Фалсафанинг тарбиявий функцияси инсоннинг ўз-ўзини тарбиялаш ва ўзи мансуб бўлган жамиятнинг ахлоқий нормаларига риоя қилишдир. Бу масаланинг халқаро даражадаги кенг ва ҳар томонлама муҳокамаси натижаларини ҳисобга олган ҳолда сўз юритиш ўринли бўлади. Бугунги кунда нафақат айрим халқлар, балки бутун жаҳон ҳамжамияти ўз-ўзини англаб етишга йўналтирилган фалсафага муҳтождир. Буни 2002 йилдан Юнеско қарорига биноан, бутун дунёда ҳар йили ноябр ойининг учинчи пайшанбасида ўтказиладиган “Жаҳон фалсафа кунлари” ҳам, ҳозирги кунда дунё учун энг муҳим масалаларга эътиборини қаратадиган Жаҳон фалсафа Конгресслари ҳам тасдиқлайди. Дарҳақиқат бундай конгресс биринчи марта 1900 йилда Францияда ўтказилган, 1948 йилдан бошлаб уни ҳар беш йилда бир марта ўтказиш анъанага айланган. Хусусан, 1998 йилда Бостон шаҳрида (АҚШ) бўлиб ўтган ХХ жаҳон фалсафа конгресси “Пайдейя: инсониятни тарбиялашда фалсафа” мавзусига бағишланган бўлса, Туркиянинг Анқара шаҳрида ўтказилган XXI Жаҳон фалсафа конгрессида “Фалсафа жаҳон муаммолари билан юзма-юз” мавзуси атрофлича муҳокама қилинди. ХХII жаҳон фалсафа конгресси биринчи марта Осиё мамлакати бўлмиш Корея республикасининг Сеул шаҳрида “Ҳозирги даврда фалсафани қайта англаш” деган умумий мавзу остида бўлиб ўтди. Конгрессларнинг мавзуларидан кўриниб турганидек, фалсафа реал ҳаёт билан узвий боғлиқ ва энг муҳим муаммоларни англаб етишга хизмат қилиб келди. Шундай муаммолардан бири – инсонни шахс сифатида тарбиялаш ва камол топтиришда фалсафанинг роли ва аҳамияти масаласидир. Бунинг учун эса, албатта, қадимги давр мутафаккирларининг асарларига яна бир бор мурожаат этиш тақозо этилади.
Қадимги мутафаккирлар ҳар томонлама таълим ва тарбияни, яъни ўз қобилиятлари ва имкониятларини рўёбга чиқаришга қодир бўлган жисмоний ва маънавий жиҳатдан комил инсонни вояга етказишни «пайдейя» (юнон. pais – бола) атамаси билан ифодалаганлар. Ўша вақтларда пайдейя аристократиянинг ўзига хос белгиси ҳисобланган; эндиликда файласуфлар таълим ва тарбия муаммоларини яна биринчи ўринга қўйиб, уларни ҳал қилишда фалсафанинг ролини аниқлашга ҳаракат қилар эканлар, бу тушунчани яна эсга олдилар. Хусусан, Бостон конгрессидаги асосий маърузаларнинг муаллифларидан бири француз файласуфи Пьер Обенк: «Инсоннинг ваҳшиёна табиатидан маърифатли табиатга ўтиш имконияти қай даражада мавжуд?», деган саволни ўртага ташлайди. Унинг фикрича, инсоннинг ягона табиати икки маъноли бўлиб, фақат маърифат (пайдейя) одамзотни тўла маънода инсонга айлантиради ёки, Платон таъбири билан айтганда, пайдейя унинг кўзини очади.
Бироқ, маърифатнинг вазифаси кўзга кўриш қобилиятини беришдан эмас, балки унга тўғри қарашни ўргатишдан иборатдир. Демак, Платон, Демокрит, Зардўшт ва бошқа машҳур файласуфлар фикрига таяниб, маърифат ёрдамида, таълим ва тарбия жараёнини зўрликка қарши йўналтириш ва одамзот ақл-идрокини камол топтириш орқали инсоннинг бошқача табиатини яратиш мумкин. «Пайдейя» тушунчаси болани тарбиялаб комил инсонга айлантирувчи таълим жараёнига эътиборни қаратади. Қадимги юнонлар «техне» ва «пайдейя» каби тушунчаларни фарқлаганлар; биринчи атама билимни, яъни ўрганиш мумкин бўлган нарсани англатса, иккинчи атама билим бериш манбаини эмас, балки тўғри фикр манбаини англатади. Бунда пайдейя, Аристотель таъбири билан айтганда, инсонни ўзини ўзи камол топтиришга рағбатлантириши лозим. Шу боис Протагор, Суқрот ва Платон айтганидек, фалсафадан сабоқ беришда ишонтириш маҳоратини эмас, балки тўғри фикрлаш маҳоратини ўргатишга эътибор қаратиш муҳим.
Фалсафанинг жамиятдаги аҳамияти ва роли ёки амалий фалсафа. Одатда фалсафа кундалик ҳаёт ва амалиётдан анча узоқ бўлган ҳаддан ташқари умумий масалаларни ўрганади, деган фикр мавжуд. Аммо бу фикрга қўшилиш мушкул, зеро умумий назариялар, агар уларга кенгроқ маънода ва узоқроқ истиқбол нуқтаи назаридан ёндашилса, баъзан билимнинг тор соҳаларига тааллуқли бўлган кўпгина муайян ғоялардан яхшироқ самара беради.
Албатта, фалсафа доим кундалик ҳаётдан маълум даражада узоқ бўлган ва шундай бўлиб қолмоқда. Унинг ўзига хос хусусияти, бетакрорлиги айни шу омилда намоён бўлади. Бироқ, бошқа томондан, фалсафа оддий ижтимоий борлиқ, кундалик ижтимоий, сиёсий ёки иқтисодий ҳаёт амалиёти деб номлаш мумкин бўлган нарсалардан ҳам ўзини олиб қочмайди. Фалсафий рефлексия ва у билан муштарак бўлган ҳаракатларнинг мазкур йўналиши ХХ асрда ҳатто бутун бир йўналиш – амалий фалсафа вужудга келишига сабаб бўлди. Бунда фалсафа сиёсий, ижтимоий ва бошқа қарорлар қабул қилишга муқаррар тарзда ва бевосита таъсир кўрсатади, деб айтиш мумкин эмас, аммо бу ҳолни бутунлай истисно этиш ҳам ўринли бўлмайди. Бироқ шу нарса аниқки, фалсафа одамлар дунёқарашини шакллантириш орқали уларнинг хулқ-атворини, юқорида зикр этилган қарорларни ишлаб чиқиш жараёнида уларнинг ёндашувларини ҳам кўп жиҳатдан белгилайди, файласуфларнинг ўзлари эса баъзан одамлар ҳаётини бутунлай ўзгартирувчи муҳим, ғоялар ташаббуси билан чиқадилар.
Файласуфлар жамиятдаги маънавият ва ахлоқнинг ҳолати учун ҳам сезиларли даражада жавобгардирлар, зеро улар нафақат ижтимоий меъёрлар ва тамойилларни ривожлантирадилар, улардан дарс берадилар ёки китоблар, мақолалар орқали ижтимоий онгни улар билан ошно этадилар, балки аксарият ҳолларда кенг жамоатчилик фикрини уйғотадиган, ижтимоий аҳамиятга молик бўлган, ижтимоий-сиёсий муаммолар, маданият ва маънавият масалаларига доир муҳокама ва мунозаралар ташкил этадилар.
Do'stlaringiz bilan baham: |