www.ziyouz.com kutubxonasi
21
дарадан-дарага таралиб, узоқ вақтгача акс садо бериб янграб турди.
Ўғилчамизни Самад деб атадик. Унга мен шундай деб ном қўйдим. Самад бизнинг
эрмагимиз бўлиб қолди: Самад, бизнинг Самад жилмайди, унинг тишчалари чиқиб қолди.
Хуллас, ҳамма ёш ота-оналардек биз ҳам уни севиб ардоқлар эдик. Биз бир-биримизни
севардик, аҳил ва иноқ яшардик, сўнгра эса... Сўнгра бахтсизлик юз берди...
* * *
Бу бахтсизликка қандай йўлиқиб қолганимни ҳозир қайтадан баён этиш анча мушкул.
Ҳаммаси аралаш-қуралаш бўлиб, чигаллашиб кетди... Ўзим-ку, биламан-а, аммо бундан нима
фойда...
Бу одам билан ҳеч қачон учрашмаган эдик. Унинг бу ишларга ҳеч қандай алоқаси ҳам йўқ
эди. Мен буни шунинг учун гапиряпманки, ҳақиқатан ҳам на у, на мен бир-биримизнинг бу ёруғ
дунёда шундай яшаётганимизни билмас эдик. Бир куни йўлда тасодифан учрашиб қолдик ва бу
бизнинг сўнгги учрашувимиз эмаслигига ўзимиз ҳам шубҳа қилмай ажралишган эдик. Бор гап
шу...
Кеч кузда сафарга кетмоқда эдим. Ҳаво кишини зериктирадиган тунд эди. Осмондан қорми,
ёмғирми, қандайдир майда заррачалар ёғарди. Туман худди сумалак сингари тоғ ёнбағирлари
бўйлаб чизилиб кетган эди. Бутун йўл бўйи кабина ойнасини артиб турадиган чўткани муттасил
ишлатиб қўйишга тўғри келди. Мен тоғ оралаб хийла ичкарига кириб бориб, Дўлан довонига
яқинлашиб қолган эдим.
Эҳ, Дўлан, Дўлан, Тянь-Шаннинг баҳайбат бели! Умримнинг қанчадан қанча саҳифалари у
билан боғлиқ! Қатнов йўлимизнинг энг оғир, энг хавфли қисми ҳам шу ер эди. Йўл илонизи
бўлиб, гоҳ у ёққа бурилади, гоҳ бу ёққа. Чархпалакда учгандек тобора қиялаб юқорига
кўтарилиб, булутларни ғилдирак билан янчиб ўтаётгандек бўласан. Гоҳ сени ўтирғичга сиқиб,
орқага жипслаб қўяди, гоҳ рулга ёпишганингча машина сени пастга олиб қочади. Бунинг устига
қутурган туядек ҳавосини айтмайсанми. Ёзми-қишми, Дўланда, барибир. Бир зумда дўлми,
ёмғирми савалаб кетади ёки бўлмаса, шунақаям қор бўрони туриб берадики, бир қадам
наридаги нарсани ҳам кўра олмайсан. Мана шундай бизнинг оқ сочли Дўлан!.. Аммо биз тян-
шанликлар унга кўникиб қолганмиз, кўпинча, тунда қатнардик... Мен буларни ҳозир ҳикоя
қилиб беряпман, у ердан қатнаб юрган пайтларда эса бу ҳакда ўйлашга ҳам вақтинг бўлмасди.
Дўлан яқинидаги даралардан бирида юк машинасига қувиб етиб олдим. Бу «ГАЗ-51»
машинаси эканлиги аниқ ёдимда. Тўғрироғи, қувиб етганим йўқ, унинг ўзи тўхтаб турган экан.
Икки киши моторни текшириш билан овора эди. Улардан бири йўл ўртасига бамайлихотир
чиқди-да, қўлини кўтарди. Йўлни тўсиб қўймаслик учун улардан ўтиброқ тўхтадим. Олдимга
жиққа ҳўл брезент плаш кийган, бошига капюшон ёпинган киши келди. Ёши қирқларга бориб
қолган, қўнғир мўйлови солдатчасига чўткасимон қилиб қирқилган, қовоғи солиқроқ, кўзлари
эса мулойим тикиларди.
—
Йўл участкасига элтиб қўй, йигит, — деди у менга. — Мотор ишламай қолди, трактор
келтирамиз.
—
Қайси участкага? — деб сўрадим. Чунки йўл тузатиш участкалари кўп эди, бундай
участкалар деярли ҳар ўн беш-йигирма километрда бўларди.
—
Дўландаги метеостанцияга етмасдан бир оз берирокдагисига.
Метеостанция довоннинг энг баланд ерида, йўл тузатиш участкаси эса етти километрлар
чамаси пастда, йўлдан сал четроқда, бурилишда жойлашган эди.
—
Ўтиринг, — дедим, — олиб бориб қўяман. Балки ўзимиз бирор иложини топармиз? —
деб кабинадан чиқдим. Улар трактор деб то кеч киргунча сарсон бўлмасин учун бир амаллаб
ёрдам бергим келди. Йўл тузатувчиларга азбаройи ҳурматим туфайли шундай қилгим келарди:
Чингиз Айтматов. Сарвқомат дилбарим (қисса)
Do'stlaringiz bilan baham: |