1) субъектларнинг мақомига кўра: а) ҳокимият органларидаги коррупция; б) хусусий сектордаги коррупция; в) сиёсатдаги коррупция ёки сиёсий коррупция;
2) даражасига кўра: а) қуйи даражадаги коррупция; б) юқори даражадаги коррупция; в) вертикал коррупция;
3) ижтимоий хавфлилик даражасига кўра: а) коррупция-қилмиш;
б) коррупция-жиноят.
Коррупциянинг кўрсатилган турларини муфассалроқ кўриб чиқамиз.
Ҳокимият (ижроия, вакиллик ва суд) органларидаги коррупция ҳозирги вақтда жаҳоннинг деярли барча мамлакатлари, шу жумладан Ўзбекистондаги муҳим муаммолардан бири ҳисобланади. Бу турдаги коррупция жиноятларининг ўзига хос хусусияти шундан иборатки, уларни ўзлари қонунга риоя этишлари ва уни муҳофаза қилишлари лозим бўлган кишилар содир этадилар. Аксарият мамлакатларда бу жиноятлар кенг тарқалганлиги, давлат аппарати ходимлари коррупция домига илинганлиги мазкур мамлакатларнинг қонунчиларини порахўрлик, мансаб мавқеини суиистеъмол қилиш ва бошқа хавфли мансабдорлик жиноятларига қарши қатъий чоралар кўришга ва, аксинча, амалдорларнинг унча хавфли бўлмаган ва кўпроқ даражада тарқалган жиноятларига жиддий эътибор бермасликка (масалан, унча қиммат турмайдиган совға олиш жиноят ҳисобланмайди) мажбур қилаётир.
Нодавлат ташкилотларидаги ёки хусусий сектордаги коррупция ҳозирги вақтда анча кенг тарқалган. Ташкилот (тижорат ёки жамоат ташкилоти) раҳбари унинг уставда белгиланган вазифаларига қатъий риоя этиши лозим, лекин у, давлат амалдори каби, ўзига қарашли бўлмаган ресурсларни ўз шахсий манфаатларида ёки иккинчи томон фойдасига тасарруф этиши, ташкилот манфаатларига зид бўлган ҳаракатларни содир этиши мумкин. Бунга кундалик ҳаётдан мисоллар: тижорат банкларида мақсади пул олиш ва ғойиб бўлишдан иборат бўлган лойиҳаларга пора эвазига кредитлар берилиши; турли мулк шаклига мансуб бўлган корхоналарда давлат ва корхона зарарига моддий бойликлар (вино-ароқ ёки нефть-кимё маҳсулотлари ва ш.к.)ни пора эвазига арзон нархларда олиш ва ҳ.к.
Айрим тадқиқотчилар сиёсий коррупцияни коррупция жиноятларининг алоҳида тури сифатида ажратадилар. Масалан, россиялик олим профессор В.А.Шабалин сиёсат ва жиноятчилик муаммоларига доир манбаларни таҳлил қилар экан, бу ҳодисани “ҳукмрон сиёсий элита давлат ресурсларидан ўз ҳокимиятини мустаҳкамлаш мақсадида ғайриқонуний фойдаланишида акс этувчи девиант сиёсий хулқ-атвор” сифатида тавсифлайди. Бу фикрга қозоғистонлик олим профессор Е.О.Алауханов ҳам қўшилади.
Бундан ташқари коррупцияни ўрганувчи мутахассисларнинг аксарияти сайлов чоғида сайловчиларнинг овозларини сотиб олишни ҳам сиёсий коррупцияга киритади. Бу ерда мансабдор шахсдан ташқари коррупцияга хос бўлган барча белгилар мавжуд.
Сиёсий коррупциянинг айниқса кўп учрайдиган шакллари пора олиш ва пора бериш ҳисобланади. Кейинги ўринда сайлов ҳуқуқини амалга ошириш чоғида сиёсат субъектларини пора эвазига оғдириш туради.
Фаолият кўрсатиш даражаларига кўра қуйи даражадаги, юқори даражадаги ва вертикал коррупция фарқланади.
Қуйи даражадаги коррупция ҳокимият ва бошқарув органларининг ўрта ва қуйи даражаларида айниқса кенг тарқалган бўлиб, амалдорлар ва фуқароларнинг мунтазам ўзаро алоқаси билан боғлиқ (рўйхатдан ўтказиш, жарималар, лицензиялаш, турли рухсатномалар олиш ва ш.к.).
