Орфизмда фалсафа элементлари. Орфизмда оламнинг генетик манзараси тасвирланади. Баъзи фаразларга кўра (орфизмдаги) Гея ва Уран Ер ва осмон сифатида космик тухумдан пайдо бўлган. Орфизмда Зевс бутун дунёни қамраб олади ва ўзида жойлаштиради. Монопантеизм–монозевсизм–орфизмга хос хусусият.
Антик фалсафанинг шаклланишида “етти донишманд” муҳим рол ўйнади. Етти сонининг муқаддаслаштирилиши фалсафагача бўлган даврга хос хусусият. Турли хил манбаларда “етти донишманд” рўйхати турли хил. Платоннинг “Протагор” диалогида қуйидагиларни ўқиймиз: “Бундай кишилар қаторига Фалес, Питтак, Биант, Солон, Клеобул, Мисон, Хилонлар киради”25.
“Етти донишманд” фанга ҳам, мифологияга ҳам тегишли эмас. Бу ерда фалсафанинг учинчи манбаи–кундалик онг мавжудлигини тахмин қилиш мумкин. “Етти донишманд” ҳаёт, турмуш долнишмандлигидан иборат.
“Етти донишманд”да кўпроқ ахлоқ-одобга тегишли фикрларни учратамиз, улар афоризмлар (гном) шаклида баён қилинган. Гном–турмуш донишмандлиги.
Таянч тушунчалар
Гомер мифологияси, Гесиод, беш авлод концепцияси, орфизм, “етти донишманд”, Ферекид, Прометей, Пандора.
5.2 Қадимги Юнонистонда фалсафанинг шаклланиши.
Милет мактаби фалсафий таълимоти.
Антик фалсафа муайян ижобий ҳусусиятларга эга. Унинг муҳим ютуғи–оламнинг яхлит манзарасини, онтологик-космологик моделини яратишга интилишидир. Қадимги грек файласуфлари оламдаги турли-туман предмет ва ҳодисаларни ягона асосга келтириш, яъни уларнинг субстанциясини топиш йўли билан дунёнинг яхлит назарий манзарасини ҳосил қилганлар.
Бу ҳолат илк грек фалсафасининг асосий ҳусусиятларини аниқлашга имкон беради. Улар қуйидагилар:
Онтологизмнинг, яъни борлиқ тўғрисидаги таълимотнинг устуворлиги;
Натурфалсафий шаклда бўлиши.
Бу фан ва фалсафанинг етарли даражада ривожланмаганлиги сабабли уларнинг бир-биридан аниқ чегараланмаганлиги натижасидир. Мана шу сабабларга кўра илк грек фалсафасининг асосий тушунчаларидан бири табиат (космос), ҳарактерли хусусияти–космоцентризм деб аталади.
Қадимги грек фалсафасини ўрганиш учун манбалар:
Диоген Лаэрций, Платон, Аристотел ва бошқалар асарлари
“Иония–Грециянинг бошланиши ва Осиёнинг охири”.
Иония фалсафаси–олдфалсафа.
Милет мактаби–Ионияда шаклланган илк фалсафий мактабдир. Фалес “етти донишманд”лардан биринчиси деб эълон қилинган. У сиёсий масалалар билан ҳам қизиққан: ионияликларни Лидия ва форсийлар ҳужуми хавфи туғилганда бирлашишга чақирган.
Асарлари: “Бошланғич асос тўғрисида”, “Қуёшнинг тутилиши тўғрисида”, “Кун ва туннинг тенглашиши тўғрисида”, “Денгиз астрологияси” ва бошқалар унинг қаламига мансуб деб ҳисобланади.
Олим сифатидаги фаолияти. Фалес бошланғич асосни сув деб ҳисоблаган”.
У айтади: “Кўпсўзлик ақлли фикр кўрсаткичи эмас”, “Қандайдир бир ёлғиз фикрни изла, битта яхши нарсани танла, ана шунда махмадоналарнинг қуруқ сўзли эканлигини англайсан”26.
