2. Коррупцияга қарши кураш тарихи Коррупция тарихи инсоният тарихи каби кўҳнадир. Қадимги юнон файласуфи Аристотель шундай деган эди: “Ҳар қандай давлат тузумида энг муҳими – бу қонунлар ва тартиб-қоидалар воситасида ишни шундай ташкил этишки, мансабдор шахслар қинғир йўл билан бойлик орттира олмасин”. Пора олиш ва бериш Қадимги Римда амал қилган 12 жадвал қонунларида тилга олинган. Ибтидоий ва илк синфий жамиятларда коҳинга, қабила оқсоқолига ёки ҳарбий бошлиққа муайян имтиёзни қўлга киритиш учун ҳақ тўлаш табиий бир ҳол сифатида қаралган. Давлат аппаратининг мураккаблашуви ва профессионаллашувига қараб вазият ўзгариб борган. Олий мартабали амалдорлар қуйи турувчи “хизматчилар” фақат тайинланган маош билан қаноатланишларини талаб қилганлар. Қуйи даража амалдорлар эса, аксинча, ўз хизмат вазифаларини бажарганлик учун арзгўйлардан яширинча қўшимча ҳақ олишни (ёки талаб қилишни) маъқул кўрганлар.
Коррупция ҳақидаги энг қадимги қайдлардан бирига қадимги Бобилнинг миххатда ёзилган битикларида дуч келинган. Милоддан аввалги учинчи минг йилликнинг ўрталарига тааллуқли бўлган матнларда айтилишича, шумер подшоси Урукагин ўша замонлардаёқ қонунга хилоф ҳақ олишга ружу қўйган судьялар ва амалдорларнинг қонунбузарликларига чек қўйиш муаммосини ечиш йўлларини излаган31.
Шунга ўхшаш масалаларга қадимги Миср ҳукмдорлари ҳам дуч келган. Археологик тадқиқотлар жараёнида топилган ҳужжатлар милоддан аввалги 597-538 йилларда, яҳудийлар Бобил подшоси томонидан асирга олинганидан кейинги даврда, Иерусалимда коррупция айниқса авж олганидан далолат беради.
Профессионал давлат амалдорлари ҳали мавжуд бўлмаган антик жамиятлар тарихининг илк босқичларида (қадимги юнон шаҳар-давлатлари, республика Рими) коррупция деярли бўлмаган. Бу ҳодиса антик давр таназзулга юз тутган босқичдагина вужудга келган. Бу даврда коррупция домига илинган давлат амалдорлари ҳақида: “У бой вилоятга камбағал бўлиб келиб, камбағал вилоятдан бой бўлиб кетди”, дейишган. Айни шу даврда рим ҳуқуқида "corrumpire" деган махсус атама пайдо бўлган, у “бузиш”, “пора эвазига оғдириш” ибораларининг синоними ҳисобланган ва мансаб мавқеини суиистеъмол қилишнинг ҳар қандай кўринишларини ифодалашга хизмат қилган.
Марказий ҳукумат ҳокимияти заиф бўлган жойларда (масалан, илк ўрта аср даврида Европада) хизмат мавқеидан аҳолидан ўз чўнтагига ҳақ ундириш учун фойдаланиш аксарият ҳолларда умум эътироф этилган меъёрга айланган.
Давлат марказлашгани сари у фуқароларнинг мустақиллигини қаттиқроқ чеклаган ва шу тариқа қуйи ва олий бўғин амалдорларига қаттиқ назоратдан қутулишни истаган фуқаролар фойдасига қонунни хуфёна бузишга туртки берган. Коррупция домига илинган амалдорларни бошқаларга дарс бўлсин учун оломон кўз ўнгида жазолашлар одатда ҳеч қандай самара бермаган, чунки амалдан четлатилганлар (лавозимидан олинганлар ёки қатл этилганлар) ўрнини янги порахўрлар эгаллаган. Марказий ҳокимият амалдорлар фаолияти устидан ялпи назорат ўрнатиш учун одатда зарур куч ва воситаларга эга бўлмагани боис, у коррупциянинг ўта хавфли кўринишларинигина жазолаш билан кифояланган.
