3.2. Таълим сифатини бошқаришнинг Исикава усули
Сифат назоратининг машҳур усулларидан бири Исикава усулидир. Исикава диаграммаси 5М га асосланади. 5М қуйидагича тавсифланади:
1. Man (инсон) – инсон омили билан боғлиқ омиллар.
2. Machines (жиҳозлар) – машина ва жиҳозлар билан боғлиқ омиллар.
3. Materials (материаллар) – материаллар билан боғлиқ омиллар.
4. Methods (усуллар) – жараёнларни ташкил қилиш усуллари.
5. Measurements (ўлчовлар) – ўлчов билан боғлиқ омиллар.
Юқоридаги 5 та омил Исикава чизмасининг асоси бўлиб, таълим муассасаларида таълим сифатига таъсир қилаётган омиллар чизмасини Исикава усулида кўрсатиш мумкин (2-расм).
Исикава схемасидан кўринадики, 5 та сабаб бўйича таълим сифатига энг кўп таъсир этувчи омиллардан бири инсон омили бўлиб, у таълим сифатига тўғридан-тўғри таъсир кўрсатади. Қолган омиллар инсон омили воситасида таълим жараёнлари сифатига салбий таъсир кўрсатади. Қолган омиллар ичида усуллар ҳам таълим сифатига ташкиллаш жиҳатидан сезиларли даражада таъсир этади.
Таълим сифатига салбий таъсир этаётган ушбу муаммоларни бартараф этиш аниқ механизмга асосланган бўлиши лозим. Сифат менежменти тизимида бундай механизмларидан бири Дёминг цикли ва сифат ҳалқаси ҳисобланади.
Амалиётда сифат ҳалқаси маҳсулотга нисбатан олинади. Фикримизча, уни таълимга нисбатан олганда у 3-расмдаги кўринишга эга бўлади.
3.3. Таълим сифатини бошқаришнинг Дёминг цикли
Таълимда сифат менежментини ташкил этиш ва самарали бошқаришда Дёминг циклидан ҳам фойдаланиш мумкин (4-расм). У бир қатор босқичлардан ўтказилиб амалга оширилади.
Дёминг циклини тушуниш таълим сифатини бошқаришнинг ўзи билан чегараланиб қолмайди, у барча бошқарув ва хўжалик фаолиятларига боғлиқ бўлиб, уни муассаса фаолиятининг ҳар бир жабҳасида кенг қўлласа бўлади.
Сифатни бошқаришда ишни режалаш, бажариш, назорат ишларини илмий асосда кўриб чиқишда америкалик олим Эдвард Дёмингнинг ҳиссаси катта бўлиб, у PDCA (Plan-Do-Check-Act – режалаштириш-бажариш-текшириш-тузатиш) назорат цикли (Дёминг цикли)ни келтириб ўтган.
PDCA цикли Дёмингнинг ғояси бўлгани сабабли, бу цикл Дёминг цикли деб ҳам аталади. Сифатни оширишнинг асосий усули PDCA назорат цикли ҳисобланиб, қуйидагилардан иборат:
- P(Plan) – ишнинг режасини тузиш;
- D(Do) – ишни режа асосида бажариш;
- С(Сheck) – oлинган натижаларни режалаштирилган ишларга тўғри келишини текшириш;
- A(Action) – режалаштирилган кўрсаткичларга нисбатан олинган натижалар ўзгариб кетган ҳолатда чоралар кўриш, таъсирни бошқариш.
Дёминг цикли муассасадаги ҳар қандай бажариладиган ишнинг пойдевори ҳисобланади. Бу назорат цикли ҳар бир ходим ёки жамоа ишида ютуқларнинг асоси бўла олади. PDCA циклини амалда қўллаш учун муассаса ходимлари уни ўзларининг даражаларида ўрганишлари керак бўлади.
Шундай экан, сифатни бошқариш жараёнлари тизимлилигини таъминлаш ва бошқарув самарадорлигини ошириш мақсадида Дёминг цикли ва сифат ҳалқасини биргаликда сифатни бошқариш тадбирларида қўллаш мумкин бўлади.
Бу етишиб чиқаётган кадрлар рақобатбардошлигини таъминлашда ўз самарасини беради. Бу икки усул асосида жадвал тузиб, уни матрица кўринишига келтириш мумкин. Ушбу матрица мутахассисликнинг алоҳида тури учун сифат бошқарувининг мажмуавий кўринишини ташкил этади.
