www.ziyouz.com кутубхонаси
167
— Вуди, сен тутуруқсиз йигитчага ўхшаб қолаяпсан аста-секин. Бу, биласанми, тутуруқсиз
чолдан кўра ёмон.
— Мен тутуруқсиз эмасман. Шунчаки қизиқувчанман.
— Мен билмайдиган бирон нарсани биласанми? — қизиқсинди Элдер.
— Дангал айтаман: ҳеч нарсани.
— Тутуруқсиз чолнинг бошини қотирма, Вуди.
— Хаёлимга ҳам келгани йўқ.
— Келаси сафар валақлаш касалинг хуруж қилиб қолганида, менга хабар қил. — Ички алоқа
ўчириб қўйилди.
Виржиния Клэри жимиб қолган интеркомга қараб турарди.
— Булар бари нимани англатади?
— Яна бир дунё қалтис саволлар.
— Сиз билан Элдер кеча оқшом бир жойда бўлганмидингиз?
— Бэркхардт ва Мергендал, хотинларимиз ва яна бир нечта меҳмонлар билан бирга эдик.
Жувон интеркомдан нигоҳини олмаётганди, бироқ унинг кўзлари хиёл торайди.
— Ҳаётингиз ҳодисаларга ҳаддан ташқари тўлиб-тошган, мистер Палмер, — деди у.
— Мен бу зиёфатга кечикиб бордим. Бутунлай эсимдан чиқиб кетибди.
— Ростдан эсингиздан чиққанмиди?
— Ростдан. Зиёфатгача бир иш бўлдию калламга ҳеч нарса келмабди.
Жувоннинг жим турганини кўриб, Палмер стол оша унга эгилди-да, қоғозларни бир четга
суриб, деди:
— Бир нима десангиз-чи.
— Аввал ўйлаб олай, кейин айтаман. — Охири жувон кўзларини кўтариб, унга қаради.
Палмер унинг хижолатда қолганидан кўра кўпроқ жаҳли бурни учида турганини кўрди.
— Тўғриси ҳам шу-да. Зиёфат бутунлай эсимдан чиқиб кетибди.
Бир сониядан сўнг жувоннинг чеҳраси хижолатдан қизарди. У тескари ўгирилиб, хўрсиниб
қўйди.
— Жинниман, — деди Виржиния — Ҳатто нега жаҳлим чиққанини ҳам билмайман. Бу
аҳмоқлик бўлмай нима? — У кўзининг қири билан йигитга қараб қўйди-да, яна ундан нигоҳини
олиб қочди: — Илтимос, бунга эътибор қилманг.
— Сиз-чи?
— Унутаман, — ваъда берди жувон.
Улар узоқ жим қолишди.
— Жин урсин, кечиринг мени, — бирданига деди йигит охири. Жувон қаддини ростлади ва
жилмайишга ҳаракат қилди. — Ҳаммаси жойида. — Сўнг нафасини ўнглаб, бошини кескин
силтади: — Энди яхши. Қани, беринг ўша қалтис саволларингизни. — Жувон яна бошини дадил
силкиб қўйди, гўё бу билан унда энди ҳақиқатан ҳам ҳаммаси жойида эканини тасдиқлагандек.
— Бўпти. — Йигит столнинг ўзи қоғозлардан холи қилиб қўйган жойга қаради. Холи жой
ҳозир Палмернинг шуурини банд этган фикрнинг ўзи каби мунгли ва якранг кўринар эди.
Бўшлиқни тўлдириш учун у беихтиёр бир қанча дуч келган қоғозни ўша жойга суриб қўйди.
— Ғоям шу қадар оқилона ва шу қадар аҳмоқонаки, шундай нарсани ўйлаган каллам
каллами ё ошқовоқми, ўзим билмайман.
— Менда синаб кўра қолинг.
— Сиз, ростданам, бу ғоям тўғрилигини синаб кўришдан чўчимайдиганим ягона одамсиз! — У
қўли билан юзини аста силаб қўйди. — “Жет-Тех” биздаги ҳаддан ташқари катта ва паст
фоизли, жуда узоқ муддатли меъёрдаги пул заёми тўғрисида музокаралар олиб боришга
уринаётганини эшитсангиз, билмадим, қандай аҳволга тушасиз?
— Қанча экан ўша пул?
— Сизнинг ўзингизни деб мен на пул миқдорини, на меъёр фоизини сизга айта оламан.
Банкир (роман). Лесли Уоллер
Do'stlaringiz bilan baham: |