Ўрта асрларда Ўзбекистон ҳудудида жойлашган давлатларда қабул қилинган одат ҳуқуқи меъёрлари асосан замирида ислом маданияти принциплари ётувчи қонунчилик анъаналари билан белгиланган. Хусусан, Амир Темур давлатида амалдорлар ишини тартибга солиш мақсадида вақти-вақти билан сўроқ, текшириш, тафтиш, тергов ўтказиб турилган. Ўз амалини суиистеъмол қилиш, порахўрлик, доимий равишда ичкилик ичиш, маиший бузуқлик каби қилмишлар оғир гуноҳ ҳисобланган ва қаттиқ жазоланган. Тарихий манбаларда келтирилишича, Амир Темурнинг ўғли Мироншоҳ, неваралари Пирмуҳаммад ва Ҳалил Султонлар юқорида зикр этилган меъёрларни бузганлик учун халқ олдида жазога тортилганлар.
Ўша даврда Ўзбекистон ҳудудидаги феодал жамиятларда ҳозирги талқиндаги коррупция учун жавобгарлик назарда тутилмаган. Шунга қарамай, Ўзбекистон Россия томонидан истило қилинган давргача коррупция қонунийлаштирилган институционал шаклларда намоён бўлган, хусусан ҳукмрон давраларнинг вакилларига у ёки бу тарзда ҳақ бериш феодал мажбурият хусусиятини касб этган. Масалан, оддий деҳқонлардан хонлар, султонлар, бийлар ва зодагонларнинг бошқа вакиллари фойдасига мунтазам равишда “ушур” солиғи – ҳосилнинг ўндан бир қисми ундирилган. Чорвадорлар “закот” солиғи тўлаганлар – бу солиқ миқдори у ёки бу турдаги чорва молининг муайян бошига тенг бўлган. Бундан ташқари, зодагонларнинг вакилларига ва оқсоқолларига ҳар хил турдаги совға-саломлар берилиши лозим бўлган.
Ҳокимият марказлаштирилмагани, ягона давлат амалдорлари аппарати мавжуд эмаслиги, давлат бошқаруви феодал ҳокимият органлари томонидан амалга оширилиши жамулжам ҳолда Ўзбекистон ҳудудида жойлашган давлатлар ҳуқуқида порахўрлик, хизмат мавқеини суиистеъмол қилиш ва ҳоказолар, яъни коррупция учун жавобгарликни назарда тутувчи меъёрлар ҳеч бўлмаса расман пайдо бўлиши имкониятини ҳам истисно этган.
Ўзбекистонда ҳуқуқ тизими шаклланишининг навбатдаги босқичи унинг ҳудудида жойлашган давлатлар Россия империяси томонидан истило қилинган давр билан боғлиқ. Бу босқич мазкур ҳудудда коррупциянинг ижтимоий-ҳуқуқий моҳияти ўзгаришига сезиларли даражада таъсир кўрсатди. Туркистон чор Россияси томонидан босиб олинган даврда Туркистон генерал-губернаторлигида русийзабон аҳоли учун фуқаролик ишлари бўйича судлар, ўзбеклар ва тожиклар учун қози судлари, қирғизлар, қорақалпоқлар ва туркманлар учун бий судлари мавжуд бўлган. Фуқаролик ишлари бўйича судларнинг судьялари асосан юристлар бўлган, қози лавозимига тегишли маълумотга эга, ислом ҳуқуқини яхши биладиган уламолар, бий лавозимига - одат ҳуқуқи билимдонлари тайинланган.
