www.ziyouz.com кутубхонаси
101
— Сизни тўйдириб ичиришибди, — деди Палмер. — Мен буни дарров сездим.
— “Сэр, мени яраламадилар, мени ўлдирдилар!” Соқийлик вазифасини бажарганда мистер
Гаррисон Элдернинг қанақа бўлиб кетишини сиз тасаввур ҳам қилолмайсиз.
— Кечириб қўясиз, мен ҳам қўшилганман, — эътироз билдирди Палмер ва бўш қадаҳини
кўтарди. У қадаҳга диққат билан разм солди, кейин эса хўмрайиб сўради: — Калхэйнга нутқни
Бернс ёзиб берган бўлса керак?
— Шак-шубҳа йўқ.
— Нима учун у ҳар доим бунақа тумтароқли қилиб ёзади?
— Калхэйннинг нуқтаи назарида, — деди жувон, — қанча ноаниқ бўлса, шунча яхши.
— Агар улар икковини бир жойга қўйса, — деди Палмер, — дунёни зулмат босарди. — У
хўрсиниб қўйди.
Ниҳоят “Васваса” товушлари остида ғайриоддий шева билан романс ижро этмоқчи бўлган
тенорга жой бўшатиб, қизиқчи четлашди. Тенор омма ҳам бу куйдан тўлиқ завқланиб
улгурмаган деб хаёл қилганди, бироқ қарасаки, унинг ўзи қабиҳ ният қурбони бўлиб ўтирибди,
чунки “Васваса”дан бир неча мақом чалиб, оркестр бирдан фокстротнинг қулоқни қоматга
келтирувчи жўрлигида ўйноқи куйга ўтиб кетганди. Якунида “Беса ме мучо” янграб,
томошабинлар қарсак билан қарши олдилар. Шундан кейин қизиқчи рақслар бошланганини
эълон қилди.
Танобийда чарақлаб ёнган чироқлардан кўзларини қисиб одамлар у ён-бу ёнларига
қараганча столдан туришди. Ҳайъат столи бирдан қоронғилик ичида қолди ва файзини
йўқотди. Энг аввал руҳонийлар ўтирган ўриндиқлар бўшади.
Гарри Элдер ҳам ўрнидан турди ва оҳиста қорнини силаб қўйди. Пайтдан фойдаланиб бир
нечта репортёр Калхэйн томон отилди. Элдер Виржиния Клэрига илиқ жилмайиб қўйди.
— Начора, у бўлмаса, мана, мен сизни таклиф қиламан, — деди у ўзининг баланд хирилдоқ
овозида.
Аввалига Палмер нима гаплигини тушунмади, сўнгра фаҳмлаб олгач, у ўрнидан турди ва
Виржиния олдида бошини хиёл эгди.
— Мистер Элдер билан бу сафар рақс тушишга розилик билдириб, унга марҳамат
кўрсатмайсизми?
— Жоним билан.
Палмер уларни кўздан қочирмаганча қайта жойига бориб ўтирди ва Элдер билан хоним рақс
тушувчи жуфтликларга аллақачон тўлиб бўлган майдонча томон кетди. Палмер жувонни, унинг
ҳаракатларини, оппоқ либосдаги сарвдек қоматини кузата бошлади. Кейин, ким билсин,
нечанчи марта яна соатига қаради ва Бернс билан учрашувига ҳали анча борлигидан
афсусланиб қўйди. Катта тўртбурчак шишага қўл чўзиб, у музлари эриб бўлаёзган қадаҳига
виски қуйди. У “кетар жафоси”га ва ўн биргача қанча вақт қолганидан қатъи назар, булардан
жуфтакни ростлаш учун ичишга аҳд қилди. Жуда бўлмаганда у мана бу танобийда ивирсиб
юргандан кўра Бернснинг уйига пиёда борса ҳам бўларди-ку. Ора-чора рақс тушаётганлар
орасидан лип-лип кўзга ташланиб турган оқ либосга қараб-қараб, вискини шошмай охиригача
ичди. Элдер билан Виржиния кула-кула Палмер ўтирган столга қайтиб келишарди. Палмер
ўрнидан турди ва жувонга ўриндиқни сурди.
— Кейинги навбат сеники, Вуди, — нафасини базўр ростлаб деди Элдер. — Бу телба куй
менга тўғри келмас экан.
Бир неча сония учовлон нима қилишни билмай туриб қолишди. Сўнг Виржиния Палмернинг
қўлидан тутди-да, уни рақс майдончасига олиб кетди. Жувон майдонча четида тўхтади ва унга
ўгирилди.
— Бунинг нимаси телба куй экан? — деди Виржиния. — Энг оддий лотин америкаси куйи-ку.
— Палмер уни ўзига қаратди-да, гарчи оркестр қандайдир бошқа куйни чалаётган бўлса ҳам
“па румба” мақомида майдонча чеккаси бўйлаб аста юриб кетди. Палмер ўзини жувондан анча
Банкир (роман). Лесли Уоллер
Do'stlaringiz bilan baham: |