МЕҲНАТ НИЗОЛАРИНИ ҲАЛ ЭТИШ
Иш берувчи ва ходим ўртасида юзага келган меҳнат низолари Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунчилигига биноан ҳал этилади.
XIV. ИЖТИМОИЙ ШЕРИКЛИК, КСАБА УЮШМАСИ ФАОЛИЯТИНИНГ КАФОЛАТЛАРИГА РИОЯ ЭТИЛИШИ
14.1. Иш берувчи ва Касаба уюшмаси қўмитаси ўзаро муносабатларида ижтимоий шериклик, ҳамкорлик, ўзаро манфаатларни ҳурмат қилиш тамойилларига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, Меҳнат кодекси ва бошқа қонун ҳужжатларига амал қиладилар.
14.2. Иш берувчи Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонун ҳужжатларига, шунингдек Ўзбекистон Республикаси томонидан ратификация қилинган халқаро шартномалар ҳамда Халқаро меҳнат ташкилотининг конвенцияларига биноан касаба уюшмасининг ҳуқуқларига риоя қилади, унинг фаолиятига ҳар томонлама кўмаклашади.
14.3. Иш берувчи банкда ходимларнинг ягона вакиллик органи сифатида Касаба уюшмаси қўмитасини тан олади.
14.4. Томонлар касаба уюшмаси аъзоларининг аъзолик бадаллари банк бухгалтерияси орқали пул ўтказиш йўли билан тўланиб борилишини мақсадга мувофиқ деб билади.
14.5. Иш берувчи
а) жамоа шартномасига кирмаган ижтимоий-иқтисодий масалалар бўйича қарорлар қабул қилишда Касаба уюшмаси қўмитаси билан олдиндан келишиб олади;
б) Касаба уюшмаси қўмитаси талаб қилганда унга меҳнат ҳамда ижтимоий-иқтисодий ривожланиш билан боғлиқ масалалар юзасидан маълумотлар тақдим этади;
в) Касаба уюшмаси қўмитасининг уставда белгиланган фаолиятини амалга ошириш учун уни хоналар, транспорт, ташкилий техника, алоқа воситалари, канцелярия моллари билан бепул таъминлаш мажбуриятларини зиммасига олади.
14.6. Касаба уюшмаси қўмитаси:
а) банкнинг ижтимоий ва иқтисодий ривожланиш дастурлари бажарилишига кўмаклашади, бу борада ходимлар ташаббусларини қўллаб-қувватлайди ҳамда ривожлантиради;
б) иш ҳақи тўланиши, Шартнома бўйича қўшимча тўловлар берилишининг тўғрилигини, шунингдек меҳнат муҳофазаси шароитларини яхшилаш юзасидан тадбирлар бажарилишини назорат қилади;
в) меҳнат тўғрисидаги қонунлар ижросини назорат қилади, ходимларнинг ҳуқуқий саводхонлигини юксалтиришга кўмаклашади;
г) касаба уюшмаси аъзоларининг меҳнат қилиш ҳуқуқини ҳимоя қилади;
д)иш жойларидаги мавжуд камчиликларни ўз вақтида бартараф этилишига эришади ва иш жройларини меҳнат муҳофазаси қоидалари талабларига мувофиқ ҳолатга олиб келиш борасида Иш берувчи томонидан тегишли чоралар кўрилишини талаб қилади;
е) ходимлар ва уларнинг оила аъзоларини дам олиши ҳамда соғломлаштириш учун ходимларнинг аризаларини тегишли соғломлаштириш масканларига йўлланмалар билан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан тасдиқланган меъёрлар доирасида таъминлайди;
ё) банкдаги меҳнат шароитлари ҳолати юзасидан жамоат назоратини ташкил қилади ва амалга оширади;
ж) касаба уюшмаси аъзолари орасида меҳнат интизомини мустаҳкамлашга қаратилган тушунтириш ва ташкилий ишларни олиб боради, можароларга олиб келувчи вазиятларнинг олдини олишга қаратилган чораларни кўради;
з) ҳар хил танловлар, спорт мусобақалари ғолибларини тақдирлаш учун рағбатлантирувчи совғалар ва мукофотлар таъсис этади.
14.7. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши мажлисининг 2013 йил 25 январдаги 7-4 сонли қарорига биноан асосий ишдан озод этилмаган Касаба уюшмаси қўмитаси раиси ва ғазначисига касаба уюшмаси вазифаларини бажариб турганлари учун ҳар ойда тўлов Ўзбекистон Республикасида ўрнатилган энг кам иш ҳақининг 2 баробари миқдорида қўмитага сайланган ҳамда доимий юклатилган топшириқларни ўз вақтида бажариб келаётган ходимларга бир йилда 2 маротаба энг кам иш ҳақининг 2 баробари миқдорида мукофот пули касаба уюшмаси ҳисоб рақамидан ажратилади.
14.8. Адлия вазирлигида 1995 йил 18 декабрда 196-рақам билан рўйхатга олинган “Меҳнат муҳофазаси бўйича вакил ҳақида Низом”га биноан ходимларнинг қуйидаги тоифалари Ходимлар вакиллари деб эътироф этилади:
а) сайлаб қўйиладиган касаба уюшмаси органлари аъзолари;
б) меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича вакиллар;
в) меҳнат низолари комиссияси аъзолари (меҳнат низолари комиссияси тузилган ҳолда).
14.9. Ишлаб чиқаришдаги асосий ишидан озод қилинмаган Ходимлар вакилларига жамоатчилик ишларини бажариш учун ҳар ҳафтада икки соатдан бўш вақт берилади.
14.10. Ишлаб чиқаришдаги асосий ишидан озод қилинмаган Ходимлар вакилларига интизомий жазо чоралари қўллаш, улар билан Иш берувчи ташаббусига кўра меҳнат шартномасини бекор қилиш Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексида, Ўзбекистон Республикасининг “Касаба уюшмалари, уларнинг ҳуқуқлари ва фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонунда назарда тутилган чекловларга риоя қилинган ҳолда амалга оширилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |