www.ziyouz.com kutubxonasi
17
тоғларнинг оч бинафша ранг тизмалари кўзга чалинади. Бу тизмалар устида кул ранг булутлар
сузиб юрарди.
—
Уни қара, Асал! Оққушлар! — деб қичқириб юбордим мен. Оққушлар Иссиқкўлга фақат
кузда учиб келишиб, шу ерда қишлашади. Баҳорда эса бу ерга жуда камдан-кам келишади.
Одамларнинг айтишича, булар шимолга кўчиб кетаётган жануб оққушлари эмиш. Уларнинг
келиши яхшиликдан, бахтдан дарак берар эмиш...
Оққушлар галаси оқшомги кўл узра учиб юришарди, Қушлар гоҳ юқорига кўтарилар, гоҳ
қанотларини ёйиб пастга сузишарди. Улар сувга қўнар, қанотлари билан шалоплатиб уриб,
кўпириб турган сув томчиларини узоқларга сачратардилар-да, яна осмонга кўтариларди. Сўнгра
улар турнақатор тизилиб, бир текисда қанот қоқишиб, тунамоқ учун кўрфазнинг қумлоқ
соҳиллари томон учиб кетишарди.
Биз кабинада ўтириб, кўлни жимгина томоша қилардик. Гўё ҳамма нарсани ҳал қилиб
қўйгандек, шундай дедим:
—
Ҳу-ув анови қирғоқдаги тунука томларни кўряпсанми, у бизнинг автобазамиз бўлади.
Мана бу бўлса, — деб кабинани кўрсатдим, — бизнинг уйимиз!— дедим-да, бирдан кулиб
юбордим. Уни қаёққа ҳам олиб борардим.
Асал кўзларимга тикилиб, ўзини кўксимга ташлади. У менинг пинжимга тиқиларкан, ҳам
йиғлар, ҳам куларди.
—
Жонгинам, азизим! Менга ҳовли-жойнинг кераги йўқ! Фақат ота-онам, кейинчалик бўлса
ҳам қачон бўлмасин, мени тушуниб, гуноҳимни кечиришса бўлгани. Улар мендан умрбод хафа
бўлишарди, буни яхши биламан... Аммо айб мендами ахир...
Тезда қош қорая бошлади. Кўкни булутлар қоплаб олди, — кўлга сокинлик чўкиб, энди
қорайиб кўринарди. Тоғ тизмаларига гўё электр пайвандчи ўтириб олгандек, бирдан ўт чақнаб,
кўзларни қамаштирар ва яна ўчар эди. Момақалдироқ босиб келаётган эди. Оққушларнинг
йўлларини ўзгартганлари ҳам бежиз эмас. Тоғда ёғингарчиликка дуч келишларини олдиндан
сезганлар.
Мана, момақалдироқ гумбурлади. Ёмғир шаррос қуя бошлади. Кўл чайқалиб тўлқинланиб
қирғоқларга урила кетди. Бу биринчи баҳор момақалдироғи эди.
Бу — бизнинг бирга ўтказган биринчи тунимиз эди. Кабина устидан, ойналардан ёмғир
пақирлаб сув қуйгандек оқиб, сизиб тушарди. Олис-олисларга чўзилган оч яшил яшинлар қоп-
қора кўлга сузиб тушарди. Биз эса бир-биримизнинг пинжимизга кириб, шивирлашиб
гаплашардик. Асалнинг чўчиганиданми ё совуқ қотганиданми, сал титраётганини сезиб
турардим. Уни камзулим билан ўраб, қаттиқроқ қучоқладим. Шунда ўзимга ўзим жуда кучли,
улкан одамдек бўлиб кўриндим. Ўзимда шунчалик меҳр ва муҳаббат борлигини ҳеч қачон
сезмаган эдим, бировга меҳрибонлик ва ғамхўрлик қилиш шунчалик завқли эканини ҳам
билмасдим. Унинг қулоғига: «Ҳеч кимга, ҳеч қачон сени хафа қилдириб қўймайман, қизил
дуррачали сарвиқоматим!» — деб пичирладим.
Ана-мана дегунча ёмғир ҳам анча шаштидан тушиб қолди. Аммо чайқалиб ётган кўл ҳамон
бешик-бешик бўлиб тўлқинланар, ёмғир шивалаб ёғарди.
Мен кабина токчасидаги сафарда олиб юриладиган радиоприёмникни олдим. Ўша
кезлардаги менинг топган-тутганим шу эди. Музика тинглашни жуда яхши кўраман, шунинг
учун ҳам приёмникни доим ўзим билан бирга олиб юрардим. Унинг у ёқ-бу ёғини созлаб,
керакли тўлқинни тутдим. Ҳозиргидек эсимда: ўша кеча театрдан «Чўлпон» балетини олиб
эшиттиришмоқда эди. Балетда куйланаётган ёқимли ва кишини ўзига тортувчи қудратли музика
садолари худди ўша ашулада куйланган чин севги каби тошлар оша, чўққилар оша кабинага
оқиб келаётган эди. Бутун зал ҳаяжонга келган, гулдурос қарсаклар билан артистларни
олқишлар, томошабинлар уларнинг номларини айтиб қичқиришар эди, эҳтимол раққос ва
раққосаларнинг оёқлари остига гуллар отишаётгандир. Аммо, менимча, театрда ўтирганлардан
Чингиз Айтматов. Сарвқомат дилбарим (қисса)
Do'stlaringiz bilan baham: |