Фалсафанинг интегратив функцияси реал борлиқнинг янги объектлари ва ҳодисалари инсоннинг назарий тадқиқотлари соҳасидан ўрин олиши, шунингдек илгари маълум даражада англаб етилган нарсалар ва ҳодисаларни янада чуқурроқ ўрганиш учун бирлашишга эҳтиёж. Илмий билимларнинг интеграциялашуви ва у ёки бу муаммоларни ечиш учун куч-ғайратни бирлаштириш жараёни яккаланиш хавфининг олдини олиш имконини беради. Зеро, айрим фанлар пайдо бўлиб, улар нафақат ўз тадқиқот объекти ва предметини ажратди, балки ўзининг фақат мазкур фанга хос бўлган тили, кагегориялар аппарати ва ҳоказоларни яратди. Аммо бу йўлда жиддий хавф ҳам мавжуд бўлиб, у шундан иборатки, фанларнинг ажралиши натижасида улар ўртасидаги алоқалар сусаяди, улар мураккаб комплекс вазифаларни ечишда фаол ўзаро алоқа қилиш қобилиятини йўқотади. Бу эса илмий билмнинг ўсишига салбий таъсир қилади.
Мураккаб комплекс муаммоларни тадқиқ этувчи ҳозирги замон фанида баъзан айрим илмий фанларнинг вакиллари бошқа фанларнинг вакилларини фақат улар турли тилларда, яъни ҳар бири ўз фанининг тилида гапиргани боис тушунмайди. Бу жиҳатдан фалсафа улар учун амалда боғловчи бўғинга, бирлаштирувчи асосга айланади, чунки у ўз таҳлилида фанлараро мулоқотга ва мазмуни айни бир контекстда турли фанлар томонидан қабул қилинадиган ва қўлланиладиган фундаментал тушунчаларни яратишга қараб мўлжал олади.
Мураккаб объектларни комплекс тадқиқ қилишда ҳар бир муайян фан ўз предметидан келиб чиқади. Бу предмет доираси унга ўрганилаётган объектни яхлит кўриш, унинг алоқаларини аниқлаш имконини бермайди. Бу вазифани ҳал қилишга ҳам фақат фалсафа қодир бўлиб, у бутун вазиятни яхлит кўриш имконини беради ва бу жиҳатдан нафақат фанлар ўртасида, балки инсон фаолиятининг айрим жабҳалари, масалан, ўтказилаётган тадқиқотлар бевосита ёки билвосита боғлиқ бўлиши мумкин бўлган ҳуқуқий, сиёсий, ахлоқий фаолият ўртасида ҳам боғловчи бўғин ҳисобланади.
Фалсафанинг маданий функцияси одамлар дунёқарашини кенгайтириш, уларда билишга қизиқиш уйғотиш, назарий фикрлаш маданиятини шакллантириш ва ривожлантириш орқали намоён бўлади. У дунёни ўзлаштириш ва билишнинг универсал шакли сифатида, инсониятнинг энг яхши ютуқларини ўзида мужассамлаштиради ва уларни бутун инсоният мулкига айлантиради. Турли мамлакатлар ва халқларнинг фалсафа тарихини ўрганиш уларнинг ўтмишдаги ва ҳозирги маданиятини яхшироқ тушуниш имконини беради, ғоялар алмашинуви ва маданий анъаналарнинг ўзаро таъсирига кўмаклашадики, бу маданий мерос билан узвий боғлиқ бўлган кўпгина муаммоларни ечишда муҳим аҳамият касб этади.
Фалсафанинг аксиологик функцияси (юнон. axia - қадрият) ҳаётнинг маъноси, ўлим ва умрбоқийлик масалаларини кун тартибига қўйиш, у ёки бу ҳаракат, воқеа, ҳодисага “яхши”, “ёмон”, “муҳим”, “фойдали”, “фойдасиз” категориялари билан баҳо бериш орқали намоён бўлади У узоқ муддатли тенденцияларни қисқа муддатли тенденциялардан фарқлаш, юзаки жараёнларни фундаментал жараёнлардан, муҳим нарсалар ва ҳодисаларни иккинчи даражали нарсалар ва ҳодисалардан ажратиш орқали инсоннинг қадриятларга муносабати билан узвий боғлиқ бўлган тегишли эҳтиёжларини шакллантиради. Шу тариқа инсоннинг муайян қадриятлари, мўлжаллари ва устуворликлари белгиланади, яъни тегишли қадриятлар тизими таркиб топади. Бу тизим одамларнинг муҳим хусусияти ҳисобланади, уларнинг ҳаётга муносабатини акс эттиради ва жамиятдаги хулқ-атворини кўп жиҳатдан белгилайди.
Фалсафанинг ахлоқий функцияси одамларнинг у ёки бу жамиятда қарор топган муносабатлар таъсирида шаклланувчи хулқ-атвори. Бунда, масалан, ахлоқий қадриятлар, уларнинг табиати, асослари ва жамиятдаги амалий роли фалсафанинг тадқиқот предмети ҳисобланадики, бу жамиятда юзага келадиган ва табиий йўл билан, яъни реал ҳаёт амалиётида ўрнатиладиган меъёрлар ва қоидаларга сезиларли даражада таъсир кўрсатади. Бундай меъёрлар ижтимоий муносабатларни тартибга солувчи муҳим дастак ҳисобланади ва одамларнинг ўзаро алоқалари, уларнинг муносабатлари, ўзаро тил топиш даражасида намоён бўлади. Хулоса қилиб айтиш мумкинки, фалсафа доимо ахлоқда, жамиятнинг барча аъзолари хулқ-атворида намоён бўлади ва шу тариқа яна бир муҳим функция – ахлоқий функцияни бажаради.
Do'stlaringiz bilan baham: |