www.ziyouz.com кутубхонаси
105
деб ҳис этиш имконини беради. Ёки бу бир шиша аччиқ ва арзон вино. Ёки наша. Аммо бу
зинҳор қорин тўйдирмайди, бир стакан кока-кола ёки варақи сомса эмас.
— Оҳ, ўйласанг баданинг жимирлаб кетади, — деди Палмер жувоннинг кўзларига қарашга
ҳаракат қилиб. — Бу болаларнинг ёши нечада экан-а? Олтими, еттими?...
— Йўқ. — Жувон эътироз ила бошини чайқади: — Улардан биттаси нари борса ўнда.
Бошқаси ўн бирда ёки ўн иккида ҳам бўлса керак.
— Унда мен чамалай олмас....
— Ҳа, бу шундай, — унинг сўзини бўлди жувон. — Мен бу иккала болани билмайман, аммо
уларнинг ёшидаги болалар одатда ҳамма нарсани билиб олган бўладилар. Ҳатто аёллар билан
жинсий алоқа ҳам қиладилар.
— Ўн ёшда-я? — Шу аснода усти очиқ ва ўриндиқларга ялтироқ чарм қопланган оқ
“мерседес” уларни қувиб ўтди. Ҳайдовчи ёнида ўтирган баланд бўйли зарринсоч жувон
Палмернинг гапига таънали ўгирилиб қараб қўйди.
— Ўн ёшда-я? — қайта сўради у бу сафар хотиржам оҳангда.
Жувоннинг лаблари ғамгин табассумдан эгилди.
— Охири лол қолдирдимми сизни?
— Лол қолганим йўқ, — эътироз билдирди Палмер. — Ҳафсалам пир бўлиб кетди.
— Бўлмасам-чи, айниқса булар ҳаммасини сизнинг болалик йилларингиз билан
таққослаганда, — деди жувон ва яна илгарилаб кетди. — Бўпти, таққосламаганингиз яхши.
Назаримда, ҳаётнинг жинсий жиҳатлари билан биз икковимиз анча кеч танишганга ўхшаймиз.
— Менда бу нарса ўн саккиз ёшимда содир бўлганди, ундан эрта эмас.
— Менда эса ўн саккиз анча эрта ҳисобланган, — деди Виржиния.
— Демак мен роса саккиз йилни бой берибман-да? — мийиғида кулди Палмер. — Гарчи бу
нарса нима эканини билмасам-да, айни куч-қувватга тўлган саккиз йил-а?
Улар ўнгга бурилишди ва Ист-Ривер томон йўл олишди, Лексингтон авенюни кесиб ўтишди
ва Учинчи авеню муюлишида тўхташди.
— Шу ерда ажрашамиз, — деди жувон. — Тўғри бораверасиз ва охири ўнг томонда янгигина
баланд оқ бинога дуч келасиз. — Палмер ундан Бернс уйи жойлашган жойни бу қадар нечук
аниқ биласиз деб сўрашдан ўзини зўрға тийиб турарди. Полиция сиренасининг тобора кучайиб
бораётган овози қулоққа чалинди. Ёнларидан полиция автомашинаси ва ортидан полиция
департаментига қарашли каттакон “тез ёрдам” яшил автомашинаси ўтиб кетганини базўр
илғади.
— Кимнидир қаердадир, — аста деди Виржиния, — “флитвид” ғилдираклари остидан вақтида
тортиб чиқаришга улгурмаганлар.
Улар тик турганча “тез ёрдам” автомашинаси томидаги лип-лип қилаётган чироқни индамай
кузатиб қолишди. Учинчи авенюнинг охири кўринмас бир пучмоғига кириб, кўп ўтмай “тез
ёрдам” кўздан ғойиб бўлди. Шу аснода ўйлашга ҳам улгурмай Палмер ўз овозини эшитди:
— Сизни кузатиб қўйсам майлими?
Жувон аста бошини чайқади:
— Миннатдорман, бугунгидай ҳаво яхши кунлари ойимнинг кечқурунлари ойнадан бошини
чиқариб тоза ҳаводан нафас оладиган одати бор. Кейин унга роса тушунтиришимга тўғри
келади. Кечқурун қизимни кузатиб қўяр эканми, бу одамга ишониб бўлмайди, одатлари ёмон
экан деб ўйлай бошлайди. Ана ундан кейин қутулиб бўпсиз ойимдан.
— Қанақа ёмон одатларни назарда тутаяпсиз?
— Эҳ, қайси бирини айтай? Сиз — менинг бошлиғимсиз, уйлангансиз. Охири бориб-бориб
сизнинг ҳатто католик эканингизни тан олишимга мажбур қилади.
— Агар бунақа зиёфатларга тез-тез келиб турадиган бўлсам, ким билсин, охири католик
черковининг ашаддий курашчисига айланиб қоларман? Унгача сиз бирон нарса ўйлаб
топарсиз?
Банкир (роман). Лесли Уоллер
Do'stlaringiz bilan baham: |