§. Зарар Юридик шахснинг ўз ходими томонидан етказилган
зарар учун жавобгарлиги.
Маълумки, юридик шахс номидан унинг фаолиятини унинг органлари, раҳбарлари ва ходимлари амалга оширадилар. Одатда юридик шахс ходимининг хизмат вазифаси бўйича бажарган иши ва унинг натижалари юридик шахсга нисбатан ҳуқуқ ва мажбуриятлар вужудга келтиради.
ФКнинг 989-моддасига мувофиқ, юридик шахс ёхуд фуқаро ўз ходими меҳнат (хизмат, лавозим) мажбуриятларини бажариб турган вақтида етказган зарарни қоплайди.
Масалан, автопаркка тегишли автобус ҳайдовчисининг эҳтиётсизлиги туфайли, фуқаро А.га тегишли девор шикастланади. Фуқаро А. етказилган зарарни ундириш тўғрисида судга мурожаат қилса, зарарни қоплаш мажбурияти ҳайдовчига эмас, автопарк зиммасига тушади.
Давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, шунингдек уларнинг мансабдор шахслари томонидан етказилган зарар учун жавобгарлик. ФКнинг 15-моддасига мувофиқ, давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ёки ушбу органлар мансабдор шахсларининг ғайриқонуний ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги), шу жумладан давлат органи ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан қонун ҳужжатларига мувофиқ бўлмаган ҳужжат чиқарилиши натижасида фуқарога ёки юридик шахсга етказилган зарар давлат томонидан ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи томонидан тўланиши керак.
§.Зарар Суриштирув, дастлабки тергов, прокуратура органлари ва суднинг қонунга ҳилоф ҳаракатлари туфайли етказилган зарар учун жавобгарлик.
Давлат ҳокимияти органлари томонидан етказилган зарар учун жавобгарликнинг ўзига хос ҳолатлари сифатида фуқарога қуйидаги ҳолатларда зарар етказиш кўрсатиб ўтилади:
- қонунга хилоф тарзда ҳукм этиш;
- қонунга хилоф тарзда жиноий жавобгарликка тортиш;
- эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олишни ёки муносиб хулқ-атворда бўлиш ҳақида тилхат олишни қонунга хилоф қўлланиши;
- қамоқ тариқасидаги маъмурий жазони қонунга хилоф тарзда бериш.
Санаб ўтилган ҳолатлар ҳар бир фуқаронинг эркинлик ва шахсий дахлсизликка нисбатан конституциявий ҳуқуқларини бузиш ҳисобланади ва фуқарониниг руҳий изтироблари билан бирга улар учун нохуш мулкий оқибатларни ҳам вужудга келтиради.
Биринчи навбатда мазкур ҳолатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар - суриштирув, дастлабки тергов, прокуратура органлари ва суднинг мансабдор шахсларининг фуқаролар (жисмоний шахслар) га нисбатан юқоридаги оқибатларни вужудга келтирадиган ноқонуний ҳаракати натижаси ҳисобланади.
Агар зарар фуқарога санаб ўтилган органларнинг бошқа тарздаги қонунга хилоф фаолияти (гумонланувчи сифатида ноқонуний асосда ушлаб туриш, унга нисбатан мажбурий тиббий чораларни кўриш) натижасида етказилган зарар, фуқароларга давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг ноқонуний ҳаракатлари билан етказилган зарар учун жавобгарликнинг умумий асосларидан келиб чиқиб қопланади (ФКнинг 991-моддаси). Бу ҳолат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва суд органларининг юридик шахсларга етказилган зарарларига нисбатан ҳам қўлланилади.
Юқоридаги давлат ҳокимияти органларининг мансабдор шахслари санаб ўтилган ҳолатларда Ўзбекистон Рэспубликаси номидан ҳаракат қиладилар. Шу муносабат уларнинг ноқонуний ҳаракатлари натижасида етказилган зарарни қоплашни ҳам Ўзбекистон Рэспубликаси ўз зиммасига олади ва бу зарарлар давлат бюджети ҳисобидан тўла ҳажмда қопланади. Бунда зарарни қоплаш бевосита давлат молия органлари томонидан амалга оширилади. Суднинг қарори билан зарарни қоплаш зарар етказилишида айбдор бўлган мансабдор шахслар зиммасига юкланиши мумкин.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва суд органлари ҳаракатининг ноқонунийлиги суднинг асосли ҳукми ёки жиноят ишининг ребилитация қилиш асослари бўйича тугатилиши (жиноятнинг содир этилмаганлиги, қилмишда жиноят таркибининг йўқлиги, фуқаронинг қилмишни содир этишда иштирок этганлиги исботланмаганлиги) билан, шунингдекишнинг маъмурий ҳуқуқбузарлик бўйича тугатилганлиги билан асосланиши лозим. Ишнинг бошқа асосларда (амнистия, вазиятнинг ўзгариши ва шу кабилар) тугатилиши етказилган зарарни қоплашни талаб қилиш ҳуқуқини истисно қилади.
Юқорида кўзда тутилган ҳаракатлар натижасида фуқарога етказилган зарар суриштирув, дастлабки тергов, прокуратура органлари ва суднинг мансабдор шахслари айбидан қатъи назар тўланиши лозим.
Do'stlaringiz bilan baham: |