www.ziyouz.com кутубхонаси
80
қилишим лозим.
— Нимасини муҳокама қиласан? Мен уни маъқуллайман.
Эдис бир зумга кўзларини юмди.
— Вудс, илтимос, эрталабдан ҳазилга бало борми?!
Унинг узун кўрсаткич бармоғининг силлиқланган пушти тирноғи чизманинг «хона» деб
ёзилган жойига қадалди. Эдис эрига қаради.
— Бу хона сен учун, — деди Эдис. — Мен ёзув столини қаерга қўйишингни билишим лозим.
— Мен бу ерда нима қиламан?
Эдис елкасини қисди.
— Бу борада ҳеч қанақа тасаввурга эга эмасман, азизим. Фақат шуни яхши биламанки,
Чикагода уйда ўтириб ишлайдиган хонанг бор эди, демак Нью-Йоркда ҳам бўлади.
— Бу ерда мен қандай ролни бажаришим керак, Эдис? Оиласи даврасидаги кўнгилчан кекса
банкирними? Ёки серғайрат ёш молия корчалониними?
— Ҳамма бало шунда-да, — сўзини бўлди Эдис. — Бунақаси қўйсак, қуёш тўғри кўзингга
тушади.
— Эдис, — кескин эътироз билдирди Палмер. — Бунинг нима аҳамияти бор? Бу ерда ўтириб
ишлайдиган хонанинг нима кераги бор ўзи? Агар борди-ю, ўтирсам ҳам фақат кечқурунлари
ўтираман-ку.
— Ҳа, тўғри, — деди Эдис ва унга ўгирилди, — Ҳа, бўлмасам-чи?
— Сен яна мендан сўраяпсанми? Ахир, саволни мен бердим-ку!
У бир неча сония эрини индамай кузатиб турди. Эдис ўзига хос қараш билан боқаркан, гўё
шу дамда Палмер нима ҳақида ўйлаётганини, умуман, оламда нималар бўлаётганидан хабардор
экандай тутарди ўзини.
— Албатта, — дея сўзини давом эттирди Эдис ниҳоят, — болалар ҳам вақт-вақти билан бу
хонадан фойдаланиб турардилар. Чунки барча маълумотномалар шу ерда бўлади.
— Мана, энди биз бир қадам олға босдик. Бу менинг хонам, лекин болалар ҳам вақти-вақти
билан ундан фойдаланиб турадилар.
— Балки ҳар куни фойдаланиб туришар. Шуни унутмаки, бу ерда қомуслар, луғатлар,
иқтисод ва банк ишига доир барча китоблар бўлади. — Эдис жим қолиб эрига қаради. — Сен
бу ерга яна нимани қўйган бўлардинг? Поулк маълумотномасиними? Ҳар хил мавзудаги
маърузалардан кўчирмалар? Ёхуд Бартлеттними?
Палмер чизмадан чангни қоқиб ташлаб, столнинг бир чеккасига ўтирди.
— Вой худойим-ей, Бартлетт менга бирдан нима учун керак бўлиб қолди? — сўради у.
— Сенинг маърузаларинг учун. Ахир маърузалар учун тайёрланасан-ку.
— Уларни мен ўзим тайёрламайман.
Эдис кўзларини паркет тўшамасига қадаганча жимиб қолди. Кейин бошини аста кўтариб,
Палмерга қаради. Бу сафар унинг нигоҳи ҳар нарсани биладиган эмас, ҳайратланган эди.
— Нима, уларни ўзинг ёзмайсанми?
— Маърузаларни бутун бир гуруҳ тайёрлайди.
— Кимлар? — ҳайрон бўлди Эдис.
— Кимлар? — худди акс-садодай қайтарди Палмер. — Банк хизматчилари, Бернснинг
ходимлари, уларнинг кўпини ўзим ҳам билмайман.
Ўзининг бундай тан олиши яхшиликка олиб бормаслигини ҳис этган Палмер ўрнидан туриб,
эшикка қараб юраркан:
— Сенинг беш ёки ўн дақиқанг тугади, Эдис. — деди.
— Ҳа, биламан. — У эридан кўз узмасди. — Вудс!
— Ҳа!
— Менга айт-чи, нутқингни ўзинг ёзмасанг, банкда кун бўйи нима қиласан?
Хотинининг ҳужумга ўтишини сезиб, Палмер биринчи бўлиб зарба беришга шайланди.
Банкир (роман). Лесли Уоллер
Do'stlaringiz bilan baham: |