1.3. Ўқувчиларнинг креатив қобилиятларини шакллантиришда муаммоли ёндашув амалиёти таҳлили Бугунги кунда ўқувчиларда креатив қобилиятларни шакллантиришда энг самарали ишлаб чиқилган муаллифлик мажмуаси сифатида чизма, расм, лойиҳалаш орқали креатив ёндашувдан фойдаланиш ҳисобланади ва бу ўқув материалини ўзлаштириш сифатини сезиларли даражада ошириши, ўқувчиларнинг шахсий фазилатларини шакллантиришга ҳам ёрдам бериши лозим. Мактабда таълим олиш мобайнида ўқувчиларда махсус қобилиятларни ривожлантириш энг фаол жараён ҳисобланади, чунки ўқувчилар биринчи марта ўзларининг келажакдаги танлаган касб-ҳунарга оид дастлабки маълумотлар ва турли хил касбий фаолият турлари билан танишадилар. Ўқувчиларнинг билим олиш билан бирга ўқув фаолияти самарадорлигининг мажбурий талаби сифатида уларнинг келажакда танлаган мутахассислигига мос келадиган маълум бир тажрибага асос бўлиб хизмат қилади.
Умумий ўрта таълим мактабларида ўқувчиларни ўқитиш икки компонент билан тавсифланади: биринчиси, ўқувчиларнинг самарали интеллектуал фаолияти бўлса, иккинчиси эса ижодкорликка интилиш ҳисобланади. «Ижодкорликка йўналтириш ҳар бир ўқувчининг маълум даражада касбий тайёргарлигининг иккинчи таркибий қисми ҳисобланади. Бундай мақсад ўқитишда аниқ белгиланиши лозим, чунки ўқувчилик ёшида шаклланган муносабат меҳнат фаолияти соҳасига ўтишга мойиллигини белгиловчи омил ҳисобланади»30. Саволнинг шундай шаклланиши шахсий-ижтимоий-фаоллик ёндашувига мос равишда ўқитишнинг муаммоли-фаоллик концепциясидан мактабларда ўқув жараёни яъни амалий машғулотлар жараёнида кенг фойдаланиш учун долзарб эҳтиёжни туғдиради. Шахсий ижтимоийфаоллик ёндашуви ва ўқитишнинг муаммолифаолият концепцияси, бизнингча, дизайн лойиҳалар воситасида ўқувчиларда креатив қобилиятларни шакллантириш муаммосини кўриб чиқишда алоҳида ўрин тутади.
Ўқитишнинг муаммоли фаолият тури шахснинг ривожланиши инсон атрофидаги ҳақиқатни ва ўзини ўзгартирадиган ижтимоий-тарихий жараён билан белгиланади, шунинг учун мактаб таълим тизими шахсий-ижтимоий-фаоллик ёндашувига мувофиқ равишда қурилиши керак деган услубий позицияга асосланади. «Ўқувчиларда юзага чиқаётган шахсий-ижтимоий-фаоллик ёндашуви педагогик ва ижтимоий психология тамойилларини ўз ичига олади ва унинг афзаллиги шахснинг шаклланиши ҳамда ривожланишининг асосий омиллари: шахсий (шахсий фаолият омили), ижтимоий ва профессионал жараённинг умумийлиги билан белгиланади»31. Шахсий ёндашув ўқувчиларнинг жисмоний, индивидуал-психологик ва бошқа хусусиятларини ҳисобга олади ва бу ўқитувчилардан ўқувчилар билан индивидуал мулоқот қилиш услубини талаб қилади. Ушбу жараёнда ўқувчиларни турли хил ўқув ва касбга йўналтириш фаолиятига тайёрлаш жараёнида ўқитишнинг ўзига хослиги, уларнинг касбий ва шахсий ўзини ўзи англаш шакллари ўрганилади, қизиқишига қараб фаолиятнинг етакчи тури ажратиб олинади. Бу даврда ўқувчиларнинг креатив қобилиятлари ва дизайн муаммоларини самарали ҳал қилишга ёрдам берадиган касбий ва шахсий фазилатлари самарали шаклланади.
Бугунги таълим муҳитида умумий ўрта таълим муассасаларида дизайн лойиҳалар воситасида ўқувчиларнинг креатив қобилиятларини шакллантириш технологияларини такомиллаштиришга етарли эьтибор қаратилмагани, ҳозирги кунда мазкур тадқиқот ишига зарурият борлигини кўрсатмоқда.
Шуни таъкидлаш керакки, ҳар бир ўқув материали ўқувчиларга муаммони тақдим этиш ёки унинг ечимига қаратилган чораларга унчалик мос келавермайди. Бу икки омил билан белгиланадиган муаммолилик даражасига боғлиқ:
- ушбу муаммо доирасида ўқувчиларга маълум ва номаълум бўлган нисбатларидан чиқарилган муаммонинг мураккаблиги даражаси;
- муаммони ҳал қилишда ўқувчиларнинг креатив ёндашуви иштироки улуши билан белгиланади.