www.ziyouz.com кутубхонаси
166
қўймасдан кўп йиллардан бери адо этиб келарди.
— Яна қандайдир тахминлар борми?
— Бизникилардан бири унга бир даста пул кўрсатганмиш.
— Шундай бўлиши мумкинми? — тиниб-тинчимасди Палмер.
— Биласизми, мен реклама бўлимининг кичик бир одамиман, фолбин эмасман.
— Мен эса сизни чинакам кельт жодугари деб юрардим.
— Фақат қоронғи тушгандан кейин.
— Ҳа. Энди эсладим.
— М-м...
Улар жимиб қолишди.
— Нима ҳам дердик, — деди сўнгра Палмер. У хўрсинди-да, жувонга қараб жилмайиб қўйди.
— Калаванинг учи қўлимга кирди десам бўлаверади. Борди-ю, бир силтасам, худди
кўзбойлоғичнинг сеҳрли таёқчасидай бутун калавани чийратиб юборади.
— Марҳамат, маэстро.
Йигит ички алоқа телефонига узанди-да, “Элдер” тугмачасини босди. Бир сониядан сўнг
интеркомда Гаррининг хирилдоқ овози янгради:
— Нима гап, Вуди?
— Тафсилотларни четлаб ўтишга мажбурман, Гарри. Кеча тилга олинган ажойиб битим
бизга даставвал қачон таклиф этилганини айта оласанми?
— Йигирма йиллик...
— Тафсилотларсиз, — унинг сўзини бўлди Палмер.
— Ҳа. Яхши. Ўйлаб олишим керак. Тағин келиб-келиб тонг саҳардан-а.
— Тортинмай ўйлайвер.
— Ўйлаяпман, ўйладимам, — тишининг орасидан деди Элдер. — Топдим.
— Хўш?
— Бу қайсидир корхонани молия билан таъминлаш ҳақидаги музокараларни қайта бошлаш
муносабати билан ўн саккиз ойлар муқаддам содир бўлганди-ёв. Ўшанда, менимча, ҳеч ким бу
таклифга жиддий эътибор бермаганди.
— Лэйн Бэркхардт ҳаммадан кам қизиққанмиди?
— Айниқса Лэйн. У бу таклифни жуда ҳам аҳмоқона, бунақасини умримда кўрмаганман
деганди.
— Ҳамма ҳам бунга ҳазилга ўхшаган бир нарса деб қараганмиди? — сўради Палмер.
— Фақат кечаги узун сочли дўстимиздан ташқари ҳамма.
— Албатта. У бу битимни ҳозирги шаклида қачон тақдим қилганди?
— Бир йилча аввал. Балки, ундан камроқми-ей.
— Лэйн ҳамон буни ҳазил деб юрармиди?
— Энди ундай деб ўйламаётганди, — деди Элдер. — Бундоқ ўйлаб қарасаки, бу жиддий
нарса экан. Жиддийлиги шунчаликки, у шартта рад этди уни. Бунк идораси розилигини олиб,
албатта.
— Ҳозир бу таклиф яна кўтарилаяптими?
— Барра бодрингдай беғубор. Фақат бу гал пули кўпроқ.
— Хўш? — Палмер сукутга чўмди. — Улар ўз таклифларини янгидан барбод бўлишига замин
тайёрлашмоқчи деса бўладими?
— Йўқ, бундай эмас, — деди Элдер. — Шунчаки йил ўтиб кетди. Уларнинг режалари
кенгайди, уларга кўпроқ шу керак. Мен буни тушуна оламан. Наҳотки сен тушунмаётган
бўлсанг?
— Нега тушунмай? Бўпти, раҳмат, Гарри.
— Кеча кабаредаги томоша ҳақида нима дейсан? — сўради Элдер.
— Менга столда — дастурхон устидаги томоша кўпроқ ёқди.
Банкир (роман). Лесли Уоллер
Do'stlaringiz bilan baham: |