3- мавзу. ҚАДИМГИ ҲИНДИСТОНДА ФАЛСАФИЙ ФИКРЛАРНИНГ ЮЗАГА КЕЛИШИ
Қадимги ҳинд жамиятининг характерли хусусиятларидан бири унинг варна (Европада каста деб аталувчи) ларга бўлинишидир. Улар брахманлар, кшатрийлар, вайшлар, шудралар.
Ҳиндистонда фалсафагача бўлган фикрлар 3 та манбада мужассамлашган: Ведалар (Веда-муқаддас билим), Махобхорот (18 китобдан таркиб топган эпик асар; фалсафий ғоялар асосан Мокшадхарма-қутулиш, сақланиш йўлида ўз ифодасини топган), Бхагадвита (Илоҳий қўшиқ) ва Анугите. Ҳозирги ҳинд файласуфи-Ауробиндо Гхошнинг таъкидлашича, “Махобхорот”-якка, индивудуал онг эмас, миллий онг ижоди. “У халқнинг ўзи тўғрисида ёзган поэмасидир”10.
Ведалар эрамизгача учинчи минг йилликда йиғила бошлаган. Ведалар жами 4 та: Ригведалар– гимнлар тўплами, Самаведалар – (“Саман” қўшиқлар тўплами), Яжурведа – (яжус қурбон қилиш формуласи, қурбон қилишнинг формулалари тўплами “Сборник жиртвенних формула”), Атхарваведа (Атхарвак афсонавий кохин номи) – магия ва қасамлар тўплами. Ҳар бир веда адабиёти самхитлардан, яъни текстлар (матнлар)дан ташкил топган. Хусусан Ригведалар 1028 гимндан ташкил топган.
Упанишадлар ведаларга талқинлар бўлиб хизмат қилган. Шунинг учун ҳам уларни веданта (ведалар охири, якуни) деб аташган. Упанишадларда онгнинг тўрт ҳолати ажратилиб, тавсифланади: уйғоқлик, уйқу, чуқур уйқу (тушсиз) ва соф онг-турия.
Атман тушунчаси, биринчидан танани, иккинчидан, “Мен” атамасини, учунчидан индивидуал борлиқнинг субъектив, маънавий асосини – жоннинг жонланишини англатади. Ҳинд фалсафасининг характерли ҳусусиятларидан бирини айнан ана шу тушунча ташкил этади. Атман (ап-нафас олиш, ат-ҳаракатланмоқ) тушунчаси инсоннинг доимо ҳаракатда эканлигини, фаоллигини, шу жумладан жоннинг ҳаракатини ифода этади. Брахман- Атман барча мавжудотнинг генетик-субстанционал асоси ҳамда якуни, ягона, абадий, ўзгармас моҳият. Бундан ташқари уларнинг ҳар иккаласи пуруша билан бир хил. Масалан, упанишадларда пуруша “барча нарсанинг ичига кириб борувчи Брахман сифатида тавсифланади”11.
“Бхагавадгита”. Эрамизгача биринчи минг йиллик ўрталарида ҳунармандчиликнинг қишлоқ хўжалигидан ажралиб чиқиши натижасида савдо-ҳунармандчилик марказлари-шаҳарлар, пул-товар муносабатлари пайдо бўла бошлади. Кастачилик инқирозга юз тута борди: вайшларнинг кшатрийларни уларнинг брахманларга қарши курашида қўллаб-қувватлаши натижасида жамият ҳаётида брахманманларнинг мавқеи пасайиб, кшатрийларнинг мавқеи кучаяди. Бу даврда ўнтадан кўпроқ кшатрийлар давлати пайдо бўлади, улардан эса, Магатха давлати барпо бўлади. Аммо бу ҳиндларнинг бирлашишига олиб келмайди. Бирлашиш ҳиндларнинг олтинчи династияси-Маурья даврида, давлатни Ашоки бошқарган пайтда (273-232) содир бўлади.
Do'stlaringiz bilan baham: |