Ўн тўрт ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган вояга етмаганлар етказилган зарар учун умумий асосларда мустақил жавобгар бўладилар.
Ўн тўрт ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган вояга етмаганнинг зарарни қоплаш учун етарли мол-мулки ёки бошқа даромад манбалари бўлмаган тақдирда, зарар тўлиғича ёки унинг етишмаган қисми вояга етмаганнинг ота-онаси (фарзандликка олувчилари) ёки васийи томонидан, агар улар зарар ўзларининг айби билан етказилмаганлигини исботлай олмасалар, тўланиши лозим.
Агар ҳомийликка муҳтож ўн тўрт ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган вояга етмаган тегишли тарбиялаш, даволаш муассасасида, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш муассасасида ёки қонунга кўра унинг ҳомийси ҳисобланувчи бошқа шунга ўхшаш муассасада турган бўлса, бу муассасалар, агар зарар уларнинг айби билан етказилмаганлигини исботлай олмасалар, зарарни тўлиғича ёки унинг етишмайдиган қисмини тўлашлари шарт.
Суд ота-оналик ҳуқуқларидан маҳрум этилган ота-онага уларнинг вояга етмаган болалари томонидан ота-онаси ўз ҳуқуқларидан маҳрум қилинганидан кейин уч йил ичида содир этилган зарар учун, агар боланинг зарар етказилишига сабаб бўлган хулқ-атвори улар болани тарбиялаш бўйича ўз мажбуриятларини лозим даражада бажармаганликларининг оқибати бўлса, жавобгарликни юклаши мумкин.
7. §. Муомалага лаёқатсизлар томонидан етказилган зарар учун
жавобгарлик.
Муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқаро томонидан етказилган зарарни унинг васийи ёки унинг устидан назоратни амалга ошириши шарт бўлган ташкилот, агар зарар уларнинг айби билан етказилмаганлигини исботлай олмаса, тўлайди.
Васий ёки ташкилотнинг муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқаро томонидан етказилган зарарни тўлаш бўйича мажбурияти, унинг муомала лаёқати тикланган тақдирда ҳам тугамайди.
Агар васий вафот этса ёхуд зарарни тўлаш учун етарлича маблағга эга бўлмаса, зарар етказувчининг ўзи эса бундай маблағга эга бўлса, суд жабрланувчининг ва зарар етказувчининг мулкий аҳволини, шунингдек бошқа ҳолатларни инобатга олиб, зарарни тўлиғича ёки қисман зарар етказувчининг мол-мулки ҳисобидан тўлаш тўғрисида қарор қабул қилишга ҳақли (ФКнинг 996-моддаси).
Муомала лаёқати чекланган деб топилган фуқаро томонидан спиртли ичимликлар ёки гиёҳвандлик воситаларини суиистеъмол қилиш оқибатида етказилган зарарни унинг ўзи умумий асосларда тўлайди.
Ўз ҳаракатларининг аҳамиятини тушуна олмайдиган ёки уларни идора қила олмайдиган ҳолатда зарар етказган муомалага лаёқатли фуқаро, шунингдек ўн тўрт ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган вояга етмаган келтирган зарари учун жавобгар бўлмайди.
Агар жабрланувчининг ҳаёти ёки соғлиғига зарар етказилган бўлса, суд жабрланувчининг ва зарар етказувчининг мулкий аҳволини, шунингдек бошқа ҳолатларни инобатга олиб, зарарни тўлаш мажбуриятини тўлиғича ёки қисман зарар етказувчига юклаши мумкин.
Зарар етказувчи, агар спиртли ичимликлар, гиёҳвандлик воситалари истеъмол қилиш туфайли ёки бошқа усулда ўзини ўзи шу ҳолатга келтирган бўлса, жавобгарликдан озод қилинмайди.
Агар зарар руҳий ҳолати бузилгани (руҳий касаллик ёки ақли заифлик) оқибатида ўз ҳаракатлари аҳамиятини тушуна олмаган ёки уларни идора қила олмаган шахс томонидан етказилган бўлса, зарарни тўлаш мажбурияти суд томонидан бу шахс билан бирга яшовчи, зарар етказувчининг бундай ҳолати ҳақида билган, лекин уни муомалага лаёқатсиз деб топиш ва унинг устидан васийлик ўрнатиш тўғрисида масала қўймаган эри (хотини), ота-онаси, вояга етган фарзандларига юкланиши мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |