан
тутди.
Азбаройи чиранганидан лаблари учиб, у бир неча лаҳза керакли рақамларни терди, сўнг
куч билан пойнакни уячага тиқди.
— Узр, сэр. Сиз хусусингизда нима деб айтай?
— Вуди, — деди Палмер енгил табассум билан.
— Ҳа, сэр Вуди. Бир дақиқа, сэр, ҳозир айтаман. — У телефон гўшагини қулоғига қаттиқ
тираб жавобни кута бошлади. — Мистер Бернс? Бу сизмисиз, сэр? Сэр, сизни мистер Вуди
кўрмоқ истайдир. — У пешонасини тириштириб қулоқ солди. — Лекин у киши мистер Вуди
дедилар, сэр... — Кейин швейцарнинг юзи табассумдан ёришиб кетди ва у шодон бошини
сараклатди. —Ҳа-ҳа, сэр, албатта, мистер Бернс, кўнглингиз тўқ бўлсин, ҳозироқ бажо бўлади,
сэр. — У Палмерга бурилди: — Марҳамат, мистер Вуди, марҳамат, сэр, мана бу ерга марҳамат
қилинг.
Швейцарга эргашиб лифт томон борар экан, Палмер шундай мулоҳаза қиларди: бу
тоифадаги қулчилик биргина “байрам” муносабати билан мўмай чойчақа олиш истагидан пайдо
бўлмайди: рождествогача ҳали узоқ, бунинг устига биронта ҳам ўз қадрини билган одам
манфаат юзасидангина адоватли нафратдан ошкора тарзда оёқни ўпишга тайёр ялтоқликка
ўтиши мумкин эмас. Йўқ, қатъий тусда ўйлади Палмер. Кўриниб турибдики, гап фақат бу ерда
Бернсга нисбатан сахий ва бой ижарадор сифатида муносабатда бўлмаётир. Ундан қўрқишади.
Одамни ўлгудай қўрқитиб олибгина уни мана шундай етти букилиб қуллуқ қилишга мажбур
этиш мумкин.
У ҳозир кесиб ўтган вестибюлнинг охири йўққа ўхшарди. Ҳар бир қадам ташлашда
Палмернинг оёқлари узун патли гиламга шунақанги чуқур ботардики, туфлисининг учлари
юпқа чанг қатлами билан қопланди. Деворларга осилган, гирди нафис нақшлар билан
қуршалган тошойналар вестибюлни дучандон маҳобатли кўрсатар, унда одам ўзини митти
жонзоддай ҳис қила бошларди. Бу маҳобат ҳам камлик қилгандай, Палмернинг йўлида эни
камида эллик футлик ҳовуз пайдо бўлди. Палмер уни айланиб ўтишига тўғри келди. Энг ўртада
бадани ҳаддан ташқари силлиқ аёл қиёфасини акс эттирувчи улкан ҳажмдаги ҳайкал савлат
тўкиб турарди. Унинг сиймоси мутлақо ясси ва сочи ергача тушган. Ҳайкал шиддат билан
деярли қоқ ярмигача орқага эгилган, қўли бир қучоқ сочлари орасига кириб кетганди. У қўлини
бўшатиб олмоқчими ёки қаддини ростламоқчими, билиб бўлмасди. Фақат бир нарса аниқ эди —
шўрқисмат хилқат беҳад оғир аҳволга тушиб қолган. Уч жойдан тизиллаб отилган сув унинг
сочлари орасидан ўтиб юқорига интиларди ва бир лаҳза соябон шаклида муаллақ туриб,
тропик жаласига хос шиддат билан ҳайкалнинг ён томонига келиб уриларди. Сув томчилари
унинг бринч сийнаси ва бошини ноғора қилиб чалар, кейин эса бир жойга тўпланиб бадан
бўйлаб пастга оқиб тушарди. Турган-битгани мўъжиза-ку, кўнглидан ўтказди Палмер.
Ҳайкалнинг бел ва сонлари ё эҳтиросдан, ё қаттиқ совқотганидан пир-пир учар эди.
Швейцар тавозе билан Палмерни автомат лифтга олиб келди ва ширинсуханлик билан оқ
йўл тилаб:
— Ўн саккизинчи қават, шимолий қанот, сэр, — деди-да, бошини эгиб қўйди.
Банкир (роман). Лесли Уоллер
Do'stlaringiz bilan baham: |