Таҳлил, индукция ва дедукция–объектни тадқиқ қилиш жараёнида унинг таркибий қисмларини ажратиш, алоҳида фактларга асосланиб умумий мулоҳаза юритиш, маълум умумий қоидаларга асосан хусусий хулосалар чиқариш (Бу ҳақда мантиқнинг билиш имкониятларига бағишланган бўлимда муфассал сўз юритилган).
Методологик тамойиллар ва ёндашувларнинг табиати ҳар хилдир. Масалан, редукция, яхлитлик, контрредукция тамойиллари тадқиқотнинг табиий объектлари табиатини: верификация, фальсификация тамойили, мантиқ қонунлари эса билиш ва фикрлаш фаолиятининг шаклларини: тўлдирувчанлик, тарихийлик тамойиллари ва системали ёндашув эса тадқиқот объектлари ҳамда билиш ва фикрлаш фаолиятининг хоссаларини ифода этади.
Методологик тамойиллар рўйхати очиқ хусусиятга эга бўлиб, кўпайишда давом этмоқда. Сўнгги даврда тез-тез тилга олинаётган «антроп тамойили»да табиатни илмий билиш методологияси учун муҳим аҳамиятга эга бўлган нарсани кўрмадик. Уни махсус ажратиш, балки, қадимиятга бориб тақалувчи турли антропоцентрик таълимотларни бирлаштириш учун фойдали бўлиши мумкин. Антроп тамойилнинг асосий ғояси, моҳият-эътибори билан, Оламда мавжуд бўлган барча объектлар ўз мавжудлиги билан ана шу Оламда мавжуд бўлган бошқа объектларга зид келмаслиги керак, деган сийқаси чиққан қарашга асосланади. Бу нуқтаи назардан антроп тамойили ўрнига, айтайлик, “электрон тамойили” ёки “тимсоҳ тамойили” тўғрисида ҳам сўз юритиш мумкин.
Норматив методология, аниқ таърифланган тамойиллардан ташқари, “ярим норматив” шаклда, айни пайтда “ярим дескриптив” шаклда илмий билишнинг идеаллари ва нормалари, фанларнинг ўзаро таъсири, илмий назарияларнинг шаклланиши ва асосланиши ҳақидаги таълимотларда, экспериментал фаолият тамойилларида, билимларни бирлаштириш ва синтез қилиш муаммоларида, илмий билишнинг имкониятлари ва чегаралари, илмий билишнинг тилида ҳам бўлиши мумкин. Бундан ташқари, махсус методологиянинг ўзига хос хусусиятлари алоҳида фан соҳалари: математика, физика, кимё, биология, техника ва технология, эволюция жараёнлари, экология ва ҳоказоларнинг муайян тарзда ишлаб чиқилган методологияларида ўз аксини топади.
Илмий билиш тизимида методологиянинг тутган ўрни, вазифалари ҳақида билдирилган фикрларга шуни қўшимча қилиш керакки, методологиянинг операционал-амалий аҳамиятидан ташқари, унинг инсон ақлий ва билиш фаолиятининг айрим механизмларини очиб берувчи билим тизими сифатидаги аҳамияти тўғрисида сўз юритиш мумкин. Зотан, бу инсон ўз-ўзини англаши учун ҳам, “сунъий интеллект” тизимларини яратиш учун ҳам муҳимдир. Бундан ташқари, ҳар қандай илмий билиш фаолияти доимо муайян методга ва у ҳақдаги қарашларга (яъни маълум протометодологияга ёки аниқ бўлмаган методологияга) асосланишини ҳам тушуниш керак. Аммо барча тадқиқотчилар ҳам методология муаммоларини махсус ўрганавермайди ва ишлаб чиқавермайди. Бу методология ҳар қандай илмий билиш фаолиятининг ажралмас қисми эканлигини тушуниб етиш учун муҳимдир.
Табиий объектлар хоссаларининг тўрт тури–барча табиий объектларга хос бўлган хоссаларнинг турларини аниқлаш фан методологиясининг муҳим вазифасидир. Табиий объектлар, деганда келиб чиқиши инсоннинг онгли ижоди билан боғлиқ бўлмаган ҳар қандай яхлит объектлар: атомлар, молекулалар, тирик организмлар, табиий тил, жамият ва шу кабилар тушунилади. Турли соҳадаги илмий билимларнинг катта ҳажмини ва муайян фанлардаги шахсий иш тажрибасини англаб етиш натижасида ҳар қандай табиий объектга хос бўлган турли-туман хоссаларнинг тўрт турини ажратдик.
