7.2. Иқтисодиётда маркетинг инновацияси
Фирма томонидан маркетингнинг янги услубини жорий этиш (маҳсулотнинг дизайни ва қадоқлаш, уни жойлаштириш, нарх белгилаш, бозорга чиқариш) агарда у фирма томонидан биринчи марта ишлатилаётган бўлса. Масалан, дизайн ва қадоқлаш бўйича: янгича кўриниш бериш ва кўркамлигини ошириш учун мебель дизайнига озгина ўзгартириш киритиш; маҳсулотга оригинал кўриниш бериш мақсадида косметик лосьон учун идишнинг янги дизайнини жорий этиш. Жойлаштириш (сотиш каналлари) бўйича: лицензия олгандан кейинги маҳсулотнинг биринчи тақдимоти; тўғридан-тўғри сотиш ёки эксклюзив чакана савдонинг бошланиши; маҳсулотлар тақдимотининг янги концепциясини амалга ошириш.
Нарх белгилаш бўйича: мижозларга фирманинг интернет-сайтида зарур хусусиятлари бўйича маҳсулот танлаш, кейин танланган маҳсулотнинг нархини билиб олиш имконини берувчи янги услубни жорий этиш; товар ёки хизматнинг нархини уларга бўлган эҳтиёжга асосан белгилаш усулидан биринчи марта фойдаланиш; магазиннинг кредит ёки рағбатлантирувчи карточкалари эгаларигина фойдалана оладиган товарларни таклиф қилишнинг ички тартибидан биринчи марта фойдаланиш. Бозорга чиқариш бўйича: сотув маркаларидан биринчи марта фойдаланиш; маҳсулотни биринчи бор видеоролик ёки телевизион дастурларда намойиш қилиш; янги бозорда маҳсулотнинг ўрнини белгилаш учун бутунлай янги фирма белгисини жорий этиш; модаларни расм қилувчи жамоат фикри йўлбошчилари, машҳур одамлар ёки жамоат гуруҳлари орқали маҳсулотни оммалаштириш усулини биринчи бор қўллаш ва ҳ.к.
Маркетинг инновацияларига қуйидагилар кирмайди: мазкур корхонада аввал фойдаланилган усулларга асосланган маҳсулот дизайнида, қадоқлашда, жойлаштиришда, нархини белгилашдаги ўзгаришлар; маркетинг воситаларининг мавсумий, доимий ва бошқа ўзгаришлари; географик жиҳатдан янги бозорни ёки бозорнинг янги сегментини (масалан, мижозларнинг янги ижтимоий-демографик гуруҳини) ўзлаштириш учун маркетингнинг аввал фойдаланилган услубларидан фойдаланиш.
7.3. Саноатлашган иқтисодиётдан инновацион иқтисодиётга ўтиш
Инглизчада фан ва техника ютуқларини ишлаб чиқаришга жорий қилиш, деган маънони англатувчи «Инновация» атамаси эндиликда ижтимоий-иқтисодий фаолиятимизда энг кўп ишлатиладиган сўзлардан бирига айланиб қолди.
Бу бежиз эмас. Чунки бугунги кунда илм-фан ютуқларисиз жаҳон бозорига чиқиб бўлмайди. Маҳсулот сифати ва рақобатбардошлиги унинг нечоғли замонавий экани билан ўлчанмоқда. Мазкур омиллардан етарли фойдалана олмаганлар эса глобал иқтисодий жараёнлардан ортда қолишлари турган гап. Мутахассислар саноатлашган иқтисодиёт ўрнини инновацион иқтисодиёт эгаллаётганини таъкидлаётганининг боиси ҳам ана шунда. Бинобарин, иқтисодиётдаги самарадорлик ишлаб чиқаришга замонавий технологиялар ва ихтироларнинг жорий этилиши эвазига ошиб бораётгани изоҳга муҳтож эмас. Шу ўринда инновацияга асосланган иқтисодиётнинг илк кўринишлари қачон ва қаерда вужудга келди, деган савол туғилиши табиий? Машҳур олимлар, хусусан, футуролог Э.Тоффлер инновацион иқтисодиёт даставвал 1956 йилда АҚШ заводларидаги эскирган ускуналар ўрнини замонавий ва камхарж технологиялар эгаллашидан бошланганлигини айтади21. Бўлиши мумкин. Аммо XXI асрга келиб Швейцария, Швеция, Голландия, Буюк Британия, АҚШ, Сингапур, Франция, Жанубий Корея, Гонгконг каби кўплаб мамлакатларда инновация ва инновацион технологиялар иқтисодиётнинг муҳим бўғинига айланди. Чунки ишлаб чиқаришни жадал модернизация қилиш, техник ва технологик жиҳатдан янгилаш, ички ва ташқи бозорда рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш имкониятларини юзага келтиришдан ташқари ишсизликка хавф солмаслиги билан ҳам аҳамиятлидир22.
