Уруғни экишга тайёрлаш. Эртаги картошка уруғлик туганакларини экишга тайёрлашнинг энг муҳим ва мажбурий элементларидан бири, катталигига қараб саралаш, 80 граммдан зиёд туганакларни эса узунасига кесиб экиш ҳисобланади.
Юқори ҳосил олиш кўп жиҳатдан уруғликнинг сифатига боғлиқ. Экиш учун соғлом, экилаётган навга хос шаклга эга бўлган 30 граммдан 80 граммгача катталикдаги туганаклар саралаб олинади. Йирик туганаклар кесилгач, ҳар бир тоннасига чириш ва касалланмаслик учун 5-6 килограмм ТМТД порошогини 100 л сувда аралаштириб ивитиб экиш энг яхши натижа беради.
Тажрибамизнинг кўрсатишича, уруғлик туганакларни экиш олдидан 100 л сувда 5-6 килограмм ТМТД билан бирга 2,0 грамм қаҳрабо кислотаси, 50-100 граммдан бор кислота, марганетс сулфат, мис купороси ҳамда 4 килограмм аммофос қўшиб ивитиб экилса, ҳосилдорлик 11-20 % га ошиши аниқланган.
Уруғлик туганаклар экиш олдидан кесилади. Лекин, уларни кузда (ноябр ойида) кесиб қўйиш ҳам мумкин. Бунда кесилган туганаклар дарҳол 12-15 кун давомида 12-20 0С ҳароратда ҳамда сернам (80 %) қоронғи жойда сақланади. Натижада нам йўқолмай, ичига микроорганизмлар киришидан сақлайдиган пробка қават ҳосил қилади.
Картошкачиликда микробиологик ўғитлардан асосий вакили бўлган Байкал ЭМ-1 илкбор синалди.
Мазкур микробиологик ўғит сувли эритма бўлиб, тупроқ фойдали микроорганизмларини ва улар ҳаёт фаолияти маҳсулотларини ўзида мужассамлантирган. Унинг таркибига фотосинтез, сут кислотали, ачитқи, азот тўпловчи каби 89 хилдан зиёд фойдали микроорганизмлар киради.
Ушбу микроблар тупроқда ўзаро таъсир этиб, оқибатда физиологик актив моддалар, ферментлар, ўстирувчи моддалар, гумин кислоталар ҳосил бўлишига ҳар томонлама таъсир этиб, тупроқ унумдорлигига, соғломлашиши ва ўсимликнинг ўсиши ҳамда ривожланишига ижобий таъсир этади.
Байкал ЭМ-1 ўғитининг 30 миллилитр 3 литр хлорсиз сувда кўпайтирилиб, сўнгра 3000 литр сувга аралаштирилиб бир гектар ерга кузда солинганда картошка умумий ҳосилдорлиги гектаридан 30,9 тоннани ёки назорат вариантдан 2,5 тонна зиёд қўшимча ҳосилни таъминлади. Бундан ташқари товар ва уруғбоп ҳосил чиқимига ижобий таъсир этди.
Микробиологик ўғит қўлланилиб етиштирилган уруғлик туганаклар экилганда дала унувчанлиги 99,2 % ни, бир тупдаги поялар сони 4,6 донани ташкил этиб, вируслар билан касалланган ўсимликлар очиқча - 7,7 %, яширинча шаклда – 13,8 %, айниган туганаклар улуши 1,5 % га камайгани қайд этилди.
Микробиологик Байкал ЭМ-1 ўғитининг 30 миллилитри 3 литр хлорсиз сувда кўпайтирилиб, сўнгра 100 миллилитри 100 литр сувга аралаштирилиб 3300 кг уруғлик туганаклар экишолди 4-6 соат давомида ишланиб экилганда умумий ҳосилдорлик гектаридан 29,1 тоннани ёки назорат вариантдан 2,4 тонна зиёд эканлиги маълум бўлди. Уруғлик туганаклар экишолди микробиологик ўғитлар билан ишланганда товар ҳосил гектаридан 28,0, уруғбоп ҳосил 18 тоннани ташкил қилиб, кўпайиш коэффитсенти 5,5 га тенг бўлди. Микробиологик ўғитлар қўлланилиб етиштирилган уруғбоп туганаклар келгуси репродуктсияси экилганда 20-нчи кун дала унувчанлиги 99,9 % ни, ҳар тупдаги поялар сони 4,6 донани ташкил қилиб, ўсимликларнинг вируслар билан касалланиши очиқча - 5,9 %, яширинча шаклда – 6,3 %, айниган туганаклар 4,0 % гача ташкил этгани аниқланди.
Демак, микробиологик ўғитлардан, шу жумладан Байкал ЭМ-1 дан картошкачиликда фойдаланиш янгилиги ҳамда самарали ва экологик софлиги билан ажралиб туради. Унинг самарадорлигини ошириш қўллаш усули, муддати, экин тури, нави, ҳосилдан фойдаланишга, тупроқ типи, шўрланиш даражаси, ер ости сувларининг чуқурлиги, гумус миқдори, ўғитлаш ҳамда тупроқни ишлаш тизимлари каби омилларга боғлиқ. Бу эса тадқиқотларни ҳар томонлама давом эттиришни тақазо этади.
Do'stlaringiz bilan baham: |