5. Коррупция жиноятларининг олдини олиш
Коррупцияга қарши кураш ҳар тарафлама тараққий этган давлатнинг устувор вазифаларидан бири саналади.
Қанчалик қайғули туюлмасин, жиноятчилик ҳамма мамлакатларда ва ҳамма даврларда бўлган. Лекин ХХ асрнинг 90-йилларига келиб у, дунё миқёсидаги жараёнлар таъсирида, ўта хавфли кўлам касб этмоқда.
Шу сабабли халқаро-ҳуқуқий соҳада коррупция муаммоларига нисбатан ёндашувнинг ўзгариши кузатилмоқда. Коррупция, худди темирдаги занг каби, давлат бошқаруви тизимини чиритиши, унга путур етказиши, давлат хизмати ва давлат хизматчиларига салбий муносабатни вужудга келтириши, ҳокимият нуфузи, давлат лавозимларидаги хизмат обрўсининг йиқолишига, ҳозирги амалдорлик кадрлар корпусини тавсифловчи сифат кўрсаткичларининг ёмонлашишига сабаб бўлиши, бинобарин, давлатчилик ғоясига путур етказиши аён бўлиб қолди.
Шуни таъкидлаб ўтиш лозимки, коррупцияга қарши кураш ҳамда унинг олдини олиш жуда оғир ишдир, чунки у нафақат яширин тарзда, балки жиноий тил бириктириб содир этилади. У, одатда, шикоят берилишига сабаб бўлмайди, чунки айбдор тарафлар қонунга хилоф битимдан наф кўрадилар. Ҳатто товламачилик йўли билан ҳақ беришни талаб қилиш устидан ҳам шикоят камдан-кам ҳолларда берилади, чунки турли мамлакатларда яшайдиган одамлар коррупцияга қарши кураш жараёнига ишончсизлик билан қарайдилар.
“Коррупция муттасил равишда ўз қиёфасини ўзгартиради ва такомиллашиб боради. Яширинлик – унинг асосий хусусиятидир. Шу боис мазкур ҳодиса ҳақида тўлиқ маълумотлар ҳеч қаерда мавжуд эмас. Суд қаршисида жавоб берган айбдор шахслар эса бундан ҳам камроқ. Амалда айрим, энг қуйи тоифа коррупциячиларгина жазога тортилади”.
Коррупция давлатни ўзининг аксига – аҳолига нисбатан амалдорларнинг ўзбошимчалигига айлантиради. Коррупция фуқаронинг давлат вакили билан маъмурий муносабатлари маъно-моҳиятини ўзгартиради ва жамият учун ҳам, давлат учун ҳам салбий оқибатларга сабаб бўлади. “Коррупция – давлат органлари ходимлари моддий ёки мулкий йўсинда ғайриқонуний шахсий наф кўриш мақсадида ўз хизмат мавқеидан фойдаланишида ифодаланадиган ижтимоий ҳодисадир. Лекин фақат давлат хизматчилари коррупция фаолиятининг субъектлари ҳисобланади, чунки коррупция муносабатлари юзага келишига сабаб бўладиган қарорлар қабул қилиш ёки ҳаракатлар содир этиш учун ҳокимият ваколатига фақат улар эга бўлади”.
Бугунги кунда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларини кўпчилик коррупцияга қарши етарли чора-тадбирлар кўрмаётганликда айбламоқда. Бироқ бу ерда давримизнинг мазкур хавфли иллатига қарши курашнинг самарасизлиги сабабларини аниқлаб олиш муҳимдир. Муҳим сабаблардан бири шундаки, Ўзбекистонда коррупцияга қарши кураш бўйича қонунчилик базаси ҳозирги вақтда эндигина ишлаб чиқилмоқда.
Коррупцияга қарши кураш чора-тадбирларини ҳуқуқий таъминлашда “коррупция” тушунчасига амалдаги қонун ҳужжатларининг биронтасида ҳам таъриф берилмаганлиги бугунги кунда энг катта муаммо туғдирмоқда. Ҳолбуки, мазкур иллатга қарши кураш чора-тадбирларининг аниқ чегараларини ўрнатиш учун коррупцияга ҳуқуқий таъриф бериш зарур. У шунингдек қайси жиноий қилмишларни коррупция хатти-ҳаракатлари қаторига киритиш лозимлигини, коррупция ҳаракати сифатида тан олинган ножиноий қилмишларнинг қайсилари учун бошқа жавобгарлик турлари – маъмурий, фуқаролик-ҳуқуқий, интизомий жазолар назарда тутилиши лозимлигини тушунишни енгиллаштиради.
Бундан ташқари, “коррупция” тушунчасини қонун йўли билан мустаҳкамлаш коррупцияга қарши кураш олиб борадиган турли субъектларнинг ваколатлари доираси ва фаолиятининг миқёсини аниқлаш, уларнинг куч-ғайратини тўғри мувофиқлаштириш ва зарур ўзанга солиш имконини беради. Акс ҳолда коррупцияга қарши кураш олиб борадиган субъектларнинг ҳар бири уни мазкур ҳодисанинг ўз талқинидан келиб чиқиб амалга оширишига барҳам бериш қийин кечади. Кўпинча коррупцияга қарши кураш ниқоби остида ҳокимият билан боғланмаган оддий жиноятни аниқлаш яшириниб ётади. Ҳолбуки, айнан ҳокимият билан боғлиқлик белгиси коррупция тўғрисида сўз юритиш имконини берадиган асосий белги ҳисобланади. Аниқланган ва барҳам берилган коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар миқдори ҳақидаги статистик маълумотлардаги фарқлар шу билан белгиланади.
Демак, бизнингча коррупция жиноятларининг олдини олиш учун қуйидагиларга эътибор қаратиш лозим:
Do'stlaringiz bilan baham: |