1-§. Зарар етказганлик учун жавобгарликнинг умумий асослари
Ўзб.Республикаси Фуқаролик кодексининг 985-моддасида, зарар етказ-ганлик учун жавобгарликнинг умумий асослари белгиланган.
Ваҳоланки, мазкур моддага кўра, ғайриқонуний ҳаракат (ҳаракатсизлик) туфайли фуқаронинг шахсига ёки мол-мулкига етказилган зарар, шунингдек юридик шахсга етказилган зарар, шу жумладан бой берилган фойда зарарни етказган шахс томонидан тўлиқ ҳажмда қопланиши назарда тутилган. (ЎзР 15.12.2000 й. 175-II-сон Қонуни таҳриридаги қисм)
Қонун ҳужжатларида ёки шартномада жабрланувчиларга зарарни тўлашдан ташқари товон тўлаш мажбурияти белгилаб қўйилиши мумкин.
Зарар етказган шахс, агар зарар ўз айби билан етказилмаганини исботласа, зарарни тўлашдан озод қилинади. Қонунда зарар етказган шахснинг айби бўлмаган тақдирда ҳам зарарни тўлаш назарда тутилиши мумкин.
Агар зарар жабрланувчининг илтимоси ёки розилиги билан етказилган бўлса, зарар етказган шахснинг ҳаракатлари эса жамиятнинг ахлоқий тамойилларини бузмаса, зарарни тўлаш рад этилиши мумкин.
Одатда зарар етказиш холларида зарар етказган шахс билан жабрланувчи шартномавий муносабатларда бўлмайдилар. Шартномавий мажбуриятларни бузганлик учун жавобгарлик асослари ФКнинг 333-моддасида белгилаб қўйилган (ФК шархларининг I-томига қаралсин).
Зарар етказганлик учун фуқаролик ҳуқуқий жавобгарликка тортиш учун бир вақтнинг ўзида қуйидаги ҳуқуқбузарлик таркиби мавжуд бўлиши шарт:
а) зарар етказилганлиги (мавжудлиги);
б) зарар етказувчи шахс харакатлари (харакатсизлиги)нинг ҳуқуққа хилофлиги;
в) етказилган зарар билан ҳуқуққа хилоф қилмиш ўртасида сабабий боғланиш;
г) зарар етказувчи шахснинг айби ёки зарар етказувчи шахс хатти-харакатларини назорат қилиш мажбурияти юкланган шахснинг айби.
Ҳуқуқи бузилган шахснинг бузилган ҳуқуқини, нобуд бўлган ёки шикастланган мол-мулкини тиклаш учун қилган ёки қилиши лозим бўлган харакатлари хақиқий (реал) зарар хисобланади.
Жабрланувчи шахс ўз ҳуқуқлари бузилганида одатдаги фуқаролик муомиласи шароитида олиши мумкин бўлган, лекин ололмай қолган даромадлари бой берилган фойда бўлиб хисобланади.
Қонун ҳужжатларида етказилган зарарни тўлиқ хажмда қоплаш умумий қоидасидан истисно назарда тутилиши мумкин. Масалан, ФКнинг 1004-моддасига биноан суд жабрланувчининг айби ва зарар етказган шахснинг мулкий холатини хисобга олган холда ундириладиган зарар хажмини камайтириши мумкин. Агарда зарар ўз жавобгарлигини суғурталаган шахс томонидан етказилган бўлса, етказилган зарарни қоплаш учун суғурта суммаси етарли бўлмаган тақдирда, у суғурта суммаси билан амалдаги зарар ҳажми ўртасидаги фарқни тўлаши лозим (ФКнинг 992-моддаси шарҳига қаранг).
Ҳуқуққа мувофиқ (қонуний) харакатлар натижасида етказилган зарар қонунда назарда тутилган ҳоллардагина тўланиши лозим.
Бир вақтнинг ўзида қуйидаги икки ҳолат мавжуд бўлганида зарарни тўлаш рад этилиши мумкин:
- агарда зарар жабрланувчининг илтимоси ёки розилиги билан етказилган бўлса;
- зарар етказувчининг ҳаракатлари жамиятнинг ахлоқий тамойилларига путур етказмаса.
Жабрланувчининг илтимоси ёки розилиги яққол ифодаланган бўлиши шарт. Суд томонидан муомилага лаёқатсиз деб топилган шахснинг, вояга етмаганларнинг, ўз харакати оқибатларини англаб етмайдиган холатда бўлган (яъни алкогол, гиёхванд ёки психиотроп моддалар истеъмол қилиш оқибатида) шахсларнинг, яъни ақли норосолик холида бўлганлар илтимоси ёки розилиги хисобга олинмайди.
Жамиятнинг ахлоқий тамойиллари суд томонидан хар бир конкрет холатдан келиб чиқиб хисобга олинади. Бундай тамойиллар доирасига умуминсоний қадриятлар (инсонпарварлик, адолат, бағрикенглик, ачиниш ва х.к.) ва миллий-диний қадриятлар (сахийлик, меҳмондўстлик, садоқат, вафодорлик, иффат-хаё, катталарга хурмат ва итоаткорлик ва х.к.) киритилиши мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |