Фалсафанинг ижодий характери инсонннинг ўз қобилиятини дунёни билишга ва уни ўзлаштиришга йўналтиришида намоён бўлади. Фалсафа жамият ҳаётининг деярли барча жабҳаларига кучли таъсир кўрсатган ҳолда, айни вақтда фан билан доим яқин алоқада иш кўради. У ёки бу фан қандай муайян муаммоларни ҳал қилишидан қатъий назар, улар билан боғлиқ жараёнлар ва ҳодисаларга, яъни бутун вазиятга, шу жумладан охир-оқибатда олинган натижаларга нисбатан фалсафий ёндашув доимо зарурий шарт ҳисобланади. Муайян фан предметига ва унинг олдида турган муаммоларга нисбатан бундай кенг билимнинг бошқа соҳаларида эришилган энг сўнгги ютуқларни ҳам акс эттирадиган яхлит ёндашувсиз фундаментал кашфиётлар қилиш ҳам, умуман фаннинг ривожланишига эришиш ҳам мумкин эмас.
Фалсафа ва фан. Фалсафа нафақат фан, балки ижтимоий ҳаётнинг бошқа, соҳалари: иқтисод, сиёсат, ижтимоиёт, ҳуқуқ, кабилар билан ҳам узвий боғлиқ. Бироқ, биз фалсафа ва фан муносабатларининг генезиси ҳақида уларнинг бирлиги ва фарқларини аниқлаш мақсадида сўз юритамиз. Мазкур масалани муфассалроқ ўрганишга киришар эканмиз, аввало кўрсатилган тушунчаларнинг асосий маънолари ва мазмунларини аниқлаб оламиз.
Фаннинг моҳиятини тушунишга нисбатан икки асосий ёндашув, унинг кенг ва тор талқинлари шаклланган.
Кенг (йиғма) маънодаги фан – бу бутун инсон фаолияти соҳаси бўлиб, унинг вазифаси борлиқ ҳақидаги объектив билимларни ўрганиш ва илмий назарий тизимга солишдан иборатдир. Бу ерда “фан”, “олим” тушунчалари муайянлаштирилмайди ва умумий, йиғма тушунчалар сифатида талқин қилинади. “Фан” тушунчаси фалсафага татбиқан кўпинча айни шу контекстда қўлланилади, файласуфлар эса олимлар деб аталадики, бу қисман ўринлидир.
Муайян илмий фанлар, масалан, физика, кимё, биология, тарих, математикани ифодалаш учун «фан» тушунчасига торроқ, бинобарин, изчилроқ маъно юкланади. Бу ерда фанга аниқ таъриф берилган, олим эса тор мутахассис, муайян билим ифодачиси ҳисобланади. У шунчаки олим эмас, балки доим ва албатта ё физик, ё химик, ё тарихчи, ё бошқа фан вакилидир. Айни ҳолда фан муқаррар тарзда табиат, жамият, тафаккурнинг у ёки бу объекти (ҳодисаси) ҳақидаги илмий билимларнинг қатъий тартибга солинган, изчил тизимидан ташкил топади.
Фалсафада эса қадимда донишмандлик мухлисларининг сон-саноқсиз саволларига тажриба йўли билан олинган баъзи бир оқилона жавоблар мавжуд бўлган. Бу жавобларни ҳаққоний, яъни амалиёт синовидан ўтган, кундалик ҳаётда ўз тасдиғини топган, аниқ билим деб номлаш мумкин. Бундай жавоблар масала «ёпилиши», кун тартибидан чиқарилишига сабаб бўлган, бошқача айтганда, аниқ таърифланган ва бошқа жавобларни истисно этган.
Шундай қилиб, азалдан яхлит ва бўлинмас дастлабки билим сифатида амал қилган фалсафа заминида ўша замонлардаёқ амалий хусусият ва тегишли йўналишга эга бўлган билим соҳалари фаол шакллана бошлади. Шу тариқа аста-секин табиатшунослик вужудга келди, муайян фанлар (математика, геометрия, физика, тиббиёт, астрономия, тарих ва бошқалар) шаклланиб, ўз шакл-шамойилини касб этди ва мустақил тус олди. Айни шу маънода фалсафа барча фанларнинг асоси ҳисобланади. Бу фанлар фалсафадан ажралиб чиққач, кейинчалик илмий билимнинг табақаланиши жараёнида баъзан парчаланиб, ўз тадқиқот предметини янада торайтиради ва муфассаллаштиради. Улар таҳлилининг теранлиги ва нарсалар моҳиятини англаш даражаси ортса, айни вақтда ўрганилаётган масалалар доираси тораяди.
Фалсафа ва фан ўртасидаги фарқ шунда намоён бўладики:
фалсафа доим у ёки бу файласуф номи билан боғланади, бунда унинг ғоялари, асарлари бўлиши ва уларга бошқа файласуфлар қўшилиши ёки қўшилмаслигига боғлиқ бўлмаслиги мумкин. Фан эса, моҳият эътибори билан, жамоа меҳнати маҳсулидир;
-фалсафада (муайян фанлардан фарқли ўлароқ) ягона тил ва ягона тизим мавжуд эмас. Бу ерда фикрлар ранг-баранглиги меъёр саналади. Фанда эса монизм ҳукм суради, чунки ҳеч бўлмаса фаннинг у ёки бу муайян соҳасидаги асосий тамойиллар, қонунлар ва категориялар тизими (тил)га нисбатан ёндашувлар бирлиги албатта мавжуд бўлади;
-фалсафа илмий билимлар ва далиллардан кенг фойдаланади, бироқ унинг узил-кесил хулосалари ишончли деб ҳисобланиши мумкин эмас, зеро улар асосан файласуфларнинг субъектив фикрлари ва мулоҳазаларига асосланади. Фан эса моҳият эътибори билан исботланган ва синашта билимлар олишга ҳаракат қилади, бунда олинган билимларни текшириш ёки рад этиш имкониятининг мавжудлиги бу билимлар ҳақиқийлиги ва илмий жиҳатдан асослилигининг муқаррар шарти ҳисобланади;
-фалсафий билимларни тажрибада синаш мумкин эмас (акс ҳолда улар илмий билимларга айланади);
-фалсафа аниқ прогноз бера олмайди, яъни у ишончли билимларни келажакка татбиқ этишга қодир эмас, зеро унда бундай билимлар йўқ. Айрим файласуф фалсафий қарашларнинг муайян тизими ёрдамида фақат башорат қилиши мумкин, лекин у олим каби прогноз қилиш ёки моделлаштиришга қодир эмас.
Фалсафага миллийлик хос, фан эса жамоа меҳнати маҳсули сифатида дунёвий аҳамиятга эга.
Do'stlaringiz bilan baham: |