Бугунги кунга келиб бир қатор ривожланган мамлакатлар иқтисодий ўсиш суръати ва барқарорлиги, фан, маданият, таълим ва мамлакат мудофаа салоҳиятининг юксалаётгани ҳам бевосита юқори технологияларнинг иқтисодиёт тармоқларига қай даражада татбиқ этилгани билан ўлчанмоқда. Хусусан, инновацион технологиялар ривожланган Буюк Британиянинг тажрибаси бунга яққол мисол бўла олади. Энг аввало, давлат инновацион ишлаб чиқаришга катта миқдорда субсидиялар ажратса, Инновация департаменти илмий-тадқиқот кенгашларини моддий ва маънавий жиҳатдан тўла қўллаб-қувватлаб келмоқда. Худди «занжир реакция»си каби шакллантирилган тизим мамлакат иқтисодиётини ҳар томонлама ривожлантиришга хизмат қилаётир. Натижада саноатлашган иқтисодиёт ўрнини инновацион иқтисодиёт эгаллаяпти. Мутахассисларнинг таъкидлашича, Буюк Британиянинг узоқ муддатга мўлжалланган инновацион стратегиясини белгилашда 2008 йилнинг март ойида ишлаб чиқилган «Инновацион миллат» Оқ китоби муҳим роль ўйнамоқда. Мазкур ҳужжат орқали мамлакатда жозибадор инновацион бизнес хизматлари ташкил этилиши кескин жадаллашган.
Айтмоқчимизки, инновацион тараққиётни узоқ муддатли прогнозлаштириш, стратегик режалаштириш ва махсус дастурлаш тизимини йўлга қўйиш масаланинг энг муҳим жиҳатидир. Иқтисодчи олимларнинг фикрича, давлат инновацион мақсадларни амалга оширувчи хусусий инвестицияларга алоҳида имтиёз бериши, тараққиёт банкларини шакллантириш, уларни кафолатлаш ва суғурталаш, кичик ва хусусий инновацион бизнесни қўллаб-қувватлаш учун махсус жамғармалар тизимини ривожлантириш, йирик инновацион лойиҳаларга миллий ва хорижий сармояларни жалб этиш учун юқори технологияли фонд биржаларини ташкил этиш зарур.
Бу борада Ирландияда ҳам катта ишларга қўл урилмоқда. Гарчи мамлакат соҳага эътибор қарата бошлаганидан буён унча кўп вақт ўтмаган бўлса-да, улкан натижалар қўлга киритилаётганини кузатиш мумкин. ҳукумат айни йўналишни ривожлантириш учун биргина 2007 йилда 8,2 млрд. евро маблағ йўналтирган. Эътиборлиси, Европанинг ушбу мамлакатида хусусий сектор инновацияни ҳаракатлантирувчи куч, яъни генератор вазифасини ўтамоқда. Икки соҳанинг бир-бирига ҳамоҳанг иш олиб бориш тизими яхши йўлга қўйилган. Бунда давлатнинг бош ислоҳотчи сифатида намоён бўлаётгани эътиборга молик, яъни Ирландия иқтисодиётини дунё молиявий тизимига мослаштириш, ташқи инвестиция фаолиятини кучайтириш, инновацияни қўллаб-қувватлаган ҳолда унинг манбаини мустаҳкамаш ва шу орқали халқаро информацион-технологиялар ишлаб чиқарувчи мамлакатлар қаторидан муносиб ўрин эгаллашдан иборатдир. Шу боис ҳам мамлакатда инновацион тизимнинг самарали механизми шакллантирилаётир. Бундан ташқари, солиқ ва божхона амалиёти билан боғлиқ имтиёзлар, сармоялар ва корхоналарнинг инвестицион таваккалчилиги учун суғурталашнинг намунали йўлга қўйилишигача масалалар ҳамиша диққат марказида бўлиб турибди.
Айни пайтда жаҳон ҳамжамияти инновацион технологиялар нималарга қодир эканлигини, иқтисодий ривожланишнинг келажаги айнан шу соҳа билан боғлиқлигини тўла англаб этмоқда. Бир сўз билан айтганда, соҳа ютуқларидан иқтисодиётнинг барча тармоқлари бирдек манфаатдор. Биргина қишлоқ хўжалиги соҳасини олиб кўрадиган бўлсак, айнан инновацион технологиялар туфайли соҳа тараққий топмоқда. Зеро, озиқ-овқат муаммоси тобора долзарб тус олаётган бир пайтда ер, сув ва бошқа манбалардан оқилона фойдаланиш нечоғли катта аҳамият касб этишини таъкидлашга ҳожат бўлмаса керак. Гарчи кўп такрорланган бўлсада, Исроил агросаноат тизимида ерларни томчилатиб суғориш тажрибасидан эндиликда бутун дунёда фойдаланишга ҳаракат қилинаётгани бунга яққол мисол бўла олади. Соддароқ қилиб айтганда, томчилатиб суғориш технологияси кам сув сарфлаб, мўл ҳосил олиш имконини бермоқда. Ёки телекоммуникация соҳасини олайлик. Бугунга келиб улар фаолиятини Wi-Fi технологияларисиз тасаввур этиб бўлмайди. Чунки унинг афзалликлари жуда бисёр. АҚШнинг «Analysys Mason» компанияси мутахассисларининг таъкидлашича, айнан ана шундай симсиз технологияларга бўлган талаб тобора ортиб бораётир. «Analysys Mason» Wi-Fi қурилмаларини ишлаб чиқарувчи машҳур компаниялардан биридир. Агар 2011 йилда ушбу технологияларни ишлаб чиқаришга компания ўртача 5 млрд. доллар сарфлаган бўлса, 2016 йилга бориб бу рақамни 40 млрд. га етказиш кўзда тутилмоқда. Уларнинг олди-сотдисидан олинадиган даромад эса салкам 250 млрд. ни ташкил этиши кутиляпти. Бу замонавий илм-фан ютуқларини ўзида мужассамлантирган инновацион технологияларнинг келажаги нечоғли улкан эканидан далолатдир.
Дарҳақиқат, илм-фан ютуқларига асосланган соҳа иқтисодиётнинг ажралмас қисми сифатида тобора яққол намоён бўлмоқда. Лекин инновация моддий ишлаб чиқариш ёки капитал концентрацияси, дегани эмас. Аксинча, инновацион технологияларни новатор олимлар ва информацион соҳа яратади. Айрим тадқиқотчилар, жумладан, Э.Тоффлер, Ф.Фукуяма, Д.Белл ва Ж.Нейсбит23 назарияларида айнан инновацион технологияларга таянган давлатгина юксак тараққиёт даражасига эришади, деган фикр илгари сурилади24. Зеро, саноатлашган иқтисодиёт ўрнини аста-секин инновацион иқтисодиёт эгаллаши оддий ҳақиқатга айланиб бормоқда. Натижада янгидан-янги бозорлар кашф этиляпти. Бинобарин, инновацион мақсадларни рўёбга чиқариш учун хусусий инвестицияларга янада кенгроқ имтиёзлар бериш, уларга хизмат кўрсатувчи тармоқ банкларини шакллантириш, истиқболли ғояларни кафолатлаш ҳамда суғурталаш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, йирик технологик лойиҳалар учун миллий ва хорижий сармояларни кенг жалб этиш талаб қилинади. Бундан ташқари, инновацион сиёсатни тартибга солувчи қонунларни такомиллаштириш ҳам ўта муҳим аҳамиятга эгадир.
