Мавзу: Нерв системаси.
Режа:
Марказий нерв системаси тараққиёти.
Бош мия яримшарлари пўстлоқ қисми.
Орқа мия.
Сезувчи нерв тугунлари.
Вегетатив нерв системаси.
Марказий нерв системасига бош мия, орқа мия ва мияча киради.
Тараққиёти. Сиз биласизки, нерв системаси эктодермадан такомил этади. Аввал нерв найи, нерв тутамлари хосил бўлади. Нерв найи ҳужайралари тез бўлиниши натижасида унинг девори қалинлашади, тешиги тораяди. Нерв найи бўшлиғи орқа мия каналига, мия қоринчаларига айланади. Орқа мия нерв найининг пастки қисмидан тарақққий этади. 1-2-бел умуртқасига бўлган сохани тўлдириб туради, каудал қисми эса орқа мия сегментларидан чиқаётган афферент ва эфферент нерв толаларидан иборат. Нерв найининг олдинги бош қисми интенсив ривожланиб ундан 3 та мия пуфаклари: олдинги, ўрта ва орқа пуфаклар хосил бўлади. Сўнгра улардан 5 та мия пуфаги пайдо бўлади.
Олдинги мия пуфагидан хосил бўлади:
Теленцефалон, бу қисмда миянинг пўстлоқ қисми, унга тўғри келувчи оқ модда ва марказий тугунлар, хидлов нерви (риненцефалон) ва гипоталамус сохасининг олдинги қисми (парс оптика) шаклланади. Охирги мия бўшлиғидан латерал қоринчалар, III қоринча олдинги қисми хосил бўлади.
Оралиқ мия (диэнцефалон), бу қисмда глобус паллидус, таламус оптикус, метаталамус, эпиталамус ва гипоталамус сохасининг орка қисми шаклланади. Оралиқ мия бўшлиғи III қоринча орқа қисмига (кўз пуфагига) айланади.
Ўрта мия пуфагидан хосил бўлади:
Мезенцефалон, бу қисмда тўрт тепалик, мия оёқчалари хосил бўлади. Бўшлиғи бош мия қоринчалари ва орқа мия каналини бирлаштирувчи Сильвий сув йўлига айланади.
Орқа мия пуфагидан хосил бўлади:
Метенцефалон, бу қисмда Варолиев кўприги ва мияча тараққий этади. Бўшлиғи IV қоринчага тўғри келади.
Миеленцефалон, узунчоқ мияни хосил қилади.
Нерв найи ҳужайралари 3 йуналишда дифференциаллашади:
1). Нейронлар хосил бўлади;
2). Олигодендроглиоцит ва астроцитлар хосил бўлади;
3). Эпендимоцит ҳужайралар хосил бўлади;
Нейронлар нерв найининг ўрта қаватида жойлашган нейробласт ҳужайралари дифференциалланишидан такомил этади. Шу билан бирга бу ерда олигидендроцитлар ва астроцит ҳужайралари хосил бўлиши манбаи бўлган спонгиобласт ҳужайралари тараққий этади. Нерв найини қопловчи ҳужайралари эпендимиоцит ҳужайраларига дифференциллашади. Бу ҳужайралар орқа мия каналини ва бош мия қоринчалари деворини хам қоплаб туради. Ганглиоз пластинкадан эса сезувчи нерв тугунлари ва вегетатив нерв системаси шаклланади.
Марказий нерв системасида макроскопик 2 та асосий компонент фарқланади: кулранг ва оқ модда. Кулранг модда нейрон танаси ва нейроглиядан иборат. Оқ моддада нейрон танаси йуқ. У нейрон ва нейроглия ҳужайраларидан чиқувчи толаларни тутади.
Do'stlaringiz bilan baham: |