Борлиқ ҳаёт феномени сифатида, материя ва руҳнинг ажралишидан олдин юз берган яхлит органик жараён сифатида талқин қилинганда ҳаёт фалсафаси юз кўрсатади. Бу ерда бирламчи ҳаёт воқелиги ўзини турли хил кўринишларда намоён этади. Ницшенинг волюнтаризмида у «ҳокимиятга интилиш» сифатида намоён бўлади. Бергсон тасаввурида ҳаёт космик юксалиш бўлиб, унинг моҳияти онг ва ўта юксак онг билан белгиланади. Дильтей ва Зиммель ҳаётни маданий-тарихий хусусиятга эга бўлган кечинмалар оқими сифатида тавсифлайди. Бироқ таклиф қилинган талқинларнинг барчасида ҳаёт ижодий шаклланиш жараёни сифатида намоён бўлади.
Ҳаракат, энг аввало – оқилона унумли ҳаракат сифатида тушунилган борлиқ бизни АҚШда айниқса кенг тарқалган прагматизм соҳасига олиб киради. Ушбу фалсафий концепцияга кўра ҳар қандай ҳаракат келажакка қаратилгандир. Америкалик файласуф Ч.Пирс (1839–1914)нинг: «Нарса ғояси унинг ҳиссий оқибатлари ғоясидир», деган тезиси прагматизмнинг манифести сифатида қаралиши мумкин. Ҳақиқат у ёки бу ғоянинг самаралилиги ва иш қобилияти, унинг мақсадга эришиш учун фойдалилиги демакдир.
Фалсафий муаммолар моҳиятини тушуниб етиш, уларнинг энг муҳимларини аниқлаш ва ниҳоят, фалсафий билимлар билан ошно бўлиш – кўрсатилган бўлимларни синчиклаб ўрганиш, бунда уларга яхлит бир бутуннинг таркибий қисмлари сифатида ёндашиш демакдир. Пировардида биз фалсафанинг ўзига хос тили, ўз ёндашувлари ва методлари, ниҳоят, табиат, жамият ва тафаккурга оид энг муҳим алоқалар, хоссалар ва қонунларни ўзида акс эттирувчи умумий тушунчалар – категориялар тизими вужудга келганининг гувоҳи бўламиз. Бунда фалсафадаги ҳар бир бўлим ёки йўналиш ҳам ўз тушунчалар аппаратига, яъни билимнинг фақат шу соҳасига хос бўлган ва унинг асосий моҳиятини ёритиб берадиган категориялар тизимига эгадир.
Фалсафада кўриб чиқилган мавзулар билан бир қаторда шундай билим соҳалари ҳам мавжудки, улар қолган барча билим соҳаларига кириб боради, улар билан уйғунлашади ва уларни тўлдиради. Масалан, табиат, жамият, инсон ва унинг тафаккурида юз берувчи ҳаракат, ривожланиш ва ўзгаришлар ҳақидаги фалсафий таълимот – диалектика ана шундай билим соҳаларидан бири ҳисобланади.
Фалсафанинг асосий масалалари. Фалсафани ўрганаётган ҳар бир одамда фалсафада қолган барча муаммоларга нисбатан устунроқ аҳамият касб этадиган, яъни муҳимроқ, асосийроқ ҳисобланадиган масалалар, муаммолар мавжуд ёки мавжуд эмаслигига қизиқиш эртами, кечми албатта юзага келади. Бу мавзу нафақат бошловчи, балки профессионал файласуфлар учун ҳам диққатга сазовордир. Уларнинг орасида кимдир бу мавзуга жиддий эътибор беради, кимдир эса, аксинча, уни муҳим деб ҳисобламайди. Фалсафанинг узоқ тарихига умумий назар ташласак, олам ва инсоннинг келиб чиқиши, ривожланиши ва моҳиятига, шунингдек, ҳаётнинг маъноси, инсон билишининг табиатига тегишли «боқий» фалсафий муаммолар деярли барча фалсафий таълимотларда у ёки бу тарзда мавжудлигини, турли фалсафий асарларда, улар айнан кимга қарашлилиги ва қайси даврга мансублигидан қатъий назар, қисман ёки, аксинча, атрофлича муҳокама қилинишининг гувоҳи бўлишимиз мумкин.
Дарҳақиқат, онг, тафаккур, руҳ, идеаллик ва уларнинг материя, табиат, борлиқ билан ўзаро нисбати масалаларига ўз муносабатини билдирмаган ёки, ўз мулоҳазалари ва хулосаларида шубҳа қилмаган файласуфни топиш мушкул. Бу ҳол ўз вақтида олимлар томонидан «фалсафанинг асосий масаласи»ни таърифлашига туртки берган бўлиб, унда икки жиҳат алоҳида ажралиб туради.
Биринчи жиҳат моддийлик ва идеалликнинг ўзаро нисбатига тегишли. Савол шундай қўйилади: «Материя бирламчими ёки руҳ (онг)ми?» ёки, «Тафаккур ва борлиқнинг нисбати масаласи бутун, айниқса, энг янги фалсафанинг буюк асосий масаласидир».
