www.ziyouz.com кутубхонаси
76
тўлашар. Лекин ҳозирги босқичда бизни айнан пул қутқаради.
— Бошқача айтганда, биз зарур таъминот бўлмагани ҳолда пул босиб чиқариш масъулиятини
олганмиз, — деди мисс Клэри.
— Бошқа сўзлар билан ифодалайдиган бўлсак, биз инфляцияга, пулнинг қадрсизланишига
йўл очиб бераяпмиз, — жавоб берди Палмер. — Бироқ америкаликларнинг ўзлари инфляцияга
интилаяптилар.
— Айтаётган гапларингизга ўзингиз ҳам ишонмайсиз, — эътироз билдирди Виржиния.
— Бу ерда ишончнинг нима дахли бор? Ахир, турмуш тақозоси шунга аниқ далил-ку.
Одамларнинг ўзи турли-туман ажабтовур нарсалар — 21 дюйм экранли телевизор, икки
қопқали совутгич, катта қувватли автомашина соҳиби бўлишни истайдилар. Улар зарур
миқдордаги пул жамғаришга кутишни истамаяптилар. Бир сўз билан айтганда, улар ёш
болаларга ўхшайдилар, улар ҳамма нарсани дарҳол олишни истайдилар. Ҳар бир автомобил
ёки телевизор ортида одам турибди, у ўз молини дарҳол сотиш ниятида. Лекин у сотган
молининг пулини ўттиз олти ой кутолмайди. У молини сотар экан, пулини дарҳол тўлашларини
истайди. Мундоқ қарасангиз, қандайдир молиявий компания, корпорация ёхуд вакил унинг
хизматига ҳозиру нозир бўлиб турибди. Улар харидорга пул тўлайдилар, ўзларининг хизмат
ҳақи эса молни олаётган истеъмолчи ҳисобидан тўланади. Бироқ бу компаниялар ҳам
шошилинч равишда қаердандир пул топишлари зарур. Бироқ улар пулни қаердан оладилар?
Улар банкка мурожаат қиладилар. Банк уларни пул билан таъминлашга тайёр туради. Пул
ниҳоят тугайди. Хўш, пул қаердан олинади, тугаган захира қаердан тўлдирилади? Қаердан
олинишини ўзингиз яхши биласиз. Бу пуллар босиш дастгоҳлари турган цехдан олинади.
Палмер гапдан тўхтади, тўсатдан овози кўтарилиб кетганини, унинг сўзлари улардан икки
стол нарида ўтирган киши эътиборини тортганини ҳис қилди. Орага чўккан жимлик пайти у
сигаретасини кулдонга босди, нега бунча ҳаяжонланаяпсан, деб ўз-ўзига савол берди.
— Сиз файласуфлардай гапга тушиб кетдингиз, — деди Виржиния Клэри.
— Ҳа, пул хусусида менинг ўз фалсафам бор, — рози бўлди Палмер. — бу фалсафа жуда
архаик бўлиб, агар уни ҳаётга татбиқ қиламан десангиз, эҳтимол, бир неча ҳафта ичида бутун
мамлакатни хонавайрон қиларди. Банк ишининг кўп асрлик тарихига асосланган банкчининг
пулга нисбатан нуқтаи назари ана шунақа.
Мисс Клэри сал бош эгди-да, унга синовчан назар солди:
— Хонавайрон қилиш фалсафангизни менга изоҳлаб беринг-чи...
Палмер кулиб юборди, кулгиси ғалати чиқди.
— Бор нарсангни сарфлашга шошилма, — деди у. — Бу жуда аниқ, лекин жуда қийин,
бажариш оғир масала. Бирор чиройли нарсани кўрсанг, ўзингда пайдо бўлган уни сотиб олиш
истагини енгишга ҳаракат қил. Унинг учун аввал пул йиғ, кейин харид қил. Эҳтимол бу орада
уни сотиб олиш истагинг сўниб қолар.
Мисс Клэри кенг қошларини чимирди.
— Оҳ, бунақа чекланган турмуш тарзи нақадар даҳшат, — тўнғиллади Виржиния.
Палмер елка қисди
— Ҳа, агар чекланган деган сўзни интизом маъносида айтаётган бўлсангиз.
— Интизом? — Наҳотки бу сўз, сал-пал яхшироқ жарангласа? Мисс Клэри бош чайқади. —
Йўқ, бунақа ҳаёт маҳзун, рангсиз, совуқ. Ҳодисаларсиз, ҳаяжонларсиз.
— Зеро, ҳал қилиб бўлмас муаммоларсиз, тангликларсиз.
— Мана, кўрдингизми? Бу, умуман, ҳаёт эмас, фақат муқаддимаси-ку.
— Сафсата.
— Ҳаётнинг ўзи нима? Муаммолар, қийинчиликлар ва бирдан ўз йўлингда ажойиб нарса
учрайди-ю, уни ўзингники қилиб олишни истайсан. Сен ўз истагингни бажарасан, пулини эса
кейин тўлайсан.
— Ҳозир кимнинг ҳаёти ҳақида гапираяпсиз ўзи? — қизиқди Палмер.
Банкир (роман). Лесли Уоллер
Do'stlaringiz bilan baham: |