Анаксимандр–Фалеснинг шогирди ва ишининг давомчиси. Анаксимандр барча мавжудотнинг ибтидоси, бошланғич асоси “архе” тушунчасини бирламчи асос, субстанция даражасигача кенгайтирди. Бундай субстанцияни Анаксимандр апейрон деб атайди. Апейрос–“чегарасиз, чексиз, ниҳоясиз” демакдир. Баъзи қадимги грек олимлари апейронни Анаксимандр моддий деб ҳисоблаган дейишади, баъзилари тўрт элемент–ер, сув, ҳаво, олов аралашмаси деб талқин қилишади. Аристотел фикрича, Анаксимандр ана шу тўртта стихиядан қайсидир биттаси чексиз, ниҳоясиз бўлиши мумкин деб ҳисоблаб, қолган учтасига нисбатан уни афзал деб билган ҳолда апейрон ғоясини илгари сурган. Субстанциал асос сифатида апейрон чексиз бўлиши зарур, акс ҳолда у турли стихияларнинг алмашиб туриши асосини ташкил эта олмайди.
Ҳаётнинг келиб чиқишини Анаксимандр қуйидагича тушунтиради: тирик мавжудот денгиз ва қуруқлик орасида осмон олови таъсири остида пайдо бўлган. Дастлабки тирик организмлар денгизда яшаган. Кейин уларнинг бир қисми қуруқликка чиқишган. Денгиз ҳайвонидан инсон келиб чиққан. Хусусан инсон бирорта улкан балиқ ичида пайдо бўлиб, у ерда улғайганича яшаган ва кейин қуруқликка чиққан (чақалоқ ҳолида чиққанида яшаб кета олмас эди).
Диалектик ва материалистик қарашлари. Анаксимандрнинг материалистик монизми қадимги грекларнинг ўзини лол қолдирган. Плутарх (аниқроғи Псевдоплутарх) таъкидлайди: “Анаксимандр айтадики, апейрон – туғилиш ва ўлишнинг ягона сабаби”. Христиан теологи Августин фикрича, Анаксимандр “илоҳий ақлга ҳеч қандай ўрин қолдирмади”. Диалектик таълимоти апейроннинг абадий ҳаракати, ундан қарама-қарши кучларнинг ажралиб чиқиши (иссиқ-совуқ, ҳўл-қуруқ), тўртта стихиянинг улардан ҳосил бўлиши, тирик табиатнинг нотирик табиатдан келиб чиқиши тўғрисидаги эволюцион қарашларида ўз ифодасини топган.
Эсхатология(эсхатос–чеккадагиси.охири)–дунёнинг охири тўғрисидаги таълимот. Анаксимандрнинг сақланиб қолган фрагментида ёзилади: барча нарсаларнинг туғилиши нимадан бўлса, йўқолиши ҳам зарурий равишда шунга бориб тақалади. Адолатсизлик учун нарсалар бир-биридан вақт белгилаган тартиб бўйича қасос оладилар.
Олим сифатида Анаксимандр “гномон”–Шарқда аввал элементар қуёш соатлари деб аталган нарсани киритди.
Анаксимен–Анаксимандрнинг шогирди ва ишининг давомчиси. Устозидан фарқли ўлароқ, бутун мавжудотнинг бирламчи асосини тўртта стихиянинг энг сифатсизи бўлган ҳавода деб билади. Ҳаво чексиз, яъни апейрос. Апейрон–ҳаво хоссаси.
Космогонияси. Барча нарсалар ҳавонинг зичлашиши ва сийраклашиши асосида пайдо бўлади. Хусусан сийраклаша бориб, ҳаво аввал оловга, кейин эфирга айланади. Зичлаша, қуюқлқша бориб, шамолни, булутни, сувни, ерни ва тошларни пайдо қилади.
Илмий фаразларининг баъзилари хақиқатга яқин. Масалан, дўлни булутдан тушиб келаётган сувнинг музлаши натижасида ҳосил бўлади деган. Агар унга ҳаво аралашса, қор ҳосил бўлади. Унинг фикрича, юлдузлар Ой ва Қуёшдан узоқроқда жойлашган (бу билан у Анаксимандр хатосини тузатган). Об-ҳавонинг ҳолатини Қуёш фаоллиги билан боғлаган.
Do'stlaringiz bilan baham: |