Субъектив яхлит хоссалар-онтологик мақоми имманент, ноэмержентдир. Эпистемологик мақоми–таркибий қисмларининг хоссаларига нисбатан редукцияланади, бошқача қилиб айтганда, бутуннинг хоссаларини белгилаши мумкин бўлган қисмларнинг хоссалари.
Субъектив яхлит хоссаларга мисоллар: оғирлик, жисмларнинг электр заряди, гапнинг сўз (бирикма)лар маъноси билан бевосита боғлиқ бўлган қисман маъноси. Билиш усули: редукция тамойили.
Яхлит хоссалар–онтологик мақоми имманент, эмержентдир.
Эпистемологик мақоми таркибий қисмларининг хоссаларига нисбатан редукцияланмайди, яъни қисмларининг хоссаларига боғлаш мумкин эмас. Мазкур хоссалар бутуннинг табиатдаги бошқа объектлар–яхлитликлар билан ўзаро муносабатларида индивид сифатидаги мақомини белгилайди.
Яхлит хоссаларга мисоллар: бошқа организмлар билан ўзаро муносабатларда ва атроф муҳит билан номувозий ҳолатда тирик организмларнинг яхлит мавжуд бўлиш қобилияти, табиий тилда гапларнинг айнан яхлит маъноси, халқ, миллат, этнос психикаси.
Дарҳақиқат, XIX асрда тирик организмлардан нуклеин кислоталар ва оқсилли жисмлар ажратиб олиниб, турли-туман кимёвий экспериментал вазиятларда кимёвий объектлар сифатида тадқиқ қилинди. Натижада, ХХ асрнинг ўрталарига келиб уларнинг макромолекулалар сифатидаги тузилиши ва асосий физик-кимёвий хоссалари кашф этилди, аммо уларнинг олий ахборот ва тартибга солиш хоссалари мазкур молекуляр (кимёвий) объектларнинг тирик ҳужайрадаги фаолиятини тадқиқ қилиш натижасидагина очиб берилди. Бошқача қилиб айтганда, фақат юқорида зикр этилган ҳолатдагина биз генетик ахборот ташувчиси бўлган ДНК молекуласида зоҳир хоссаларни топиш ва нуклеоидларнинг кетма-кетлиги маълум табиатга эга гуруҳлар (азотли асослар)нинг тасодифий тўплами эмас, балки генетик код эканлигини аниқлаш имкониятига эга бўламиз. Айнан шу ерда биз «контрредукция тамойили» деб номланган ўзига хос билиш усули ёрдамида ДНКнинг олий, “метаяхлит” хоссаларини билиш имкониятини қўлга киритамиз. (Мазкур хоссалар фақат тизимдаги муайян таъсирлар натижасида юзага келмайди, улар мазкур объектга хосдир.)
Бу ерда контрредукция тамойили объект муқаррар тарзда ўзгариши, такомиллашиши ва шу кабилар натижасида муайян тизим таркибига кирганида қўшимча тарзда пайдо бўладиган хоссаларнигина эмас, балки объектга имманент бўлган бир қанча муҳим хоссаларни ҳам билиш имконини беради. Масалан, ДНКнинг аминокислота кетма-кетлиги қайд этилган матрица сифатидаги хоссаларини аниқлаб, шундан сўнг алоҳида ажратилган ДНК билан ишлаш ва генетик кодга қараб муайян оқсилларнинг тегишли аминокислота кетма-кетликларини аниқлашимиз ёки аксинча, алоҳида ажратилган оқсилларнинг аминокислота кетма-кетликларига қараб ДНКдаги нуклеоидларнинг кетма-кетлигини аниқлашимиз мумкин. Бунинг устига, ДНК, РНК молекулаларининг ахборот ва тартибга солиш хоссалари, тирик ҳужайра тизимларидаги метоконтрредукцияга асосан аниқланган ферментларнинг биокаталитик ҳамда тартибга солиш хоссалари моддий таркибига кўра ҳам, ташкил этилишига кўра ҳам натив (“жонли”) тизимлардан фарқ қиладиган сунъий тизимларда рўёбга чиқарилиши мумкин.