Иккинчи жиҳат биринчи жиҳат билан узвий боғлиқ бўлиб, қуйидагича таърифланади: «Дунёни билиш мумкинми?» Бошқача айтганда: «Биз ҳақиқий дунё ҳақидаги ўз тасаввурларимиз ва тушунчаларимизда борлиқни тўғри акс эттиришга қодирмизми?»Бу масалада материалистлар ва идеалистларнинг қарашлари зиддиятли характерга эгадир.
Фалсафанинг асосий функциялари. Фалсафа у ёки бу муаммоларни ҳал қилар, қонунлар, муайян тамойилларни таърифлар ёки гипотезалар, ғоялар ва назарияларни илгари сурар экан, айни вақтда (баъзан шу тариқа) ҳар хил функцияларни бажаради. Фалсафанинг муҳим функцияларидан дунёқарашни шакллантириш, билиш, методологик, интегратив, маданий, аксиологик, ахлоқий ва тарбиявий функцияларни қайд этиш мумкин. Уларнинг барчаси бир-бири билан узвий боғлиқдир. Бу функцияларнинг роли ва аҳамияти фалсафанинг амал қилиш соҳаси, у ҳал қилаётган вазифалар даражаси ва хусусияти билан белгиланади.
Дунёқарашни шакллантириш функцияси инсоннинг ўз-ўзини ва ўзини қуршаган борлиқни тушуниши, шунингдек турли воқеалар, ҳодисаларни ва ўз бурчини қандай талқин қилишида намоён бўлади.. Юқорида кўрсатиб ўтилганидек, инсон дунёқарашида эътиқодлар ва билимлар, туйғулар ва эмоциялар, оқилоналик ва иррационаллик, тажриба, интуиция ва ҳоказолар чамбарчас боғланади. Айни шу сабабли фалсафасиз дунёнинг яхлит манзарасини яратиш мумкин эмас, чунки, «ҳамма нарсага аралашадиган» фалсафагина дунёқарашнинг ўзаро боғланмаган турли «парчалари»ни бирлаштириб, шу тариқа одамларнинг бутун борлиққа нисбатан умумий, изчил ва мантиқан тўғри муносабатини яратиш имконини беради. Бунда фалсафа айрим икир-чикирлар, аҳамиятсиз тафсилотларни мавҳумлаштиради ва умумий алоқаларга, турли нарсалар ва ҳодисалар хоссаларининг бирлигига эътиборни қаратади ва шу тариқа ўзининг бош функцияси – дунёқарашни шакллантириш функциясини бажаради.
Фалсафанинг гносеологик функцияси тажрибада синаш, тавсифлаш ёки шак-шубҳасиз инкор этиш мумкин бўлмаган, яъни фан очиб бериш, тадқиқ этиш ва таҳлил қилишга қодир бўлмаган нарсалар ва ҳодисаларни оқилона йўл билан тушунтиришга ҳаракат қилишдир. Фалсафа у ёки бу моҳияти аниқланмаган ёки кам ўрганилган ҳодисаларни тушунтиришга нисбатан ўз ёндашувлари, назариялари ва гипотезаларини таклиф қилар экан, уларни билишга бўлган қондирилмаган қизиқиш ўрнини муайян даражада тўлдиради, шу тариқа мифологик ва диний фантазияларга камроқ ўрин қолдиради. Фалсафа гносеологияда ҳал қиладиган бошқа бир муҳим вазифа «Ҳақиқат нима?», «Унинг мезонлари қандай?», деган масалалар билан боғлиқ, зеро ҳар қандай билиш жараёни охир-оқибатда, у ёки бу тарзда ҳақиқатнинг тагига етишга қараб мўлжал олади, бу эса энг муҳим масаладир.
Методологик функцияси у ёки бу мақсадга эришишнинг муайян усулини, шунингдек борлиқни назарий ва амалий ўзлаштиришга қаратилган усуллар ёки амаллар мажмуини англатади. (бу тушунча юнонча methodos – йўл, тадқиқот, текшириш сўзидан келиб чиққан). Бошқача қилиб айтганда, бу файласуф ёки олим ўзи ўрганаётган предметнинг тадқиқот йўлидир. Одатда методология муаммолари фалсафа доирасида ўрганилган, бироқ айрим фанлар вужудга келиши билан фалсафий (умумий) методлар билан бир қаторда муайян, айрим илмий методлар ҳам ривожлана бошлади. Фалсафанинг бошқа бир муҳим методологик функцияси фалсафада ҳам, айрим фанларда ҳам муҳим рол ўйнайдиган ҳар хил категорияларни ишлаб чиқишдан иборат. Кези келганда яна шуни ҳам таъкидлаб ўтиш лозимки, фалсафа ўта кенг тушунчалар, яъни категориялар билан иш кўрар, уларни таърифлар экан, методологик функция билан бир вақтда дунёқарашни шакллантириш функциясини ҳам бажаради.
Do'stlaringiz bilan baham: |