Экинни парвариш қилиш. Эртаги картошка одатда 20-25 кундан кейин кўкариб чиқади. Бу вақт ичида экинни бегона ўт босиб кетади, баҳорги ёғингарчиликлар туфайли тупроқ зичлашиб қатқалоқлашади.
Натижада энди уна бошлаган уруғлик туганак ётган тупроқнинг ҳаво ва иссиқлик режими ёмонлашади. Бунга йўл қўймаслик учун эртаги картошканинг биринчи ва асосий парвариши униб чиққунгача ерни 1-2 марта бороналаш ҳисобланади.
Картошка БС-2, БСН-4 маркали тўрсимон бороналар ёки зиг-заг борона ёрдамида кўндалангига ишланади. Бу билан тупроқнинг ҳаво ва сув режими яхшиланади, майсаларнинг қийғос униб чиқиши учун қулай шароит таъминланади, қатқалоқ ва бегона ўсимликлар анча йўқотилади.
Майсалар униб чиққунча қатор оралари тўрсимон борона осилган култиватор билан 1-2 марта ишлов берилса ҳам, ҳосил 12-15 фоизгача ошади. Бунда бир вақтнинг ўзида экин қатор оралари ва эгатлар юмшатилиб, ёппасига ишланади. Тўрсимон борона жуда енгил, унинг тишлари бир-бирига шарнир усулида бириктирилган бўлади. Шу боисдан бороналаётганда эгатни сира бузмайди, уруғлик ва уна бошлаган майсаларни шикастламайди, у эгат марзасини 5-7 сантиметр чуқурликда юмшатади. Эртаги картошка экилган ер 10-12 кундан кейин бороналанади ва култиватсия қилинади, кейинчалик бу иш яна 10-12 кундан кейин такрорланиши мумкин. Майсалар тўлиқ кўкариб чиққандан кейин бороналаш тўхтатилиб, қатор оралари биринчи марта 12-14 сантиметр чуқурликда, кейинги марталарида эса 14-16 сантиметр чуқурликда култиватсия қилинади.
Картошка ҳосил тўплашга тўла киргунча, ҳар галги суғоришдан ёки ёғингарчиликдан сўнг, култиватсия қилиб турилади. Эртаги картошка етиштиришда гербитсидлар фойдаланилмаган майдонларда экинни бегона ўтлардан тоза ҳолда сақлаш учун чопиқ қилиш ҳам зарур тадбир ҳисобланади. Картошкани чопиқ қилишнинг яна аҳамияти шундаки, тупроқ юмшаб, кўпроқ ҳосил тугиш учун қулай шароит туғилибгина қолмай, балки туганакларни ёзги иссиқнинг зарарли таъсиридан ҳам сақлайди. Экин ўсув даврида ҳолатига ва навнинг тезпишарлигига қараб бир-икки марта чопиқ қилинади.
Озиқлантириш. Эртаги картошка ўсув даврида азотли ва фосфорли ўғитлар билан озиқлантириш ҳосил товарлигини ошириб, сифатини анча яхшилайди. Лекин, шуни ҳисобга олиш керакки, эртаги картошка азотли ўғитлар билан кўп нормада озиқлантирилса, ҳосилдорлик ошади-ю, айни вақтда палаклар ғовлаб, ўсимликнинг ер устки қисми кучли ўсиб, ўсув даври узаяди, туганаклар пишиши кечикади. Бундан ташқари крахмал миқдори туганакда камайиб, унинг сақланувчанлиги ёмонлашади.
Фосфорли ўғитлар эса, аксинча, илдизларнинг ривожланишига қулай шароит яратади, туганакларнинг тез етилишига ҳамда крахмал тўпланишига анча ёрдам беради.
Do'stlaringiz bilan baham: |