Молекуляр қават етарлича кенг, унча катта бўлмаган юлдузсимон ҳужайралардан таркиб топган. Юза қисмида майда ҳужайралар, чуқурроқда эса йирикроқ юлдузсимон, яъни саватсимон ҳужайралар жойлашади (10-20 мкм).
Саватсимон ҳужайралар йирик оч ядрога эга, цитоплазмасида доначалар тутади. Кучли шохланган дендритлари ҳамма томондан йўналиб молекуляр қават юзасигача кўтарилади. Шохлари кенгайма ва ён ўсиқчаларга эга. Аксонлари латерал юзасидан чиқиб, горизонтал йўналишда Пуркинье ҳужайраларига параллел холда йуналади, ўзидан пастга ва юқорига йўналган коллатерал чиқаради. Кўп сонли толалари Пуркинье ҳужайралари ёки уларнинг аксонлари яқинида шохланиб, улар билан синапслар хосил қилади. Битта ҳужайранинг ўзи кўпгина Пуркинье ҳужайралари билан улар атрофида саватча хосил қилиб боғлана олади, бир қисми эса Пуркинье ҳужайраси коллатераллари билан биргаликда донадор қаватнинг йирик Гольджи ҳужайралари атрофида саватча хосил бўлишида қатнашади. Юзада ётувчи майда юлдузсимон ҳужайраларнинг 2 тури мавжуд:
1) Турли йўналишга кетувчи ингичка, калта дендритли ва Пуркинье ҳужайра дендритлари билан тормозловчи синапс хосил қиладиган, ён шохларга эга, горизонтал йўналувчи калта аксонли ҳужайралар.
2) Узун шохланган дендритли ва вертикал йуналган молекуляр қаватнинг пастки сохасида шохланиб тугайдиган ёки ганглионар қаватда Пуркинье ҳужайралари атрофида саватча хосил қилишда иштирок этувчи узун аксонли йирик дуксимон ҳужайралар.
Ганглионар ўрта қават 1 қават, эни 30-35 мкм ва узунлиги 50-70 мкм бўлган йирик ноксимон ҳужайралардан иборат (Пуркинье ҳужайралари). Уларнинг асоси донадор қаватда ётади. Бу ҳужайралар шарсимон ядрога эга, цитоплазмаси доначалар тутади, аксонида доначалар учрамайди. Ҳужайрадан чиқувчи 2-3 дендрит бутун молекуляр қават кенглиги бўйича шохланади. Ҳужайра асосидан чиқувчи аксонлари воронкасимон кенгайиб, донадор қават орқали оқ моддага ўтади ва мияча ядроларида тугалланади. Донадор қаватда улар миелин қобиқ билан ўралади, коллатераллар беради. Коллатерал толалар Пуркинье ҳужайралар қаватига қайтади, йўлида донадор қаватнинг йирик Гольджи ҳужайралари атрофида саватча хосил бўлишида қатнашади (тормозловчи синапслар). Кейин шохланиб, 2 та чигал хосил қилади: plexus profundus – Пуркинье ҳужайралари ва донадор қават орасида, plexus superficialis –Пуркинье ҳужайралари устида. Коллатераллар ва чигаллар миелин кобиқ билан ўралган.
Донадор қават. Кўп сонли ганглионар ҳужайралар – доналардан ва кам миқдорда йирик Гольджи ҳужайралардан иборат. Дона ҳужайралар 5-8 мкм катталикда, 3-4 дона калта дендритлари бутасимон шохланган, хар бир тармоқланиш соҳасида тирноқсимон ҳосилалар мавжуд (қуш оёғига ўхшаш). Баъзи дендритлар паренхиматоз оролчаларга (мияча коптокчалари, glomerulus) кириб ундаги миячанинг афферент ўтказув йўли толалари (мохсимон) билан боғланади. Аксонлари Пуркинье ҳужайралар қаватига перпендикуляр йўналиб, молекуляр қаватга кўтарилади ва тутамларга бирлашади, Т-симон бўлиниб бурмалар юзасига параллел кетади. Шунинг учун бутун молекуляр қават параллел холатда узунасига кетган миелинсиз толалар билан тўлган. Молекуляр қаватнинг чуқур қисмида улар кўпроқ учрайди. Бу толалар Пуркинье ҳужайралари, юлдузсимон ва саватсимон ҳужайра дендрит шохлари билан контакт (боғланиш) хосил қилади (қўзғатувчи синапслар). Биттагина донадор ҳужайра ўзи жойлашган бурмадаги кўпгина Пуркинье ҳужайралари билан боғлана олади.
Катта юлдузсимон ҳужайралар (Гольджи) 3 турда бўлади:
1) Калта аксонли, доначали (Ниссл), ҳар томондан кучли шохланган дендритлар чиқариб, молекуляр қаватнинг донача ҳужайра аксонлари билан бирикувчи (тормозловчи синапслар) донадор ва донадор қаватнинг турли сохаларида ётувчи ҳужайралар. Дендритлари шунингдек донадор қаватнинг ўзига хам боради. Донадор қаватда аксонлар кучли тармоқланиш натижасида тўр ҳосил қилади ва донача ҳужайраларни мохсимон толалар билан ҳосил қилган контакт соҳасидан юқорироқда шу ҳужайраларнинг дендритлари билан синапс ҳосил қилади. Улар тормозловчи импулсларни узатади, шунинг учун мохсимон толалардан келувчи қўзғатувчи импульсларни блокадаси содир бўлиши мумкин.
2) Мияча пўстлоғининг турли сохалари орасидаги боғланишни таъминловчи узун аксонли юлдузсимон ҳужайралар. Уларнинг дендритлари донадор қаватда шохланиб узуксимон ёки тугмасимон шаклда Пуркинье ҳужайраларида якунланади. Нейритлари оқ модда томон йўналади.
3) Дуксимон горизонтал ҳужайралар - ганглионар қават ёнида ва оқ модда чегарасида кўпроқ жойлашади. Донадор ва ганглионар қаватда синапслар хосил қилади, нейритлари эса оқ моддага ўтишдан олдин донадор қаватга коллатераллар беради. Яна бир ҳужайра ажратилади, думалоқ, йирик донача ҳужайра – аксонлари шохланмасдан оқ моддага кетади.
Do'stlaringiz bilan baham: |