Юқори даражадаги коррупция ҳокимият органларида ишлайдиган сиёсатчилар, олий мартабали амалдорларни қамраб олади ва жуда катта қимматга эга бўлган қарорлар қабул қилиш билан боғлиқ (қонунларни илгари суриш ва қабул қилиш, давлат буюртмалари, мулк шаклларини ўзгартириш ва ш.к.). Аксарият ҳолларда коррупция битимидан манфаатдор бўлган иккала томон айни бир давлат ҳокимияти органида ишлайди. Масалан, қуйи турувчи давлат органининг амалдори ўзининг юқори турувчи бошлиғига у пора берувчининг коррупцион ҳаракатларига ҳомийлик қилиши ёки қўшимча маблағлар, ресурслар, ваколатлар бериши учун пора беради.
Коррупциянинг пора олиш ва хизмат мавқеини суиистеъмол қилиш каби одатдаги шаклларидан ташқари, коррупция амалда намоён бўлишининг қуйидаги шаклларини фарқлаш мумкин:
мансабдор шахслар, давлат хизмати ходимлари, депутатлар тижорат фаолиятида шахсий ёки корпоратив наф кўриш учун бевосита иштирок этиши; давлат пул маблағларини ўзлаштириш ниятида тижорат тузилмаларига ўтказиш учун ўз хизмат мавқеидан фойдаланиш; ўз корпоратив (сиёсий, диний, миллий ва ш.к.) гуруҳига давлат ресурслари ҳисобидан имтиёзлар бериш; шахсий ёки корпоратив наф кўриш мақсадида оммавий ахборот воситаларига тазйиқ ўтказиш учун ўз хизмат мавқеидан фойдаланиш; мансабдор шахслар ва давлат хизмати ходимлари шахсий бойиш мақсадида тижорат тузилмаларида сохта шахслардан ва қариндошларидан фойдаланиши; шахсий ёки корпоратив наф кўриш мақсадида ахборотни манипуляция қилиш (бузиб кўрсатиш, бермаслик, бериш муддатларини чўзиш ва ш.к.) учун хизмат мавқеидан фойдаланиш; тор группавий манфаатларда норматив ҳужжатлар қабул қилиш ҳақидаги қарорларни илгари суриш; айрим номзодларнинг сайлов фондларига давлат молиявий ва моддий ресурсларини тақдим этиш.
АҚШда коррупциянинг “кикбэкинг” деган шакли анча кенг тарқалган. Унинг схемаси жуда содда: жиноий тил бириктириш иштирокчилари муайян нархларда битим тузишга оғзаки келишадилар, расмий битимни эса баландроқ нархларда имзолайдилар. Тафовутнинг бир қисми битимга рухсат берган мансабдор шахсларга топширилади, яъни яширин пора берилади. Пора олишнинг мазкур шакли сўнгги йилларда Ўзбекистонда ҳам қўлланилмоқда.
Коррупция жинояти нафақат хуфёна, балки коррупцияга доир муносабатларга киришган томонларнинг ўзаро келишувига биноан содир этилади. Аксарият ҳолларда у тегишли ҳокимият органларига шикоят берилишига сабаб бўлмайди, чунки ғайриқонуний келишувдан иккала томон ҳам наф кўради. Ҳатто пора сўраш ҳоллари устидан ҳам камдан-кам ҳолда шикоят қилинади, чунки одамлар коррупцияга қарши кураш жараёнига ишончсизлик билан қарайдилар. Бунинг учун миллий ва хорижий тажриба билан боғлиқ бўлган муайян объектив ва субъектив асослар мавжуд. Коррупция ҳаракатлари одатда давлат фаолиятининг мутахассис бўлмаган кишилар тушуниши анча қийин бўлган ўзига хос турларида содир этилади. Коррупция ўта мослашувчан жиноятдир. У вазиятга қараб тинимсиз ўзгаради ва такомиллашиб боради. Шу боис бу ҳодиса ҳақида тўлиқ, мукаммал ёки ҳеч бўлмаса репрезентатив маълумотлар мавжуд эмас.
Do'stlaringiz bilan baham: |