Қўзғатувчиларнинг белгилари. Olpidium brassicae. Таллом 1 ҳужайрали, зпидермис, гипокотиль ёки илдиз ҳужайраларининг ичида яшайди. Кейинчалик яланғоч протопласт (таллом) зооспорангийга айланади. Зооспорангийлар думалоқ, диаметри 12-20 мкм, узун бўйинчали. Кўчат ва ниҳолларни зооспорангий ичида ривожланиб, чиқадиган зооспоралар илдиз бўғзи яқинидаги тешикча (устьица) лар орқали кириб зарарлайди. Зооспоралар думалоқ, узунлиги 17 мкм келадиган битта хивчинчали, рангсиз, диаметри 3 мкм. Тиним даврини ўтувчи спора (циста) лар думалоқ, қобиғи қалин, сўгалчалар билан қопланган, рангсиз ёки оч-сариқ, диаметри 8-25 мкм, тупроқда яшовчанлигини бир неча йил сақлайди. Ўзбекистонда қайд этилмаган.
Pythium debaruanum. Мицелий ҳужайраларга бўлинмаган, гифаларнинг эни одатда 5 мкм. Зооспорангийлар гифалар учида ва ўртасида ҳосил бўлади, улар думалоқ ёки тухум шаклли, диаметри 15-26 мкм, ўртача 19 мкм, ўсимта ёки, томчи намлик мавжудлигида - зооспоралар пайдо қилиб ўсади. Оогонийлар кўпинча думалоқ шаклли, диаметри 15-28 мкм, ўртача 21 мкм, гифалар учида ва ўртасида ҳосил бўлади. Ҳар бир оогонийга 1-6 тадан антеридий ҳосил бўлади, моноклин ва диклин типида. Ооспоралар силлиқ, аплеротик, диаметри 12-20 мкм, ўртача 17 мкм, тупроқда камида 4-5 ой мобайнида, тиним даврини ўтиб, ўсимта ёки зооспорангий ва зооспоралар ҳосил қилиб ўсади. Ўзбекистонда учраши аниқланмаган.
Plendomus lingam қўзғатган касалликни илмий адабиётда, замбуруғнинг синонимик номи асосида, "фомоз" деб аташади. Пикнидалар зарарланган тўқималарда гуруҳ-гуруҳ бўлиб ривожланади ва бир-бири билан бирикиб, қорақўтирга ўхшаш структураларни пайдо қилади. Конидиофоралар цилиндр шаклли, рангсиз, узунлиги 8 мкм. Конидия (пикноспора) лар 1 ҳужайрали, узунчоқ-цилиндр, эллипсоид ёки деярли тухум шаклли, баъзан бироз эгилган, ўлчами 3,5-6x0,8-2 (3) мкм, ичида 2 та ёғ томчиси мавжуд.
Ниҳол касалликлари дунёнинг барча минтақаларида, айниқса, иссиқхоналарда кенг тарқалган. Ўзбекистон ва қўшни давлатларда бу замбуруғлар (асосан Rhizoctonia solani ва Plendomus lingam) туфайли кўчатларнинг 50 фоизи ва ундан ҳам кўпроғи чириб кетиши кузатилади.
Қўзғатувчиларнинг кўпчилиги карамдан ташқари помидор, сабзи, бодринг, лавлаги ва бошқа экинларни ҳам зарарлайди. Касалликка карамнинг айниқса, янги униб чиққан уруғпалла ва ёш ниҳоллари чидамсиз. Зарарланган ниҳоллар сарғаяди, сўлғин бўлиб қолади, поянинг пастки қисми ва илдиз бўғзи қораяди, ингичкалашади, буришади ва чирийди. Ниҳоллар заифлашади, йиқилганлари бутунлай чирийди, тупроқдан осон суғурилиб чиқади.
Ризоктониоз карамни бутун ўсув даврида зарарлайди. Зарарланган кўчат далага кўчириб экилгандан сўнг, унинг пастки қисмлари доғлар билан қопланади ва чирийди. Далада намлик мавжуд бўлганида ҳамда омборхоналарда замбуруғ карам бошларига тарқалади ва уларни чиритади.
Фомоз билан зарарланган уруғпалла ва ёш ниҳолларнинг баргларида қўнғир доғ ва пикнидалар, илдизларида эса кулранг доғлар ва пикнидалар пайдо бўлади. Зарарланган, аммо фомознинг ташқи белгилари бўлмаган карам бошларининг баргларида омборхонада қуруқ, қора доғлар пайдо бўлади, барглар шилимшиқланади, карам ўзагида доғлар, қуруқ чириш ва каваклар пайдо бўлади (Бўриев ва б., 2002)
Қўзғатувчи замбуруғларнинг барчаси ўсимлик қолдиқларида ва тупроқда, баъзилари (Rhizoctonia solani) омборхоналарда карам бошларида, бошқалари (Plendomus lingam) уруғда сақланади; одатда касаллик иссиқхонадан далага зарарланган кўчатлар билан тарқалади.
Do'stlaringiz bilan baham: |