НУҲ (ас) - Қуръонда номи зикр қилинган пайғамбарлардан бири. Инжилдага Нойга тўгри келади. Қуръонга кўра, Аллоҳ Н.(ас)ни ўз қавмига пайғамбар қилиб юборган. Н. (ас) ўз қавми ичида узоқ умр кўрди, яъни, 950 йил яшади (Анкабут сураси, 14-оят). У турли илохларга, бутларга сиғинган қавмини тўғри йўлга бошлаб, фақат Аллоҳга ибодат қилишга даъват этди. Лекин қавм унинг сўзига кирмади, уни масхара қилди. Н.(ас)нинг даъватига ҳатто ўзининг хотини ва бир фарзанди ҳам ишонмади. Шунда Н.(ас) Аллоҳдан ёрдам беришни, кофирларни жазолашни сўради (Шуаро сураси, 118-119-оятлар). Аллоҳ унинг илтижосини қабул этиб, Н.(ас)га кема ясашни ва барча жониворлардан бир жуфтдан олиб кемага жойлаштиришни буюрди. Кейин осмондан жуда кўп ёмғир ёғдирди, ернинг ҳамма томонидан ҳам сув чиқартирди. Осмон суви билан ер суви қўшилиб улкан тўфон пайдо бўлди. Тўфонда барча кофирлар ҳалок бўлди, фақат кемадагилар соғ қолдилар. Тўфон бошланишидан олдин Н.(ас)нинг фарзандларидан бири кемага чиқмади. Н. (ас)нинг оталик меҳри қўзғаб, ўғлини кемага чиқишга ундади. Аллоҳга куфр келтирган фарзанд эса, отасига рад жавоб айтиб имон келтиришдан яна бош тортди ва тоққа чиқиб жон сақламоқчи бўлди, лекин у ҳам ҳалокатга учради (Ҳуд сураси, 45-47-оятлар). Сув пасайгандан кейин кема Жудий тоғи устида тўхтади. Кема тоғ тепасига келиб тўхтаб, ер тўфон сувини ютиб битиргач, Аллоҳ Н. (ас)ни кемадан ерга тушишга буюрди. Н. (ас) ва унга имон келтирган кишилар кемадан тушишди. Бу замин Мусил деган юрт эди. Н. (ас) қиссасини баён қилувчи "Нуҳ" сураси ҳам нозил бўлган.
Манба: Ислом энциклопедияси. «Ўзбекистон миллий энциклопедияси» Давлат илмий нашриёти, 2004. – 225 б.
ТЎФОН (араб. - сув тошқини) - яҳудий масиҳий ва ислом динларининг илоҳий китобларида нақл этилган оламнинг сув босиши. Қуръони каримнинг бир неча оятларида бу воқеа Нуҳ пайғамбар даврида содир бўлгани қайд этилган. Т. балосининг рўй беришига боис - Нуҳ (ас) кўп йиллар мобайнида ўз қавмини Аллоҳнинг ягоналиги ва ўзининг пайғамбарлигини тасдиқ этишга итоатсизлик қилмасликка, сохта маъбудаларга сиғинмасликка чақиради. Лекин қавми унга қулоқ солиш ўрнига уни масхара қилиб кундан-кунга ҳаддан ошаверади. Тоқати тоқ бўлган пайғамбар улар шаънига дуои бад қилиб уларга қирғин балосини Аллоҳдан сўрайди Дуоси ижобат бўлади. Аллоҳнинг буйруғи б-н у катта бир кема ясайди ва унга барч жониворлардан бир жуфтдан олади. Ўзи ва оила аъзолари ҳам кемага минадилар. Қолган барча осий инсонлар ва жониворлар Т натижасида ҳалок бўлади. Бу кема кўп қаватли бўлиб, унинг олди қисми хўрознинг боши шаклида, орқа қисми эса, унинг думи кўринишида бўлган; ривоятларга кўра, кемага биринчи бўлиб чиққан жонзод - чумоли сўнггиси - эшак ва у билан бирга Иблис (Шайтон) чиқиб олган. Кемада Одаматонинг жасади сақланган. Бўрон тўхтагач, Нуҳ (ас) қуруқликни излаш учун қарғани юборган, бироқ у ер ва егуликни топгач, қайтиб келмаган. Сўнгр каптар юборилган, у янги бутоқча олиб келган Бунинг мукофоти эвазига каптарга чиройли шода туҳфа этилган, у шундан буён барч каптарларнинг бўйнини безаб туради. Нух кемаси Жудий деб номланувчи тоғ устида тўхтайди. Кейинги маълумотларга қараганда кема қолдиқлари Арарат тоғлари устидан топилган.
Do'stlaringiz bilan baham: |