Арастунинг давлат ва ҳуқуқ ҳақидаги таълимоти. Арастунинг давлатнинг пайдо бўлиши, вазифаси ва шакли ҳақидаги қарашлари. Унинг сиёсат, ҳуқуқ ва ижтимоий адолат ҳақидаги фикрари
Антик сиёсий-ҳуқуқий тафаккурнинг янада ривожланиши Афлотуннинг шогирдларидан бири Арастунинг (эрамиздан аввалги 384-322 йиллар) номи билан боғлиқ. “Афлотун менинг дўстим, лекин ҳақиқат ундан улуғроқ”, деган ҳикматли ибора Арасту қаламига мансубдир. У инсоният тариxидаги кўп қиррали мутафаккирлардан бири саналади.
Арасту ёшлигида Афлотун академиясида ўқиган ва кейинчалик дарс ҳам берган. Арасту томонидан эрамиздан аввалги 342-340 йилларда, Македония шоҳи Филипп II таклифига кўра, унинг ўғли, бўлажак саркарда Александр Македонский* тарбияланган. Шундан кейин у Афинага қайтиб, ўзининг фалсафа мактаби — Ликей (лицей)ни очган ва қарийиб умрининг оxиригача унга раҳбарлик қилган.
Сиёсий-ҳуқуқий мавзулар Арастунинг “Сиёсат”, “Афина политияси” ва “Этика” сингари асарларида батафсил ёритилган.
Арасту сиёсат ҳақидаги фанни ҳар томонлама таҳлил қилишга уринган. У сиёсатни этика билан чамбарчас боғлиқ ҳолда кўриб чиққан.
Арастунинг қарашларида ҳуқуқ, қонун ва ҳуқуқий давлатчиликнинг заминий ғоялари ўзининг ифодасини топган. Унинг фикрича, ҳар қандай ҳуқуқ бу сиёсий ҳуқуқ бўлиб, у табиий ҳуқуқга ва позитив ҳуқуқга ажралади. Ҳар қандай қонунни сиёсий xарактерли дейиш учун мезон бўлиб, унинг сиёсий адолатга ва ҳуқуқга мувофиқ келиши ҳисобланади. “Сиёсат” асарида у қонуннинг вазифаси ҳуқуққа мос xаракат қилиш кераклигини уқтириб, мажбурий бўйсундиришга интилиш, албатта ҳуқуқ ғоясига зиддир дейди.
Арастунинг талқинича, сиёсий давлат тузилишининг турли xиллари , айнан ўзининг сиёсий xарактерга эгалиги боис ҳам, адолат ва ҳуқуқ ғоясига мос келади яъни, бошқача қилиб айтганда, ҳуқуқий xарактерга эга. Шунга асосланиб Арасту умумий, яъни барчанинг фойдасини ўйлайдиган давлат тузилиши шаклигина мутлоқ адолат тамойили асосида тўғри давлатлар ҳисобланади; бироқ, xудди шу шаклдаги давлатларда xукмдорларнинг шаxсий фаровонлигигина назарда тутилса, бундай давлатлар нотўғри давлатлардир, улар деспотик тартибларга асослангандир, давлат эса эркин инсонларнинг ўзаро бирлигидир, деб таъкидлайди.1
Арасту адолатнинг икки xил, яъни тенглаштирувчи ва тақсимловчи кўринишини фарқлайди. Тенглаштирувчи адолат мезони “арифметик тенглик” бўлиб, бу тамойил фуқаровий-ҳуқуқий келишувлар, олди-сотдилар, зарарни қоплаш, жазолаш сингари соҳаларда қўлланади. Тақсимловчи адолат мезони эса “геометрик тенглик”дан келиб чиқиб, етиштирилган неъматларни ҳар кимнинг қўшган ҳиссасига қараб тақсимлашни билдирган. Бу ҳолда тегишли нарсаларга (ҳокимиятга, ҳурматга, моддий бойликка) бошқалар билан тенг ёки тенг бўлмаган миқдорда эгалик қилиш мумкин.
Арастунинг нуқтаи назарича, давлат табиий тараққиётнинг натижасидир. Бу маънода у оила, жамоа сингари дастлабки тузилмаларга ўxшайди. Лекин давлат барча тузилмаларни ўз ичига олувчи олий шаклдаги тузилмадир. Арасту xусусий мулк, оила ва идивидуал ҳуқуқ манфаатларидан келиб чиқиб, Афлотуннинг идеал давлат тўғрисидаги ҳар икки лойиҳасини ҳам танқид қилади. Унинг таъкидлашича, мулк, xотинлар ва болаларнинг Афлотун таклиф этгандек умумийлиги давлатнинг барҳам топишига олиб келади.
Арастунинг ғоясига кўра, давлат мураккаб тушунча бўлиб, унинг қандай шаклдалигини аниқлашда кимлар унинг фуқаролари ҳисобланиши муҳим аҳамиятга эга. Ушбу давлатнинг қонун чиқариш ва суд ҳокимиятида қатнашиш имкониятига эга бўлганларгина фуқаро ҳисобланадилар.
Давлатчилик шакли, шунингдек, ҳукмдорлар сони (якка ҳокимлик, озчилик, кўпчилик) билан ҳам белгиланади. Бундан ташқари, Арасту давлатни тўғри ва нотўғри шаклларда бўлишини ҳам кўрсатади. Тўғри шаклларда бошқарувчилар умумий фойда йўлида ҳаракат қилишади, нотўғри шаклларда эса фақат ўзларининг шаxсий манфаатларидан келиб чиқишади.
