Касаллик ва зараркунандалари. Картошка замбуруғ ва бактериал касалликларидан фузариоз сўлиш, макроспориоз, ҳалқали чириш, ҳақиқий қўтир (парша), қора сон, ризоктониоз, тоғли жойларда қисман фитофтора тарқалган.
Кураш чоралари: алмашлаб экиш, чидамли навларнинг уруғлик туганакларини экиш ва экишолди саралаш, касалланган ўсимликларни, даладан юлиб чиқариб ташлаш, юқори даражада экинни парваришлашдан иборат. Кимёвий усулда турли самарали препаратлардан (бордос суюқлиги, тсениб, фундазол кабилар) қўлланилади. Ҳақиқий парша 180 (қўтир) га қарши уруғлик туганаклар экишдан олдин 5 % ли ТМТД суспензияси билан ишланади.
Ўзбекистонда картошка зараркунандаларидан симқуртлар, бузоқбошлар, поя ва картошка нематодаси, кузги тунлам, битлар, тсикада, ўргимчак кана ва колорадо қўнғизи учрайди.
Кураш чоралари симқурт, бузоқбош ва кузги тунламларга қарши алмашлаб экиш, ерни чуқур шудгорлаш, яхоб суви бериш, экишолди обдон ерни ва уруғлик туганакларни тайёрлаш, бегона ўтларни йўқотиш, ўсув даврида тупроқни юмшоқ сақлаш, парваришлашни юқори даражада ўтказиш, кимёвий препаратлар (карате, суми-алфа, нурел, арриво, сумитсидин, детсис кабилардан) фойдаланиш ҳисобланади. Колорадо қўнғизига қарши курашиш эртаги картошка технологиясида батафсил баён этилган.
Кечки картошка ҳосилини йиғиш. Ҳосил палак сарғайиб, пастки барглари қуригач, туганак пўсти қалинлашиб, столонлардан осонгина узиладиган бўлгач, октябр охири ноябр ойи бошларида КТН-2Б, КСТ-1,4 маркали ковлагичлар ёрдамида йиғиб олинади.
Ҳосилни механизмлар ёрдамида йиғиб олишда ернинг намлиги ката таъсир кўрсатади. Тажриба натижаларига кўра, ҳосил комбайнларда йиғиб олинадиган бўз тупроқли ерларда тупроқ намлиги 14-16 % бўлиши керак (19-расм). Тупроқ намлиги бундан кам бўлса, туганаклар қуруқ кесакларга урилиб шикастланиши мумкин.
Кўпчилик ҳолларда картошка ўсиб турган палаги билан ковланади. Ҳосилни машиналар ёрдамида йиғиб олишни осонлаштириш учун палак юладиган (УБД-3) ёки КИР-1,5 ротатсион косилкадан фойдаланилади.
Картошка ковлангандан кейин даланинг ўзида бир неча соат давомида қуритилади ва майда-йириклигига қараб сараланади. Бунда вазни 25-30 г дан юқори бўлган йирик ва ўртача туганаклар товар маҳсулот сифатида ажратилади, майда ва шикастланган туганаклар бракка чиқарилади.
Ёғинли кунларда ковланган картошка омбор ёки усти берк бостирмаларда 2-3 кун давомида қуритилади. Агар ҳосилни йиғиш даврида қора совуқлар тушиб қолгудек бўлса, совуқ урган туганакларни аниқлаш мақсадида картошка иссиқ биноларда бир неча кунгача сақланади. Бунда совуқ урган туганакларнинг ҳамма қисми ёки айрим жойлари юмшаб, ажралиб қолади.
Do'stlaringiz bilan baham: |