Туркистонда рус мустамлакачилари ҳукм сурган даврда бу ерда коррупция айниқса кучайган. Шу маънода аҳоли томонидан адвокат Убайдулла Асадуллахўжаев номига ёзилган ариза диққатга сазовор. Унда шундай дейилади: “Ҳозирги Андижон тумани бошлиғи Бржезицкий даврида авваллари ҳам мавжуд бўлган порахўрлик, товламачилик ва зўравонлик ниҳоятда кучайиб кетди. Қонун-қоидага айланган бу тизимнинг хусусиятлари қуйидагича: 1) Аҳолидан ўлпон олиш ва порахўрликка маҳаллий амалдорлар: элликбоши, мингбошилар ва ҳозирги бош оқсоқол Шермат Алимқулов (қўқонлик амири лашкар Алимқулнинг ўғли Шермуҳаммад) каби маъмурият вакилларини жалб этишган; 2) Солиқ-ўлпон ундириш ва пора олиш маъмурият вакиллари томонидан бевосита эмас, балки билвосита воситачилар орқали амалга оширилмоқда. Хусусан, ноҳия бошлиғининг тилмочи Юсуфжон ҳожи ҳамда приставларнинг таржимонлари воситачилик қилишади. Бу усул шундай усталик ва изчиллик билан олиб бориладики, натижада аҳоли амалдорларнинг қонунга хилоф ишлари юзасидан қилган шикоятлари ҳеч қачон адолатли ҳал бўлмаслигига кўникиб кетишган”.
1917 йил октябрида чор Россияси ҳудудида юз берган давлат тўнтариши натижасида давлат тузуми ва бошқарув шаклининг ўзгариши коррупцияни ҳодиса сифатида бекор қилгани йўқ, аксинча, унга иккиюзламачилик билан ёндашди ва бу пировард натижада янги маъмурий муҳитда порахўрлик авж олишига замин ҳозирлади.
Халқ Комиссарлар Советининг 1918 йил 8 майдаги “Порахўрлик тўғрисида”ги декрети собиқ совет ҳуқуқида коррупцияга қарши кураш соҳасида қабул қилинган биринчи расмий ҳужжат ҳисобланади”. Мазкур декретга мувофиқ давлат ёки жамоат хизматида бўлган, ўз ваколатлари жумласига кирувчи ҳаракатларни бажаргани учун ёки бошқа идора мансабдор шахсининг вазифаси ҳисобланувчи ҳаракатларни бажаришда кўмаклашгани учун пора олишда айбдор шахслар жавобгарликка тортилган.
Бундай жиноятларга қарши курашда асосий жазо чораси сифатида отиб ўлдириш қўлланилган35. Шу вақтда озиқ-овқат ўта танқис бўлганлиги учун мансабдорлик жиноятлари доираси кенгайтирилиб, мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш жиноятларида ҳатто оддий ишчи ва колхозчилар ҳам айбланганлар36. Адлия Халқ Комиссариатининг 1921 йил 26 февралдаги “Мансабдор шахснинг озиқ-овқат ишларида жавобгарлигини кучайтириш тўғрисида”ги Қарорида бундай ишларда жиноят содир этган ҳар қандай шахс ишчи-деҳқон давлатининг душмани ҳисобланиши таъкидланади37. Оммавий қатағонлар жараёнида мансабдор шахс тушунчаси янада кенгайтирилиб, шахснинг ғайриқонуний қарор қабул қилиши ҳам уни халқ душмани деб эълон қилиш учун асос бўлган. Бу усул мазкур жамият учун жуда қулай бўлиб, у тарихан такомиллаштирилган ва узоқ вақтгача амалда қўлланилган.
Ўз навбатида шўро даврида Ўзбекистонда коррупция жиноятчилигининг тарихий ривожланишини бир неча босқичга бўлиш мумкин: 1) Россия томонидан амалда Ўзбекистон ҳукуматининг фикрини эътиборга олинмай, унинг собиқ СССР таркибига киритилиши (1924 йил); 2) 1937-1939 йилларда ўзбек халқининг асл зиёлиларига нисбатан қатағон сиёсатининг олиб борилиши; 3) ўтган асрнинг 80-йиллари иккинчи ярмида “ўзбеклар иши” ёки “пахта иши” номи билан ўзбекистонлик меҳнаткашларга нисбатан олиб борилган сиёсат замирида ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш, порахўрлик, талон-торож каби коррупция жиноятчилиги ётади38.
