Сабзининг кулранг чиришини Botrytis cinerea замбуруғи
қўзғатади. Сабзидан ташқари лавлаги, помидор, карам, бодринг, ловия ва бошқа 200 тача ўсимлик турлари зарарланади. Касаллик оқ чиришга нисбатан сабзида камроқ учрайди, аммо омборхонага карам билан бирга қўйилса, илдизмевалар чириши 20-50% гача етиши мумкин.
Илдизмевалар зарарланиши далада тўқималар тўқ-қўнғир тус олиши билан бошланади. Доғлар устида яшилроқ-кулранг моғор, сўнгра диаметри 2-3 мм келадиган, думалоқ ёки нотўғри шаклли, қора тусли склероцийлар ривожланади.
Омборхоналарда бу касаллик типик "ҳўл чириш" қўзғатади, зарарланган тўқималар юмшоқ ва нам бўлиб қолади, оқ чиришдан фарқли ўлароқ, қўнғир тус олади, устида кулранг моғор ривожланади. Баъзан моғор пайдо бўлмаслиги ва зарарланган тўқима усти фақат майда, нотўғри думалоқ шаклли склероцийлар билан қопланиши мумкин. Илдизмевалар кавлаб олиш, ташиш ва омборхонага жойлаштириш ва уерда сақлаш пайтида зарарланади. Баҳорда улар уруғ олиш учун экилганда, ўсиб чиққан ўсимликлар кейинроқ чириб кетади.
Замбуруғ ўсимлик қолдиқларида ва склероцийлари ёрдамида илдизмеваларда 20 ойгача, ҳамда омборхоналарда сақланади. Омборхоналарда қўзғатувчи конидиялари ёрдамида тарқалади. Физиологик кучсиз сабзи кулранг чириш билан кучлироқ зарарланади. Касаллик билан курашда фомозга қарши тавсия қилинган чоралар қўлланилади (Герасимов, Осницкая, 1961; Вянгеляускайте и др., 1989; Ганиев, Недорезков, 2005).
Сабзи кулранг чириши Ўзбекистонда ҳам омборхоналарда анча кенг тарқалганлиги аниқланган (Холмуродов, 2004).
Сабзининг ризоктониоз қизил чиришини Rhizoctonia violacea замбуруғи қўзғатади. Касаллик дунёнинг барча мамлакатларида тарқалгани хабар қилинган, аммо у Ўзбекистонда қайд этилмаган. Сабзидан ташқари лавлаги, пиёз ва бошқа кўп экин ва бегона ўтлар (қайлюғун, олабўта, юлдузўт, газанда ўт ва б.) зарарланади.
Далада зарарланган илдизмеваларнинг тепасида кулранг-қўрғошин рангли доғлар пайдо бўлади, улар секин-аста қизғиш тус ва бироз ботиқ шакл олади, олдин рангсиз, сўнгра бинафша тусли, қалин, кийгизсимон моғор қатлами билан қопланади, устида кўп, майда, тўқ-бинафша склероцийлар ривожланади, илдизмевалар қуриб, кичрайиб қолади, баъзан чириб кетади. Зарарланган ўсимликларнинг барглари сарғаяди, сўлади ва қурийди. Ҳаво ҳарорати 20-30°С ва нисбий намлиги юқори бўлса, ризоктониоз тез тарқалади, 10°С дан паст ҳароратда ривожланмайди.
Илдизмевалар чириши омборхоналарда давом этади ва уларнинг тўқималарини иккиламчи микроорганизмлар зарарлайди. Қўзғатувчи мицелий ва склероцийлари ёрдамида зарарланган илдизмева, ўсимлик қолдиқлари ва тупроқда сақланади.
Ризоктониоз билан курашда фомозга қарши тавсия қилинган тадбирларни қўллаш, нордон тупроқларга оҳак солиш, бегона ўтларга қарши гербицид пуркаш лозим (Герасимов, Осницкая, 1961; Пересыпкин, 1982; Вянгеляускайте и др., 1989).
АҚШ да ўтказилган тадқиқотларда сабзини замбуруғнинг бошқа тури - Rhizoctonia carotae зарарлаши аниқланган, касаллик "кратер чириши" номини олган. Дастлабки 4 ой мобайнида омборхонадаги сабзи деярли фақат кратер чириши билан зарарланган. Сақлаш даврининг иккинчи ярмида сабзида кулранг чириш, қора чириш ва илдиз бўғзи ҳамда мева тепаси чириши (қўзғатувчи Rhizoctonia sp.) кўп тарқалган. Кам тарқалган касалликлардан сабзида юмшоқ чириш (қўзғатувчилар Erwinia spp.), оқ чириш, юмшоқ мукороз (Rhizopus spp.), қуруқ фузариоз (Fusarium roseum) ва қизилмия чириши (Centrospora acerina) қайд этилган. Бу тажрибаларда чиришни камайтирадиган энг муҳим фактор кавлаб олинган сабзини жуда тез 0°С гача совутиш эканлиги, у қанча тез совутилса, унинг омборхонада чириши шунчалик камайиши исботланган (MacNab et al., 1983).
Do'stlaringiz bilan baham: |