Бундан ташқари, таълим муассасаларида таълим жараёнларидаги сифатнинг бузилишига салбий таъсир кўрсатувчи омилларни маълумотлар варағи усулида ҳам назоратга олса бўлади. Мазкур варақ 1-жадвалдаги кўринишга эга бўлиши мумкин.
Таълим сифатига таъсир этувчи омилларнинг ҳафталик статистик ҳисобини юритиш таълим муассасасида таълим сифатининг пасайиш сабабларини аниқ ва равшан кўрсатиб беради. Шунда сифат пасайишининг олдини олиш чораларини кўриш осонлашади. Бунда таълим сифатига таъсир этувчи салбий омиллар жадвалнинг чап томонига жойлаштирилади. Жадвалнинг ўнг тепа қисмига ҳафта кунлари белгиланади. Ушбу матрица кўринишидаги жадвал бўйича ҳафтанинг ҳар бир куни учун қандай ҳолатлар содир бўлган бўлса, ҳар бир ҳолат учун битта таёқча чизилади. Ҳар бешинчи ҳолат бўлганда аввалги 4 та таёқча устидан чизилади. Кун ва ҳафта якунида содир бўлган ишларни таҳлил этиб, кейинги куни уни бартараф этиш чоралари кўрилади.
Сифат менежментининг юқоридаги йўналишларидан бирини танлашда таълим муассасасининг қуйидаги шароитлари эътиборга олиниши лозим:
- сифат менежментининг ташкил этилганлик даражаси;
- кадрлар таъминоти;
- таълим жараёнининг ҳолати;
- ўқув жараёнининг ҳужжатлар билан таъминланганлик даражаси;
- молиявий таъминотнинг мавжудлиги ва ш.к.
Таълим сифатини янада ошириш учун қуйидаги йўналишларга аҳамият бериш зарур:
- ўқув аудиторияларини замонавий ўқитиш жиҳозлари билан тўлиқ таъминлашга эришиш;
- электрон кутубхонадаги ўринлар сонини кўпайтириш;
- талабаларнинг мустақил таълим олишлари учун услубий кўрсатмалар ва аудиториядан ташқари вақтларини самарали ўтказишга эришиш;
- дарсларнинг тўлиқ янги педагогик технологиялар ва техникавий жиҳозлар асосида ўтилишини таъминлаш.
Таълимга сифат менежментини татбиқ этиш натижасида қуйидаги самараларга эришиш мумкин:
- ўқув жараёнидаги бошқарув тузилмаси модернизациялашган кўринишга яқинлашади;
- ўқув жараёнида юритиладиган ҳужжатлар соддалашади ва оптималлашади;
- етиштирилаётган кадрлар ўртасида соғлом рақобат муҳити такомиллашади;
- етиштирилаётган кадрларнинг жаҳон миқёсидаги рақобатбардошлиги ортади;
- ишлаб чиқариш ва таълим ўртасидаги интеграция кучаяди;
- илмий тадқиқот натижаларининг самарадорлиги ортади.
Сифат мониторинги (quality monitoring) сифатнинг у ёки бу мезонлари ва индикаторларини бевосита баҳолаш ёки кузатиш процедураларини кўзда тутади, сифат «даражаси»ни аниқлайди, шунингдек, моддий сарф-харажатларнинг самарадорлигини баҳолаш билан ҳам боғлиқ бўлади. Профессионал таълим сифати муаммоларига доир инглиз тилидаги нашрларда қатор босқичлардан (режалаштириш, баҳолаш ва мониторинг, таҳлил ва бошқа босқичлар) иборат ҳам ташқи, ҳам ички баҳолашни – кенг маънодаги сифатни баҳолаш тизимини англатувчи «quality assessment» атамаси кўпроқ ишлатилади. Тор маънода сифатни баҳолаш процедураларини белгилашда «quality evaluation», «quality audit» , «quality judgement» каби атамалар қўлланилади. Шунингдек, Европада сифатни таъминлаш ёки сифат кафолати тарзида таржима қилиниши мумкин бўлган «quality assurance» атамаси ҳам ишлатилади. Сифатни таъминлаш тизими баҳолаш билан боғлиқ бўлган босқичлардан ташқари уларни жорий этиш босқичларини такомиллаштиришга доир изланиш ва қарор қабул қилиш босқичларини ҳам қамраб олади. Сифатни таъминлаш тизимининг энг муҳим хусусияти унинг даврийлиги ва такомиллашиб боришга мойиллигидир. вазифалари ёки тизимдаги шароит ва меъёрларга боғлиқ бўлган кўп қиррали тушунча» тарзида тавсифловчи кенг талқини келтирилган. Таълим сифатини баҳолаш муаммоси ҳамма вақт долзарб бўлган, фақат кейинги йилларда бу масала ечимига тизимли мажмуавий тарзда ёндашила бошланди. Чет эл олимлари ва амалиётчилари таълим сифатини тадқиқ қилиш доирасида таълим сифати тушунчасининг ўзини аниқлаштирмоқдалар, Таълимни баҳолашнинг ўзаро тан олинадиган тизимларини жорий этиш орқали таққослаш имконини берувчи таълим сифатини таъминлаш Европа мамлакатлари ягона таълим маконини шакллантиришнинг муҳим шартларидан биридир.
