109
6-боб. Ташкилий
хулқнинг мотивацион
асослари
6-бобда мотивация тушунчаси, турлари ва жараёни; мотивациянинг
мазмун ва процессуал назариялари; ташкилот ходимларини моддий ва
маънавий рағбатлантириш усуллари кўриб чиқилади.
6.1. Мотивация тушунчаси, турлари ва жараёни
Мотивация (грекча motif, лотинча moveo – “ҳаракатлантираман”
сўзидан ясалган) – инсонни бирон-бир мақсадга эришиш учун астойдил
интилиш, бунга иштиёқ уйғотишга қизиқтириш ва бунинг учун куч жамлаш
жараёнидир.
Раҳбарлар ўз ходимлари англаши ёки англамаслигидан қатъий назар,
уларни доимо мақсадга қизиқтириб келадилар. Қадим замонларда бунинг
учун қамчи ва дўқ-пўписа ишлатилган, айримларга мукофотлар берилган.
ХХ асрга қадар агар кўпроқ пул ишлаш имконияти берилса, одамлар
яхшироқ ишлайдилар, деган фикр ҳукмрон эди, яъни мотивлаш сарфланган
куч-ғайрат эвазига пул мукофоти таклиф қилишдан иборат эди. Аммо
кейинги тадқиқотлар бундай ёндашув нотўғри эканини аниқлади ва
мотивация эҳтиёжларнинг мураккаб мажмуасидан иборат эканини кўрсатди.
110
Ходимларни қизиқтириш учун раҳбар уларнинг эҳтиёжларини аниқлаши ва
бу эҳтиёжларни яхши иш орқали қондириши лозим бўлади.
Бошқарувдаги мотивация усулларини қуйидагича таърифлаш мумкин:
-иқтисодий мотивлаш усуллари – иш ҳақи, мукофот, имтиёзлар, фоизлар,
фойдада қатнашиш, акциялар пакети, қўшимча ҳақ ва ҳ.к.
-ижтимоий мотивация усуллари – жамоат ўртасида рағбатлантириш,
ташаккур эълон қилиш ва офаринлаш, изза қилиш ва ҳ.к.
-руҳий мотивация усуллари – обрў-эътиборини ошириш, бефарқлик,
зарарли ва ортиқча эканини сездириш ва ҳ.к.
-лавозим мотивацияси усуллари – лавозимини кўтариш, қўшимча
ваколатлар бериш ва ҳ.к.
-ижтимоий-руҳий усуллар – ижтимоий фаолликни ошириш, тажриба
алмашиш, ишдаги бошқарувдаги ва касб-кордаги аҳлоқ-одоб ва ҳ.к.
-маънавий мотивация усуллари – шахсий учрашувда, жамоат ўртасида
тан олиш, мақташ ёки танқид қилиш;
-ишларни лойиҳалаш ва қайта лойиҳалаш (бойитиш) усуллари;
-ходимларни бошқарувга жалб қилиш усуллари.
Мотивацияни иккиёқлама, чунончи:
-инсон ва гуруҳнинг эҳтиёжлари, руҳияти, одобини ҳисобга олиб,
самарали меҳнатга ундовчи шарт-шароит ва сабабларни аниқлаш ва
қондириш воситаси;
-жисмоний ёки руҳий етишмовчилик ёки эҳтиёждан бошланиб, ҳатти-
ҳаракатларни кучайтирадиган ёхуд мақсадга эришишга ёки мукофот олишга
қизиқтирадиган жараён тарзида кўриб чиқиш мумкин.
111
Айни вақтда мотивация жараёнини кетма-кет келадиган қуйидаги
босқичлар тарзида ҳам тасаввур қилса бўлади:
-эҳтиёжнинг келиб чиқиши;
-эҳтиёжни қондириш (бартараф этиш) йўлларини излаш;
-мақсадни(ҳаракат йўналишини) белгилаш;
-эҳтиёжни қондириш учун зарур ҳаракатларни қилиш;
-ҳаракатларни амалга оширганлиги учун мукофот олиш;
-эҳтиёжни қондириш, бартараф этиш.
Шу муносабат билан эҳтиёж тушунчасини изоҳлаб ўтиш мақсадга
мувофиқдир. Эҳтиёж:
-инсон кўнглида вужудга келадиган;
-турли кишиларда бир-бирига ўхшайдиган, аммо ҳар кимда алоҳида
намоён бўладиган;
-инсон қутулишга интиладиган туйғудир.
Мотивлар – инсонни ҳаракат қилишга ундайдиган, нима қилиш ва
қандай қилишни белгилаб берадиган, инсоннинг дилидан кетмайдиган ва ҳар
кимда ҳар хил тарзда намоён бўладиган хилқат.
Мотивларни:
-фаоллик турларига қараб;
-намоён бўлиш вақтларига қараб;
-инсоннинг эҳтиёж турларига қараб;
-шахснинг муддаоларига қараб;
112
-тузилишига қараб;
-функцияларига қараб;
-етакчи мотиваторига қараб таснифлаш мумкин.
Мотивлар кўпгина омилларга боғлиқ.
Инсоннинг одоб-ахлоқи битта мотив билан эмас, балки кўпгина
мотивларнинг йиғиндиси билан белгиланади. Бунда мотивлар инсоннинг
одобига таъсир қилиши даражасига қараб бир-бирига нисбатан муайян
муносабатда бўлади. Шу сабабли инсоннинг мотивацион тузилмасини унинг
муайян ҳаракатларни амалга ошириш асоси деб билмоқ керак. Бу тузилма
муайян барқарорликда бўлади. Бироқ у инсонни тарбиялаш, ўқитиш
жараёнида онгли равишда ўзгариши мумкин:
Мотивлаш – инсонда муайян мотивларни уйғотиш йўли билан уни
муайян ҳаракатларни қилишга ундаш мақсадида шу инсонга таъсир ўтказиш
жараёнидир.
Мотивлаш қандай мақсадни кўзлашига, қандай вазифаларни ҳал этишига
қараб унинг икки асосий тоифасини алоҳида кўрсатиб ўтиш мумкин.
Биринчи тоифа шундан иборатки, инсонга ташқи таъсир ўтказиш йўли
билан муайян мотивлар ҳаракатга келтирилади, мазкур мотивлар инсонни
мотивлаштирувчи субъект учун мақбул бўладиган муайян ҳаракатларга
ундайди.
Мотивлашнинг иккинчи тоифаси инсоннинг муайян мотивацион
тузилмасини шакллантиришни асосий вазифа деб ҳисоблайди. Бу вазифани
амалга ошириш учун катта куч-ғайрат, билим ва қобилият талаб қилинади.
Унинг натижалари мотивлашнинг биринчи тоифасига нисбатан умуман анча
баракали бўлади.
113
Do'stlaringiz bilan baham: |