Янги ўтилган мавзуни мустаҳкамлаш ва баҳолаш. Янги ўтилган мавзуни ўқувчилар онгига мустаҳкамлаш учун ўқитувчи махсус тайёрлаб келган саволларни ўқувчиларга ҳавола қилади, дарсликдаги ҳар бир мавзу сўнгига келтирилган торшириқ ва масалалардан танлаб ечилади.
Ўқувчиларнинг фанга бўлган қизиқишлари ортиб бориши учун улар биринчи навбатда, янги мавзуни тушунган бўлишлари, дастлабки содда саволларга жавоб бера олишлари, синф иши топшириқларини бажаришда фаол
иштирок эта олишлари, ўзлаштирган билимларини амалиётда татбиқ қила олишлари лозим.
Дарснинг бу қисмида ўтилганлар юзасидан савол-жавоблар ташкил этиб, баъзи саволлар билан навбатдаги дарслар мавзусига ўқувчиларнинг қизиқишини, эътиборини орттириб, шундай муаммоли вазият ҳосил қилиш керакки, ўқувчилар кейинги дарсгача муаммоли саволларга имконият даражасида жавоб излайдилар, мустақил топа олмасалар, навбатдаги дарсда топадилар. Бундай усул ўқувчиларни мантиқий фикрлашга, дарслик ва қўшимча адабиётлар билан ишлашга ундайди.
Ҳар бир ўқитувчи ўз ўқувчиларининг бундай изланишлар ва ҳаракатлар оқибатида ўз савол-муаммоларининг тўғри жавобига эришишларида кўмакчи бўлиши мумкин. Акс ҳолда ўқувчи бир масала ёки муаммонинг ечимини охирига етказа олмаса, саволига қониқарли жавоб тополмаса, фанга бўлган қизиқиши маълум даражада пасаяди.
Ўқувчиларнинг дарс давомидаги меҳнатлари, ҳаракатлари ва изланишлари натижаларини баҳолаш ва рағбатлантириш ҳам ўқувчиларнинг дарсга бўлган қизиқиши ва эътиборини орттиришга хизмат қилади. Дарснинг бу қисмига 10-15 минут сарфлаш тавсия этилади.
Дарсни якунлаш (хулосалаш) ва уйга топшириқ бериш. Ҳар бир дарс ундан хулоса чиқариш ва ўқувчиларга уйда бажариш учун топшириқ бериш билан якунланади. Дарс сўнгида уйга вазифаларни беришда ўқувчиларга индивидуал ёндашган маъқул. Ҳар бир ўқувчининг салоҳиятига қараб, синфда ишланган масалаларга тенг кучли топшириқларни бериш керак бўлади. Шу билан бирга ўқувчиларга навбатдаги дарсга тайёрлаш мақсадида ечими кейинги дарсларда ўтиладиган мавзуга боғлиқ бўлган, лекин бироз мантиқий фикрлаб уддалаш мумкин бўлган масалаларни бериш ижобий самара беради.
Агар ўқувчи уйда саволларга мустақил жавоб топа олмаса, масалаларни еча олмаса, унда фандан зерикиш пайдо бўлади, ўз қобилиятига ишонч йўқола бошлайди. Шуларнинг олдини ҳар бир ўқитувчи олиши керак.
Ҳар бир дарс сўнгида ўқувчиларга уйга вазифа беришда топшириқларни шундай танлаш лозимки, аксарият ўқувчилар уларни мустақил еча олсинлар ва уларга берилган топшириқларни бажаришда ота-оналар ҳам ёрдам бера олсинлар. Бу ўқувчиларнинг ўзларига ишонч, фанга бўлган қизиқишининг ортиб боришига ҳамда мактаб ва оила ҳамкорлигининг мустаҳкамланишига хизмат қилади.
Дарсни якунлаш ва уй вазифасини беришда:
а) дарсликдан нималарга эътибор беришни, мавзуни такрорлашни;
б) қайси масалаларни қандай фикрлаб ечиш бўйича маслаҳатлар бериш мақсадга мувофиқ. Дарснинг бу қисмига 4-6 минут вақт ажратиш тавсия этилади.
