www.ziyouz.com кутубхонаси
111
сўрашингга ҳожат йўқ, сен фақат олдиндан огоҳлантириб қўйсанг бўлгани, токи мен бемаврид
кириб қолмай, тамом-вассалом.
Палмер унга бир аччиқ-тизиқ гап қилмоқчи бўлди, бироқ энди гапиришга оғиз жуфтлаган
ҳам эдики, Бернс унинг қўлидан тутди-да, тезгина меҳмонхона йўлагига олиб кириб кетди.
Замонавий шведча услубга даъвогарлик; ўзича ўйлади Палмер. Бу ерда очиқ ранглар
устунлик қиларди: тик дарахти ва оқ ёғочдан ясалган мебел, қопламаларда оқ, кулранг ва қора
тўртбурчак шакллар. Қандил ва торшерлар чирмовуқ ва похол кўринишидаги мураккаб
ўримлар билан бирлаштирилган ёки ажратилган қандайдир ғалати шиша буюмлардан ясалган.
Кенгбар чорси хонанинг қоқ ўртасида антиқа шаклдаги узун патли улкан оқ гилам тўшалган.
Гиламнинг ўртасида пастак, қарийб икки энлик қалинликдаги ойна қопланган коктейл столида
ичида қирмизи ичимлиги ва сузиб юрган музлари бор бақалоқ, залворли қадаҳлар ялтирарди.
Қадаҳларнинг ярмигача ичилганди.
— Гиламга қара, — ғудранди Бернс шеригининг қулоғига. — Матрасга ўхшаб, у паралонли.
Шу боис, бўталоғим, столни олсанг бўлди, қаршингда бутун шаҳардаги энг катта, энг улуғвор,
энг қулай каравот муҳайё. Тўрт томонга қараб думалайвер сўнг. Хўш, етиб боргандир?
Палмер атрофига аланглади, саломлашди. Ҳа, бу одамлар унга таниш эди. Тўрдаги
бурчакда, зангламайдиган пўлатдан ясалган камин олдида Катта Вик Калхэйн ўтирарди. Пастак
кенг ўриндиққа, қарийб чўкиб кетганига қарамай, унинг барваста зилдай гавдаси ўзининг
чорпаҳиллиги билан унга кўзи тушган ҳар қандай одамни шошириб қўярди. Олдинга чўзиб
олган бақувват оёқлари ҳам кенг дарё устидан қурилган кўприкдай мустаҳкам кўринарди.
Унинг қоядай кўкси ва елкаси яна ҳам ҳайбатли эди, чунки пиджаги охиригача қаппайиб
турарди. Ўрта денгиз одами бўлган Калхэйннинг нисбатан унча катта бўлмаган, тўғри шаклдаги
боши ва қорача юзи, бежиримгина ирландча бурнини яна унинг сиёсий фаолиятининг яна бир
унсури — иккинчи жаҳон урушидан буён сақлаб келган солдатча калта қилиб олинган соқоли
тўлдириб турарди. Шуларни кузатар экан, Палмер бу одамнинг жисмоний қудратига боз маҳлиё
бўлиб қолди, ҳатто дам олиш дақиқаларида ҳам тоғдай барвасталиги ва мустаҳкамлиги билан
ақлни лол қолдирарди. Унинг яшилтоб мовий кўзлари узун киприклари орасидан Палмерга ялт
этиб қаради. Калхэйн унга салом бергандек тантанавор кўз қисиб қўйди, кейин эса кўзининг
қири билан у билан ёнма-ён ўтирган Оуги Принсга қараб қўйди.
Гарчи Принс у қадар ушоқ гавдали одам бўлмаса-да, Калхэйннинг ёнида у лилипутга ўхшаб
кетарди. Одатдагидек, у дид билан кийинган эди: ихчам тикилган шим, сўнгги модадаги аъло
пиджак, оч жигарранг тусли кўйлак, унга билинар-билинмас гул тикилган, бир-бирига зид
ранглардан ола-була галстук. Принсга қайси томондан туриб қарама, унинг танаси тиғдай
энсиз кўринарди, лекин, — дилидан ўтказди Палмер — бу энсизлик нафислик ёки хушқоматлик
каби сифатлар билан ҳеч қандай умумийликка эга эмасди.
Принс хиёл олдинга эгилиб, оёқларини бир-бирига миндириб ўтирар ва Калхэйнга афтидан
иккови ҳам тиш қайраб турган радио шарҳловчиси ҳақидаги воқеани гапириб бермоқда эди.
Принснинг ўзи сиёсий репортер бўлиб, ҳар доим гоҳ Олбанига, гоҳ Вашингтонга иш сафари
билан бориб турарди.
Принснинг ортида Бернс бирмунча сўнгги, энг урф бўлган китоблар териб қўйилган
жавонига суяниб Эл Конн тик турарди. Бир қарашда у Палмернинг тахминлари ичида энг
ўртамиёна ва кўримсиздек таассурот туғдирарди: бурни ўртача, сочи хира қўнғир-кулранг
тусли, агар иккала кўзини айтмаса, юзида ҳеч бир диққатни тортадиган аломат кўринмасди.
Аммо ана шу кўзлар унинг кимлигини яққол айтиб турарди.
Палмер уларни кузатиб турган вақтда Коннинг ирғиб чиққан, салқи қовоқлари остидаги бу
ғайриоддий кўзлари у қўлида ушлаб турган китоб саҳифалари бўйлаб тез-тез югурар эди.
Палмер Коннинг қалқонсимон без касаллиги билан оғриса керак ва шу боис бусиз ҳам катта-
катта, хиёл бўртиқ кўзлари ана-мана косасидан ирғиб чиқиб кетадигандек туюлса керак, деган
тўхтамга келди. Бу кўзларда ҳеч нарса билан тўлдириб бўлмайдиган очлик бор эди. Улар
Банкир (роман). Лесли Уоллер
Do'stlaringiz bilan baham: |