1926 йилда ЎзССР ЖК қабул қилиниши билан республика тарихида коррупция жиноятларининг янги тизими вужудга келди. СССР Олий Совети Президиумининг 1953 йил 27 мартдаги “Амнистия тўғрисида”ги Фармонига биноан мансабдор шахсларга давлатнинг ҳуқуқий таъсир чораларини енгиллаштириш назарда тутилди. Фармоннинг асосий мақсади ижтимоий хавфлилик даражаси унча катта бўлмаган мансаб ваколати билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар учун жиноий жавобгарлик ўрнига интизомий ёки маъмурий жазо қўллаш, айрим енгилроқ мансабдорлик жиноятлари учун белгиланган жазо чораларини енгиллаштиришдан иборат эди (Фармоннинг 8-моддаси). Фармонда мансабдор шахслар доираси қонунда белгиланганига нисбатан қисқартирилмади.
Собиқ СССР Олий Совети Президиумининг 1962 йил 20 февралдаги “Порахўрлик учун жавобгарликни кучайтириш тўғрисида”ги Фармонида мансабдорлик жиноятларининг айрим турлари: пора олиш, пора бериш ва пора олиш-беришда воситачилик қилиш учун жавобгарлик кучайтирилди. Ушбу Фармонга асосан жавобгарликни ўта оғирлаштирувчи ҳолатларда пора олганлик учун ўлим жазоси жиноят қонунига киритилди. Жиноят қонуни тез-тез ўзгариб туришига қарамай, коррупция жиноятларининг зарурий белгиси бўлган мансабдор шахс тушунчаси узоқ вақт ўзгаришсиз қолди. ЎзССРнинг 1959 йилда қабул қилинган ЖКда бу тушунчага ўзгаришлар киритилди. Ушбу кодекснинг 148-моддасида мансабдорлик жиноятлари ва мансабдор шахс тушунчаси берилди: “Мансабдор шахснинг ўз хизмат вазифаси бўйича белгиланган мажбуриятларини бузиб давлат ёки жамоат манфаатларига, ёхуд гражданларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларига муҳим зарар етказиши – мансабдорлик жинояти деб танилади. ЎзССР жиноят қонунчилигига биноан, корхонада, муассасада ва ташкилотда доимий ёки вақтинча, пуллик ёки пулсиз, тайинланган, сайланган ҳолда ёхуд айрим топшириқлар юзасидан давлат ҳокимияти актларини амалга ошириш билан боғлиқ бўлган вазифаларни ёхуд маъмурий-бошқарувчилик ва ташкилий-хўжалик характеридаги ҳаракатларни бажарувчи шахс мансабдор шахс деб ҳисобланади”39.
1959 йилги ЎзССР ЖКдан ўрин олган “коррупцион” моддалар асосан Кодекснинг “Мансабдорлик жиноятлари” деб номланган олтинчи бобида жамланган. Булар: 149-модда – Ҳокимият ёки хизмат мансабини суиистеъмол қилиш; 1491-модда – Планларнинг бажарилиши тўғрисидаги ҳисоботларнинг ошириб ёзилиши ва бошқа хилдаги бузиб кўрсатишлар; 150-модда – Ҳокимият ёки хизмат ваколатидан ташқари чиқиш; 151-модда – хизматга совуққонлик билан қараш; 1511-модда – Гражданларнинг таклифлари, аризалари ва шикоятларини кўриб чиқиш тартибини бузиш; 152-модда – Пора олиш; 153-модда – Пора бериш; 154-модда – Пора олиш-беришга воситачилик қилиш; 155-модда – Хизмат сохтакорлиги.
Бу Кодекс 1994 йилда Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодекси қабул қилингунга қадар амалда бўлди.