Контрредукция тамойилини табиатшунослик соҳасида амалда қўллаш объектларнинг олий хоссаларини фақат статистик моддий тизимлар ёки акциялаштириш вақти чекланган тизимлар (масалан, сунъий ташкил этилган кимёвий жараёнлар ёки алоҳида муайян организмлардаги жараёнлар)даги объектларнинг олий хоссаларини тадқиқ қилиш билангина чекланмайди. Методнинг имкониятлари анча кенг, чунки контрредукция методига нисбатан унинг юқори даражада уюшган тизими, деганда замон ва макондаги ҳар қандай, шу жумладан тадрижий ривожланаётган табиий тизимни тушуниш лозим. Замон ва макондаги тизим (ёки хусусий ҳолатда макондаги темпорал тизим)ни деганда биз замонда маълум даражада ўзгарувчи (ноорганик, органик, ижтимоий) тушунамиз. Биз уни маълум инвариант белгиларига қараб, яхлитлик ҳамда тадқиқотнинг маълум объекти сифатида ажратамиз. Шунга ўхшаш ҳар қайси тизим учун элементар вақт бўлаги, яъни тизимида кўрилаётган ўзгаришлар аҳамиятсиз бўлган энг катта вақт оралиғи тушунчасини муомалага киритиш лозим. Мазкур вақт бўлакларининг миқдори космология учун минг ва ундан ортиқ йиллар, геология учун ўнлаб ва юзлаб йиллар, микробиология учун бир-икки генерация даври (тахминан минутлар) билан, кимёвий генетика учун секунднинг улушларидан соатларгача, жамият ва маданият тарихи учун эса ўнлаб ва юзлаб йиллар билан ўлчанади.
Замон ва макондаги тизимларда тадқиқ қилинаётган объектнинг номаълум олий хоссалари тизимда, нафақат долзарб моддий, балки муваққат, тарихий сабаб ва оқибат алоқаларининг мавжудлиги туфайли ҳам намоён бўлади. Кимёвий эволюция ҳақидаги таълимот, молекуляр тузилмаларнинг ўз-ўзини ташкил этиш, табиий-тарихий шароитларда тузилиш ва сифат жиҳатидан мураккаблашиш қобилияти ҳақидаги таълимот юқорида айтилган тизимларда контрредукция методининг объектив асослари ва имкониятларини очиб берувчи ўзига хос мисол бўлиб хизмат қилади.
Молекулаларнинг муҳим хоссаси ўз-ўзини ташкил этиш қобилияти ва кимёвий эволюцияни фақат контрдедукция ёрдамида аниқлаш мумкин бўлди. Дарҳақиқат, биологияда XIX асрда вужудга келган эволюцион таълимот тирик организмларнинг тадрижий ривожланишини ретроспектив тарзда кўриб чиқишда фақат энг содда бир ҳужайралилар ва уларнинг молекуляр (субъектив ҳужайрали) таркибий қисмларидан келиб чиқиши мумкин эди. Мазкур ҳолат космологияда ривожланаётган ноорганик материя даражасида табиатнинг дастлабки эволюцияси ғояси билан бирга илк биологик, яъни кимёвий эволюция муаммосининг қўйилишига олиб келарди. Муҳими шундаки, илмий билимнинг тарихий-мантиқий ривожланишида дастлаб кимёвий эволюция муаммоси қўйилди, фақат шундан кейин ўз-ўзини ташкил этувчи кимёвий тизимларни муайян модель асосида тадқиқ қилишга киришилди. Хуллас, молекулаларнинг олий хоссаси ўз-ўзини ташкил этиш қобилиятини аниқлаш контрредукция–молекулаларни тадрижий ривожланувчи табиий-тарихий тизимда кўриб чиқиш натижаси бўлди.