Бунда уй вазифасининг меъёрини ва унга ўқувчи қанча вақт сарфлаши назарда тутилиши лозим.
Ўқувчилар дарслик билан ишлашга, мустақил мутолаа ва мушоҳада қилишга, мантиқий фикрлаб фан тушунчаларини юқори даражада эгаллашларига эришиш лозим.
Ўқитиш жараёнида қўйилган мақсад бўйича кафолатланган натижага эришишда қўлланиладиган ҳар бир таълим технологияси ўқитувчи ва ўқувчи ўртасида ҳамкорлик фаолиятини ташкил эта олса, уларнинг ҳар иккаласи ҳам ижобий натижага эриша олса, ўқув жараёнида ўқувчилар мустақил фикрлай олсалар, ижодий ишлай олсалар, излансалар, таҳлил эта олсалар, ўзлари хулоса чиқара олсалар, ўзларига, гуруҳга, гуруҳ эса уларга баҳо бера олса, ўқитувчи эса уларнинг бундай фаолиятлари учун имконият ва шароит ярата олсагина самара бериши мумкин.
Қўйилган мақсадни амалга ошириш ва кафолатланган натижага эришиш ўқитувчи ва ўқувчининг ҳамкорликдаги фаолияти ҳамда улар қўйган мақсад, танланган мазмун, метод, шакл, воситага, яъни технологияга боғлиқ.
Ўқитувчи ва ўқувчининг ҳамкорликдаги мақсаддан натижага эришиш учун қандай технологияни танлашлари уларнинг ихтиёрида, чунки ҳар иккала томоннинг асосий мақсади аниқ, яъни натижага эришишга қаратилган. Бунда ўқувчиларнинг билим савияси, гуруҳ характери, шароитга қараб ишлатиладиган технология танланади.
Ўқитувчи томонидан ҳар бир дарсни яхлит ҳолатда кўра билиш ва уни тасаввур этиш учун бўлажак дарс жараёнини лойиҳалаштириб олиш керак. Бунда ўқитувчи томонидан бўлажак дарснинг технологик харитасини тузиб олиш катта аҳамиятга эгадир. Чунки дарснинг технологик харитаси ҳар бир мавзу, ҳар бир дарс учун ўқитилаётган фаннинг хусусиятидан, ўқувчиларнинг имконияти ва эҳтиёжидан келиб чиққан ҳолда тузилади.
Бундай технологик харитани тузиш осон эмас, чунки бунинг учун ўқитувчи педагогика, психология, хусусий методика, педагогик ва ахборот технологияларидан хабардор бўлиши, шунингдек, жуда кўп методлар ва усулларни билиши керак бўлади. Ҳар бир дарснинг ранг-баранг, қизиқарли бўлиши аввалдан пухта ўйлаб тузилган дарснинг лойиҳалаштирилган технологик харитасига боғлиқ.
Дарснинг технологик харитасини қай кўринишда ёки шаклда тузиш, бу ўқитувчининг тажрибаси, қўйган мақсади ва ихтиёрига боғлиқ. Технологик харита қандай тузилган бўлмасин, унда дарс жараёни яхлит ҳолда акс этган бўлиши ҳамда аниқ белгиланган мақсад, вазифа ва кафолатланган натижа, дарс жараёнини ташкил этишнинг технологияси тўлиқ ўз ифодасини топган бўлиши керак.
Ўқитувчи томонидан ҳар бир мавзу, ҳар бир дарс бўйича тузилган юқоридаги каби технологик харита унга ўз фани, предметини яхлит ҳолда тасаввур этиб ёндашишга, тушунишга (бир чорак, бир ўқув йили бўйича), яхлит ўқув жараёнининг бошланиши, мақсадидан тортиб, эришилган натижасигача кўра олишга ёрдам беради. Айниқса, технологик харитани ўқувчининг имконияти,
эҳтиёжидан келиб чиққан ҳолда тузилиши, уни шахс сифатида таълимнинг марказига олиб чиқишга олиб келади. Бу эса ўқитишнинг самарадорлигини оширишга имконият яратади.
Do'stlaringiz bilan baham: |