Ижор ва иқтино – сотиб олиш ҳуқуқи бўлган ижара. Банк ва мижоз ўртасида тузилган ушбу шартномага кўра банк томонидан ижарага берилган кўчмас мулк ёки ишлаб чиқариш воситаси ижара муддати тугагач ижарага олувчи мулкига айланади. Албатта, бунда ижара муддати тугагунга қадар ижара объектининг нархи тўлиқ тўланган бўлиши керак. Анъанавий банклар ҳам лизинг операцияларини амалга оширишда мижозга ижара муддати тугагач, лизинг объектини сотиб олиш ҳуқуқини берадилар, мазмунига кўра бу ижор ва иқтино операцияси билан яқин.
Закот - моли нисобга (шариатда белгиланган, миқдори маълум турдаги товарларнинг нархидан келиб чиқиб ҳар бир йил учун аниқланувчи солиққа тортилмайдиган минимум) етган давлатманд мусулмонларнинг йил давомида олинган соф фойданинг қирқдан бири (2,5 фоиз) миқдорида кам таъминланган мусулмонлар ҳақига берувчи ажратмаси. Закот бериши шарт бўлган шахслар, закот берилиши шарт бўлган мол-мулк, унинг минимал миқдори, закотни олишга ҳақли бўлган шахслар шариат томонидан қатъий белгиланган.
Қарзи ҳасана – фоизсиз ссуда ёки қарз. Ислом банклари томонидан баъзи бир ижтимоий аҳамиятга молик бўлган хайрли ишларни амалга ошириш (масалан, завод, фабрика, йўл ва кўприклар қуриш) учун фоизсиз қарз берилади. Айрим ҳолларда, маълум бир объектив сабабларга кўра қарздор олинган маблағни қайтара олмай қолса, банк уни закот фонди ҳисобидан қоплаб бериши мумкин.
Жорий ҳисоб. Бу фоиз ставкаси қўйилмайдиган чек ва жамғарма ҳисоби бўлиб, бунда банк мижозлардан қўйилма ва депозитлар бўйича хизмат кўрсатгани учун муайян тўлов олишга ҳақлидир. Агар мамлакатда инфляция жараёни кузатилаётган бўлса, ҳисоб рақамидаги пул маблағларига индексация асосида муайян миқдордаги пул компенсация сифатида тўланади.
Инвестицион ҳисоб. Ушбу ҳисоб тури бўйича мижозлар турли операциялар воситасида ўз маблағларини истиқболли лойиҳаларга инвестиция қилишлари мумкин. Албатта, бунда фойда ва зарар юқорида айтиб ўтилганидек, банк ва мижоз ўртасида шартномага кўра тақсимланади.
Кредит ҳисоби. Ислом банклари мазкур ҳисоб орқали талабгор тадбиркорларга ҳамда аҳолининг муҳтож қатламларига фоизсиз қисқа муддатли ёки узоқ муддатли қарз (кредит) беради. Бунда давлатманд мусулмонлар ўз эҳтиёжларидан холи бўлган бўш маблағларини банкнинг кредит ҳисобига қисқа ёки узоқ муддатли депозит сифатида қўядилар. Банк ушбу маблағларни келишилган муддатда тўлиғича қайтаришни кафолатлайди. Банк олинган даромаднинг бир қисмини уларга беради.
Do'stlaringiz bilan baham: |