Дунёда мавжуд таълим сифатини баҳолаш тизимларини шартли равишда иккита моделга бўлиш мумкин. Биринчи модель – профессионал таълим муассасасининг жамият ва давлат олдидаги масъулиятини аттестация, аккредитация ва назорат қилиш воситасида ташқи баҳолашга асосланган «французча» модели. Бундай модель Скандинавия мамлакатлари, Чехия, Латвия, Эстония ва бошқа мамлакатларда қўлланилади. Ушбу мамлакатларда давлат органлари томонидан баҳолашнинг мақсади шакллантирилади, баҳолашнинг энг муҳим жиҳатлари белгиланади, таълим жараёнини ташкил этишга доир қарорлар қабул қилинади.Таълим муассасаси томонидан ўзиниўзи баҳолашга юзаки қаралади, чунки асосий эътибор ташқи баҳолашни самарали ўтказишга қаратилади . Ташқи назорат меъёрий ва илмий жаҳатдан таъминланиш борасида жиддий муваффақиятларга эришган бўлса-да, эпизодик тарзда миқдорий кўрсаткичларни аниқлашга асослангани сабабли мавжуд муамммо ва ютуқларни аниқлаш, таълим сифатини оширишни режалаштириш имконини бермайди.
Профессионал таълим сифатини баҳолашнинг иккинчи – «инглизча» моделининг асосини таълим муассасаси томонидан ўзини-ўзи баҳолаш ташкил қилади. Бу модель Буюк Британия, Германия, АҚШ, Лотин Америка мамлакатларида қўлланилади. Францияда таълим муассасаси фаолиятининг ташқи назорати баҳолаш бўйича Миллий қўмита томонидан амалга оширилади. Мазкур қўмитанинг бош вазифаси муайян мамлакатдаги профессионал таълимнинг ҳолатини даврий равишда холис баҳолашдан иборат. Баҳолаш натижалари ахборот ва тавсиявий характерга эга бўлиб, дастлаб президент, парламент ва ҳукуматга, сўнгра нашрлар шаклида кенг жамоатчилик эътиборига етказиладиган йиллик ҳисоботлар тарзида баён этилади. Германия ва Буюк Британияда яқин даврларгача таълим сифатини таъминлашдаги бош роль ўқув муассасалари ва бўлинмаларининг раҳбарлари ва ўқитувчилар таркибининг компетентлиги ва масъулиятига асосланган ички назоратга ажратилган эди. Германиянинг таълим муассасаларида ички назорат асосан факультетлар, аниқроғи улардаги ўқув жараёнига жавоб берувчи махсус комиссиялар томонидан олиб борилар эди. Германияда давлат даражасида аккредитация қилиш йўлга қўйилмаган бўлиб, давлатга тегишли профессионал таълим муассасалари автомат тарзида аккредитацияга эга бўларди. Охирги йилларда мамлакатда ички назоратнинг етарли эмаслиги тўғрисидаги хулосага келинди.
Хулоса қилиб айтганда, таълим бошқаруви назарияси нисбатан янги ва истиқболли фан тармоғи ҳисобланиб, бошқарув жараёнининг моҳияти ва қонуниятларини аниқлаш, бу жараёнда содир бўладиган муносабатларни очиб бериш, баҳолаш ва бошқарув субъектининг асосий тамойилларни ишлаб чиқиш таълимни бошқариш жараёнида муҳим аҳамият касб этади. Таълим тизимини бошқариш педагогика фанининг муҳим тармоғи бўлиб, Ўзбекистон Республикасидаги таълим тизими органлари ва уларнинг вазифалари, иш фаолиятининг мазмуни ва методларини белгилаб беради, шунингдек, таълим муассасаларига раҳбарлик қилиш тизимини асослайди.
Do'stlaringiz bilan baham: |