Кузатиш–нарса ва ҳодисаларни изчил пассив кузатиш. Асосан, сезги аъзоларининг маълумотларига таянади. Кузатиш жараёнида биз билиш объектининг нафақат ташқи томонлари ҳақида, балки, пировард мақсад сифатида унинг муҳим хосса ва муносабатлари ҳақида ҳам билим оламиз. Кузатиш бевосита ёки турли асбоблар ва бошқа техник ускуналар ёрдамида билвосита амалга оширилиши мумкин. Фан ривожланиши билан кузатиш тобора мураккаблашиб, унинг воситалари кўпайиб бормоқда. Илмий кузатишга қўйиладиган асосий талаблар: мақсад (кузатиш объекти)нинг аниқлиги; қайта кузатиш орқали ёки бошқа методлар (масалан, эксперимент) ёрдамида назорат қилиш мумкинлиги. Кузатиш натижаларини талқин қилиш, асбобларнинг кўрсаткичларини ўқиш ва шу кабилар муҳим аҳамиятга эга.
Эксперимент–ўрганилаётган жараёнга фаол ва изчил аралашиш, экспериментнинг мақсадларига мувофиқ махсус яратилган ҳамда назорат остига олинган шароитларда тадқиқ қилинаётган объектни тегишли тарзда ўзгартириш ёки уни акс эттириш. Эксперимент жараёнида ўрганилаётган объект унинг моҳиятини бузиб кўрсатиши мумкин бўлган ножўя таъсирлардан ажратилади ва “соф шакл” да ифода этилади.
Экспериментнинг асосий хусусиятлари:
а) тадқиқот объектига (кузатишдагига қараганда) янада фаолроқ муносабат, шу жумладан, уни ўзгартириш ва қайта тузиш;
б) объектнинг хулқ-атворини назорат қилиш ва натижаларни текшириш имкониятининг мавжудлиги;
в) тадқиқотчининг хоҳишига кўра, ўрганилаётган объектни бир неча марта акс эттириш мумкинлиги;
г) ҳодисаларнинг табиий шароитларда кузатилмайдиган хоссаларини топиш имкониятининг мавжудлиги.
Экспериментларнинг турлари жуда хилма-хилдир. Вазифаларига қараб тадқиқот (қидириш), текшириш (назорат) ва акс эттириш экспериментлари фарқланади. Объектларнинг хусусиятига қараб физик, кимёвий, биологик, ижтимоий ва ҳ.к. экспериментлар фарқланади. Сифат ва сон экспериментлари ҳам мавжуд. Фикрий эксперимент–идеаллаштирилган объектлар ҳақида фикр юритиш процедуралари тизими ҳозирги замон фанида кенг тарқалган.
Таққослаш–объектлар (ёки айни бир объектнинг ривожланиш босқичлари)нинг ўхшаш ёки фарқли жиҳатларини, яъни уларнинг айнийлиги ва тафовутларини аниқловчи билиш операцияси. У фақат туркум ҳосил қилувчи турдош предметлар мажмуидагина маъно касб этади. Предметларни туркумда таққослаш айни тадқиқот учун муҳим белгиларга қараб амалга оширилади. Бунда битта белгига қараб таққосланаётган предметларни бошқа белгига қараб таққослаш бўлмаслиги ҳам мумкин. Таққослаш мантиқий усул–аналогиянинг (қуйида қаранг) негизи ҳисобланади ва қиёсий-тарихий методнинг асоси бўлиб хизмат қилади. Унинг мақсади–айни бир ҳодиса ёки биргаликда мавжуд ҳар хил ҳодисалар ривожланишининг турли босқичлари (даврлари, даражалари)ни билишда умумий ва хусусий ҳолатларни аниқлаш.
Тавсифлаш–тажриба (кузатиш ёки эксперимент) натижаларини фанда қабул қилинган маълум белгилаш тизимлари ёрдамида қайд этишдан иборат билиш операцияси.
Ўлчаш–қабул қилинган ўлчов бирликларида ўлчанаётган катталикнинг сон миқдорини топиш мақсадида маълум воситалар ёрдамида бажарилувчи амаллар мажмуи.
Шу ўринда қайд этиб ўтиш керакки, эмпирик тадқиқот методлари ҳеч қачон “кўр-кўрона” амалга оширилмайди, балки ҳар доим назарий жиҳатдан белгиланган, маълум концептуал ғоялар билан йўналтирган.29
Do'stlaringiz bilan baham: |