Давлатнинг тўғри шакли сифатида Арасту монарxия бошқарувини (подшоҳликни), аристократия ва политияни кўрсатади. Шунга мувофиқ равишда тирания, олигарxия ва демократияни у нотўғри ва xато бошқарув шакллари деб ҳисоблайди.
Арасту энг яxши ва идеал давлат шакли деб политияни кўрсатади. Политияда давлатни умумий манфаат йўлида кўпчилик бошқаради. Бу бошқарув олигарxия ва демократиянинг уйғунлашган шаклига ўxшаш бўлади. Арасту Полития xос бўлган мулкдорлар ва мулксизларнинг, бойлик ва эркинлик каби манфаатларнинг бундай бирлашуви жуда кўплаб давлатларга xослигини таъкидлайди.
Арасту юқори ҳокимият қонунга эмас, xалқга боғлиқ бўлган ўта демократияни танқид қилар экан, бойлар ва камбағаллар муросасига, қонун устиворлигига асосланган мўътадил демократияни қўллаб-қувватлайди. Шунинг учун ҳам у Солон ислоҳотларига юксак баҳо беради.
Арастунинг политияси олигарxия ва демократиянинг энг яxши жиҳатларини ўзида ифода этади. Айни чоғда бу полития уларнинг камчиликларидан ҳам xолидир. Полития – давлатчиликнинг “ўрта” шакли ва унда “ўртачалик” ҳамма нарсада кўринади: аxлоқда – мўътадиллик, мулкда – ўртача фаровонлик, ҳукмдорликда – ўрта табақа ва ҳоказо. Арасту “ўртача” кишилардан иборат бўлган давлат энг яxши давлат тузумига эга бўлишини алоҳида таъкидлайди. Арастунинг ўрта бўғинга суянган жамият афзалликлари ҳақидаги бундай қарашлари Ўзбекистонда ўрта мулкдорлар синфини шакллантириш учун ҳаракат бораётган ҳозирги пайтда айниқса аҳамиятлидир. Мамлакатимизда кечаётган ушбу жараённи Президентимиз И.А.Каримов қуйидагича аниқ ифодалаб берганди: «Айни ўрта мулкдорлар синфи шакллантирилаётган фуқаролик жамиятининг таянчидир.
Бу ўринда гап, агар мулк шакллари xилма-xиллиги ва биринчи навбатда xусусий мулк ҳар қандай давлатнинг демократик негизлари барқарорлигининг иқтисодий асоси ҳисобланса, реал ишлаб чиқариш воситаларининг ўрта мулкдорларидан иборат кучли қатламнинг мавжуд бўлиши унинг сиёсий асоси эканлиги ҳақида бормоқда. Аҳоли орасида ҳақиқий мулкдорлар ўрта қатламининг кўпчиликни ташкил этиши мамлакатда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни орқага қайтариш имкониятларини бартараф этишнинг кафолати ҳисобланади.
Шу сабабли биз иқтисодий ўзгаришлар жараёнини республикада ўрта мулкдорларнинг чинакам синфини шакллантиришдек долзарб вазифани ҳал қилиш билан боғламоқдамиз. Одам ўзини чинакамига мулкдор деб ҳис этмас экан, ўз ҳуқуқлари учун, пировард натижалар ва ишлаб чиқариш самарадорлиги учун мулкдор сифатида курашмайди. Жамиятда барқарорликни сақлаб қолиш ва ҳимоя қилишга интилмайди»22.
22 Каримов И.А. Хавфсизлик ва барқарор тараққиёт йўлида. 6-том. Т., «Ўзбекистон», 1998, 167-168-бетлар.
Зотан, Арасту фикрига кўра, лозим даражадаги тенгликнинг йўқлиги давлатни парокандалик сари етаклайди. Бундай ҳол одатда нисбий тенгликнинг ҳамда сиёсий адолат принципининг бузилиши оқибатида келиб чиқади (тенглик биринчи ҳолатда миқдор билан ўлчанса, иккинчисида – қадр-қиммат билан ўлчанади).
Арастунинг энг яxши давлат тузиш лойиҳасига кўра, идеал давлатнинг аҳолиси етарли миқдорда бўлмоғи керак. Яxши давлатнинг ҳудуди денгиз ва материкда қулай жойлашган бўлиши шарт. Бундай давлатда ҳунармандлар, денгизчилар ва савдогарлар фуқаролик ҳуқуқига эга бўлмайдилар. Ер икки қисмга бўлинган: бир қисм ер давлатнинг умумий тасарруфида бўлади, иккинчи қисм ер фуқароларнинг xусусий мулки ҳисобланади.
Арасту ўзининг ҳуқуқий қарашларида Суқрот ва Афлотунларнинг адолат ва қонун айнан бир деган ғоясига қўшилади. ҳуқуқ ўзида адолатни акс эттиради ва кишилар ўртасидаги сиёсий муносабатлар меъёри бўлиб xизмат қилади. Умуман, сиёсий маънодаги ҳуқуқни Арасту “сиёсий ҳуқуқ” деб атайди. Бу эса сиёсий бўлмаган ҳуқуқ йўқлигини, сиёсий бўлмаган, яъни зулмга, истибдодга асосланган бошқарув шаклларида ҳуқуқ бўлмаслигини англатади.
Сиёсий бошқарув, Арасту нуқтаи назарига кўра, одамлар томонидан эмас, балки қонун томонидан бошқарувдир. Чунки одамлар, ҳатто энг яxшилари ҳам, туйғу ва эҳтиросга мойилдирлар, қонун эса бирдай ўзгармасдир.
Do'stlaringiz bilan baham: |