I-боб. Муҳандислик фаолияти ва муҳандислик тафаккури
Маъруза режаси:
1.1. Муҳандислик ва муҳандислик фаолияти тушунчалари.
1.2. Муҳандислик фаолияти тараққиёти босқичлари.
Семинар машғулоти
1.1. Муҳандислик фаолияти–келиб чиқиши ва моҳияти.
1.2. XX ва XXI аср бошларида муҳандислик фаолияти босқичлари.
1.3. Ҳозирги замон муҳандислик фаолияти тенденциялари.
Ҳозирги замон жамиятида муҳандислик фаолияти кўп қиррали бўлиб, турли хил соҳаларда ўз ечимини топмоқда. Техник фаолият муҳандислик масалаларини ҳал этиш жараёнига қаратилган фаолият бўлиб, муҳандислик фаолияти эса техникани лойиҳалаш, конструкция қилиш ва унинг унумли фойдаланишига қаратилгандир.
Муҳандис–инженер сўзи аслида лотинча ingenium–сўзидан олинган бўлиб–зукко, ақлли, кашфиётчи маъноларини ифодалайди.
Муҳандислик фаолияти–техник йўналишидаги моддий ишлаб чиқариш соҳасидаги фаолиятдир. У кишиларнинг муайян бир эҳтиёжларини қондиришга қаратилган табиий ҳодиса ва нарсаларни ижтимоий аҳамиятга эга бўлган нарсалар ва ашёларга айлантиришга қаратилган фаолиятдир. Унинг оқибатида техника инсон онгги тафаккури воситасида табиатни ўзлаштириш, табиатни инсоний моҳият касб этишига йўналтирилади. Муҳандислик фаолияти касби–кор сифатида илмий техникавий билимларни амалиётда қўллашдир:
техникавий йўналтирилганлик (техника ва технологияларни яратиш ва уларни ижтимоий ишлаб чиқариш тизимида амалий қўллаш);
табиат ва инсон муносабатларини зиддиятларини (объект–субъект муносабатлар) ҳал этишда, табиийликни ижтимоийликка, табиий–аслиятни–сунъий, ўзгарган нарсаларга айлантириш жараёнидаги зиддиятларни ҳал этишда.
Муҳандиснинг интеллектуал потенциалини билим ташкил этиши муқаррар ва илм, билиш асосида ва диорасида эса тажрибада ҳосил бўлган маълумотлар намоён бўлади. Шу нарса маълумки, содда–оддий лойиҳа–ишланмаларни тузишда, оддий техник воситаларнинг яратилиши ва хизмат кўрсатишида чуқур илмий–назарий билимларга эга бўлиш талаб этилмайди. Аммо мураккаб замонавий техникани чуқур илмий билимларсиз, фундаментал малакавий тажрибасиз яратиш қийин. Масалан, ярим ўтказгичлар физикасини билмай туриб электрон соат ясаб бўлмайди, шунингдек, электротехника, информатика ва бошқа комплекс фанларни билмасдан компьютер яратиш қийин. Табиатнинг фан томонидан очилган кўпгина қонунлари ҳали техник жиҳатдан қўлланиш имкониятига эга эмас. Улар фаннинг бошқа соҳаларида ва фаолиятнинг ўзга турларида қўлланилмоқда. Аммо бу қонунлар техник принципларга (тамойилларга) айланади ҳамда муҳандислик фаолияти жараёнида ўзининг қўлланиш мақомига эга бўлади. Ушбу ҳолат муҳандислик фаолиятининг ўрни, аҳамияти ҳамда фаолият характерини белгилаб беради.
1.Муҳандислик фаолияти аслида инсониятнинг энг қадимий амалиёти бўлиб, у ҳунармандчиликнинг ибтидосига тааълуқлидир. Шу маънода муҳандислик ҳунармандчилик билан қиёсланади. Муҳандислик–ҳунармандчилик фаолиятининг умумий йўналиши, моддий–маданий эҳтиёжларни қондириш усуллари, воситалари талаб эҳтиёжлари бевосита истеъмолчи билан ўзаро ҳамкорликда узвийлик мавжуд эди. (масалан, уста– ҳалфа, уста–шогирд муносабатлари каби)
2. Муҳандислик фаолиятига қадар бўлган босқич (XYI асрдан XYIII аср I ярмигача). Бу давр муҳандислик ишларини бажарувчи том маънодаги инженерлик фаолиятидан узоқроқ бўлган босқич.
Бу турдаги дастлабки муҳандислар техникага мойил, у билан боғлиқ бўлган билимлар доирасида, муҳитида шаклланган ёки ҳунарманд ва фанга билимга ихлосманд, янгиликка интилувчи ҳунарманд–муҳандисларни ташкил этган. Улар орасида рассом–муҳандислар (архитекторлар кенг доирадаги), биноларни қурувчи-муҳандислар, қуролсозлар, кулолчилик техникасини усталари, ҳандаса, математика ва табиатшунос, кашфиётчилар эдилар. Бироқ том маънодаги техник фаолият билан фан ўртасидаги узвий алоқалар шаклланмаган эди.
3. Саноат революцияси даври муҳандислик фаолиятининг шаклланиши давридир. (XYIII аср II ярми–XIX асрлар). Бу даврнинг моҳияти ҳунармандчилик фаолиятининг аста–секин муҳандислик маданиятига айланиб бориши бўлиб, бу жараён табиатшунослик фанларига асосланган муҳандислик фаолиятининг шаклланишидир.
Дастлабки саноат революциясидаги янгиликлар фандан ажралган ҳолда пайдо бўлган бўлса ҳам техник ва илмий фаолиятларнинг ўзаро алоқадорлиги ва ўзаро яқинлашиш тенденцияларининг кучайиши ва шу асосда муҳандислик фаолиятининг шаклланиши саноат инқилоби таъсирида кучайиб борди. Оқибатда муҳандислик ва илмий фаолиятнинг ўзаро алоқадорлик жараёни кучайиб борди.
Индустриализация (саноатлашиш) кенг ва улкан даражада жадаллашган даврдан бошлаб муҳандислик касбига эҳтиёж оммавий тус олади ҳамда олий политехник таълим кун тартибига кўйилади. Муҳандислик фаолияти саноат ишлаб чиқаришнинг туб, фундаментал асосига айланади.
4. Ҳозирги замон босқичи. (XX аср боши–XXI аср) Бу даврда илмий–техникавий революция амалга ошади ҳамда ўз навбатида муҳандислик фаолияти ижтимоий ишлаб чиқариш фаолиятининг муҳим соҳасига айланади. Муҳандислик фаолияти кенг оммалашади, бу касбнинг социал нуфузи ортади. Муҳандислик ва илмий фаолиятларнинг ўзаро интеграцияси амалга ошади. Техник фаолиятнинг шакл ва турларининг мураккаблашуви асносида бир томондан бир қатор муҳандислик мутахассисликларининг дифференцияси (ажралиши янги тармоқларга бўлиниши) юз беради. Бошқа томондан янги интеграллашган муҳандислик мутахассисликлари шаклланади, масалан, муҳандис–физик, муҳандис–механик, муҳандис–электрик, муҳандис–оптик мутахассисликлари каби.
Do'stlaringiz bilan baham: |