Тан олиш керакки, айни пайтда замонавий технологиялар бозоридаги бизнес тизимини шакллантирган мамлакатлар ўз салоҳияти ва иқтисодий имкониятлари нуқтаи назаридан энергетика ва хом ашё ресурсларига бой бўлган минтақалардан қолишаётгани йўқ. Мисол учун, иқтисодиёти асосан инвестицион технологияларга асосланган Тайванни олайлик. Ушбу мўъжаз мамлакатда 1980 йилнинг ўзида инновацион товар айрбошлаш ҳажми 40 млрд. АҚШ долларини ташкил этганди. Асосан тўқимачилик, кийим-кечак, электрон асбоб-ускуналар, турли транзисторлар, соат ва ўйинчоқлар билан жаҳон бозоридан муқим ўрин эгаллаш ўз самарасини беряпти.
Мамлакатимизда ҳам мустақилликнинг дастлабки йиллариданоқ замонавий технологияларга алоҳида эътибор қаратила бошланди. Айниқса, инновация жараёнининг иқтисодиётдаги мавқеини белгилашда Президентимизнинг 2008 йил 15 июлдаги «Инновацион лойиҳалар ва технологияларни ишлаб чиқаришга татбиқ этишни рағбатлантириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори муҳим аҳамият касб этди. Мазкур тарихий ҳужжатга асосан ишлаб чиқаришни ўрта ва қисқа муддатларда инновацион ривожлантириш ва модернизация қилиш чора-тадбирлари изчил амалга оширилмоқда.
Бундай ислоҳотлар инновация соҳасининг ўзига хос тарзда ривожланиб боришини таъминлаяпти. Агар рақамларга мурожаат қиладиган бўлсак, 2003-2006 йиллар давомида 7 мингга яқин илмий-техникавий ютуқлар рўйхатга олинган бўлса, кейинги 5 йил оралиғида уларнинг сони 10 мингдан ошди.
Юртбошимиз ташаббуси билан мамлакатимизда инновацион лойиҳалар ярмаркасини ўтказиш анъанага айланди. Мазкур ярмаркаларда саноат, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш, фармацевтика, ахборот-коммуникация технологиялари, илм-фан ва таълим соҳаларига оид юзлаб янги технология ва ишланмалар намойиш этиляптики, халқаро талабларга тўлиқ жавоб берадиган, экспортбоп ва импорт ўрнини босадиган маҳсулотлар ишлаб чиқаришга қаратилган ушбу ғоялар Ўзбекистон иқтисодиётининг янада тараққий этишига хизмат қилиши шак-шубҳасиз. Масалан, пойтахтимизда ташкил этилган VII «Инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар» республика ярмаркасида Абу Райҳон Беруний номидаги Тошкент давлат техника университетининг 1-курс талабаси Сирожиддин Насриддинов ўзининг ғаройиб ихтироси — икки томонлама шаффоф экранли МХ-1 русумдаги мобиль телефонининг тақдимотини ўтказгани барчани лол қолдирди. Оригинал дизайнга эга телефоннинг корпуси зарбга бардош берадиган шишадан тайёрланган бўлиб, шаффоф экран тасвирнинг ҳар икки томонда ҳам акс этишини таъминлайди.
Ихтирочининг таъкидлашича, телефон қуёшдан қувват (махсус наноплёнка орқали ҳамда корпусга ўрнатилган аккумулятор ёрдамида) олади. Шунинг учун унга қўшимча энергия билан таъминлаш воситаси керак эмас. Бошқа замонавий телефон аппаратлари сингари янги қурилма ҳам сенсорли клавиатурага эга. Янги авлод алоқа воситасининг пастки қисмига чақмоқ (выспищка) ва антенна билан таъминланган web-камера ҳам жойлаштирилган. Айни кунда тахминан 600 АҚШ долларига баҳоланаётган телефонни серияли ишлаб чиқариш имкониятлари ўрганиб чиқилмоқда. Биз соҳага оид ушбу мисолни бежиз келтирмадик. Талаба юртдошларимизнинг ушбу кашфиёти мамлакатимизда соҳага қай даражада эътибор қаратилаётганидан далолатдир.
Жаҳон бозоридан муносиб ўрин эгаллаш, мамлакат иқтисодиётини янада юксалтиришда инновация ва инновацион технологиялар ҳал қилувчи аҳамият касб этаётганини бугун барча бирдек англаб етмоқда.
Do'stlaringiz bilan baham: |