Ал-Адл — (арабча: العدل — адолат, тўғрилик) – 1) адолат ва тўғрилик нуқтаи назаридан шахсни ахлоқий баҳолаш тушунчаси. Қуръони каримда А.-яхшилик учун ҳам, ёмонлик учун ҳам бирдай адолатли ҳукм чиқарувчи Аллоҳнинг гўзал исм ва сифатларидан бири (ал-асмо ал-ҳусно). А. Аллоҳнинг тўқсон тўққиз исмлари санаб ўтилган ал-асмо ал-ҳусно (қаранг: Термизий, "Даъват", 82) ҳадисида келтирилган. Бироқ Аллоҳнинг А.и -инсон онги, тафаккури англаб етмайдиган даражадаги олий адолат. Шу туфайли инсон Аллоҳдан адолат қилишни эмас, рахм-шафқат қилишни сўраб илтижо қилиши лозим. Инсонга нисбатан А. - бу бировга нисбатан ёмонлик (жабр) қилиш нияти борлигани пайқаб олиш ва уни бартараф этиш имконияти, шунингдек умумий маънодаги адолат тушунчаси. Ғазолий А.ни эҳсон ("чин кўнгиллик", "виждон") тушунчаси билан биргаликда қўллайдики, булар "адолат ва виждон" маъносини англатган. Давлат хизматидаги бирор мансабга даъвогар ёки бирон-бир муҳим жамоатчилик мажбуриятларини, чунончи: васийлик, вакиллик, гувохдик ва б.ни бажарувчи ҳар қандай шахсда А. бўлиши лозим. Бировга жабр қилмаган, ғайриахлоқий (фисқ, фужур) ҳаром йўлларга юрмаган ҳар қандай мусулмон одил, яъни А.и бор киши деб қаралади. Бу сифатларни йўқотганлар (фосиқлар) агарда солиҳ амаллар бажо келтириб тавба қилсалар ва шундан сўнг ҳақиқий мусулмонга хос ҳаёт кечирсалар А.ни тиклашлари, унга эришишлари мумкин. 2) шиаликдаги 5 ақидадан бири.
Манба: Ислом энциклопедияси. «Ўзбекистон миллий энциклопедияси» Давлат илмий нашриёти, 2004. – 9 б.
Ал-Алийм — Аллоҳ субханаҳу ва таолонинг 99 исм сифатларидан бири бўлиб, барча ҳодиса ва нарсаларнинг ботиний ҳамда зоҳирий, энг нозик ва энг катта жиҳатларигача Билувчи, илми мазкур нарсаларни мукаммал суратда қамраб олган Зот.
Ал-Басийр (арабча: البصير) — “кўрмоқ, билмоқ, сезмоқ” маъносини билдирувчи “басар” ўзагидан олинган сифатдош. Аллоҳнинг гўзал исм ва сифатларидан бири (ал-асмо ал-ҳусно). Қуърони каримда эллик бир оятда зикр қилинган бўлиб, уларнинг қирқ бирида Аллоҳ таолонинг сифатларидан бирин сифатида қўлланган. Ибнул Жавзи Қуръонда басир сифатдошининг тўрт хил маъноси борлигини таъкидлаб, уларни “сезмоқ”, “ўз кўзи билан кўрмоқ”, “аниқ далил (ҳужжат) туфайли ҳақиқатни идрок этмоқ” ва “ибрат кўзи билан қараш” шаклида санаб ўтган. Б. тушунчасини “коришга тобе бўлган нарсаларни барча хусусиятлари билан идрок этувчи ва кўрувчи” Аллоҳнинг исм ва сифатларидан бири сифатида таърифлаш мумкин. Аллоҳнинг б. сифатини инсон ёки бошқа бирор махлуқотдаги “кўриш ёки билиш” сифати каби тушуниш мумкин эмас. Қуръони каримда илм сифатини тасдиқловчи “басир” Аллоҳ ҳақидаги ўн оятда илмга ҳам тегишли бўлган “сами” (эшитиш), беш оятда “ҳабир” (хабардор) калималари билан бирга қўлланилган.
Do'stlaringiz bilan baham: |